Business class | 20:57 / 27.06.2022
228970
5 дақиқада ўқилади

$100 минг топсангиз, камида $50 минг соф фойда — интерьер дизайн бизнеси

Бу соҳада ҳатто талабалар ҳам 6-7 миллион ойлик олишяпти. Асосий харажат сарфланган вақт экани ҳисобига, топилган даромаднинг ярми бизнесменнинг чўнтагида қолади. Қурилишлар “пойгаси” кетаётган Ўзбекистонда бу хизматга талаб тўхтовсиз ўсиши ҳам аниқ. Business Class'нинг янги сони қаҳрамонлари – ўз студиясини очган ёш архитекторлар.

Ака-ука Асқар ва Анвар Хидировлар 10 йилдан бери интерьер дизайн соҳасида. Улар Insydrium (Inside the room – “хонанинг ичида”) номли ўз дизайнерлик студияларига асос солган.

“Укам билан ёшимиз деярли тенг, болаликдан ёзиш-чизишга жуда қизиқардик. 5-6-синфда илк марта компютердан фойдаланган бўлсак, кейинчалик турли ўйинлар яратиб кўрдик, унга атайлаб вирус тушириб қўйган вақтларимиз ҳам бўлган. Мана шундай ўйинлар қандай, ким томонидан чизилади, деган саволлар онг остимизга жо бўлганди.

Болалик йиллари ўтгач, касб танлаш масаласи кўндаланг турарди. Акам ижтимоий фанлар соҳасида ўқирди. Аммо менга тарихиям, ҳуқуқиям ёқмасди. Касб танлашимга архитектор қўшнимиз сабаб бўлган десам ҳам бўлади. Негаки, уларнинг ҳаёт тарзида ўзимни кўргандек бўлардим. Шундай қилиб, 2011 йилда архитектура йўналишига биринчи йили ўқишга кириб кетдим.

1-курслигимизда соҳамизга доир жуда кам таълим беришгани кўнглимни хира қилган. Шунда 2-курсдан бошлаб дўстларим билан 3D Max, AutoCAD дастурларини мустақил ўргана бошлашга қарор қилдик. Ўқишни битиргач, тўплаган тажрибам сабаб Murad Buildings компаниясига ишга жойлашдим.

3 йил вақт ўтгач, ўзимда ҳам бизнес бошлаш хоҳиши пайдо бўлди. Маълум бир корхонада ходим бўлиб ишлаш ва мустақил бизнес бошлаш ўртасида катта фарқ борлигини ўшанда англаб етдим. Укам билан шок ҳолатига тушиб қолгандик. Кўплаб хатолардан кейин расман 2019 йилда ўз бизнесимиз – Insydrium'га асос солдик”, дейди Асқар Хидиров.

Жиззахда бино қулаб тушди…

2021 йил 10 январ куни Жиззах шаҳридаги ҳали қурилиши тугамаган 6 қаватли бино қулаб тушган эди. Эътиборлиси, қаҳрамонларимиз шу куни эрталаб айнан ўша бинода бўлишган.

“Жиззахга ота-онамизни кўришга боргандик. Ўшанда бир бино эгаси иккита хона борлиги, унинг биринчисини дизайн қилиб беришимизни сўради, иккинчисини эса агар зарурат бўлса қўшиб юборишни айтган. Хона дизайнини тугатдик. У киши иккинчи хонани қилиш шарт эмаслигини айтди, биз ҳам ҳеч қандай гап-сўзларсиз кўндик.

Тошкентга қайтиш чоғи айнан биз дизайни билан шуғулланган бино қулаб тушгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Агар биз иккинчи хона дизайнини бошлаганимизда, билмайман, нима бўларди. Бир ўлимдан қолганмиз…”

Insydrium қандай хизматларни таклиф қилади?

Компания асосан ички дизайн интерьери билан шуғулланади. Қўшимча равишда хона таъмири, мебел, техника ва пардалар билан боғлиқ хизматларни ҳам таклиф этади.

“Хона дизайнини чиройли чизиб берсак-да, усталар айби билан хоҳлагандек натижа бўлмаслиги мумкин. Қўшимча хизматлар таклиф қилишдан мақсад ҳам шу”.

“Ҳозир қурилиш соҳасига катта инвестиция киритиляпти”

Бизнес сифатида қараладиган бўлса, бу соҳа ўртача даромад келтиради, фақат пул учун эмас, соҳага қизиқиб бошлаш керак, дейди суҳбатдошларимиз. Уларнинг айтишича, жамоани яхши тузиш ҳам муҳим.

“Қурилиш соҳасига катта инвестиция киритиляпти ва агар профессионал тарзда ишланса, бозор ўзи тортиб кетаверади. Ҳозирда B2C, B2B, B2G шаклларида  ишлаш имконияти соҳанинг нақадар кенглигини кўрсатиб турибди”.

Business Class лойиҳасининг асосий эътибор қаратадиган жиҳатлари – бу бизнесдаги рақамлардир. Бошлаб олиш учун қанча сармоя кетади, харажатлар ва албатта, бу бизнесдан қанча даромад кўриш мумкин деган барча саволларга жавоб олишга уриндик.

YouTube'да видеони тўлиқ томоша қилинг ва изоҳ қолдиринг. Энг қизиқарли ва креатив изоҳ эгаси деб топилган 1 кишига замонавий, қимматбаҳо лампа тақдим этилади. Конкурсда 2022 йил 27 июлгача ёзилган изоҳлар иштирок этади.

Business Class бизнесни ичкаридан кўрсатишда давом этади. Бизни кузатиб боринг, бир-биридан қизиқ компаниялар ҳали олдинда.

Ижодий жамоа:
Элдор Абдулвоҳид
Нуриддин Нурсаидов
Абзал Тиллахўжаев
Иброҳим Саматов
Афзалбек Муҳаммаджонов

6 ой давомида “Business Class” промокоди орқали буюртма берсангиз, Insydrium хизматларидан 20 фоиз чегирмани қўлга киритасиз.

Буюртма бериш

Insydrium билан алоқа:

+998 99 494 44 54

Мавзуга оид