Ўзбекистон | 19:36 / 23.06.2022
23032
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг “суверен демократик республика” таърифини ўзгартириш таклиф этилмоқда

Конституциянинг 1-моддасидаги “Ўзбекистон – суверен демократик республика” деган жумлани “Ўзбекистон – суверен, ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий давлат” деб ўзгартириш масаласи қонун лойиҳасига киритилган.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Конституциясининг 1-моддасини ҳам ўзгартириш таклиф этилмоқда. Бу ҳақда депутат Иномжон Қудратов маълум қилди.

“Қонун лойиҳасида бевосита биринчи моддасига эътибор қаратадиган бўлсак, “Ўзбекистон – суверен демократик республика”, деган жумлани “Ўзбекистон – суверен, ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий давлат”, дея ўзгартириш белгиланяпти”, деди Қудратов.

У бу ҳақда 23 июн куни ЎзЛиДеП ва “Миллий тикланиш” партиялари фракцияларининг қўшма йиғилишидан кейин ОАВга берган интервюсида айтиб ўтди.

“Мана шу норманинг ўзи Конституция ислоҳотида илгари сурилаётган таклифларнинг барчасини қамраб оляпти”, дея 1-модданинг янги таҳрири бўйича таклифга изоҳ берди депутат.

23 июнда парламентдаги барча партиялар фракциялари Конституцияни ўзгартиришга оид қонун лойиҳасини ялпи мажлисда биринчи ўқишга киритишни қўллаб-қувватлади.

Эслатиб ўтамиз, амалдаги Конституциянинг 1-моддасида: “Ўзбекистон – суверен демократик республика. Давлатнинг Ўзбекистон Республикаси ва Ўзбекистон деган номлари бир маънони англатади”, дея белгилаб қўйилган.

Акмал Саидов раислигидаги Конституциявий комиссия ишлаб чиққан таклифлар асосий қонуннинг 66 та моддасига 170 дан ортиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади. Қонун лойиҳаси ҳозирча жамоатчиликка очиқланмаяпти.

Мавзуга оид