Ўзбекистон | 11:33 / 28.06.2022
7025
2 дақиқада ўқилади

“Совкомбанк” “Ўзагроэкспортбанк”ни харид қилиш бўйича битимни бекор қилди

“Совкомбанк” “Ўзагроэкспортбанк”ни 4 миллион долларга сотиб олишни назарда тутувчи битимни бекор қилди. Сабаб сифатида иқтисодий санкциялар келтириб ўтилган.

Фото: Ведомости

Россиянинг хусусий банклар орасида катталиги жиҳатидан учинчи ўринда турувчи “Совкомбанк” банки Ўзбекистон Давлат активларини бошқариш агентлиги билан тузилган “Ўзагроэкспортбанк”ни тўлиқ сотиб олишни назарда тутувчи битимни бекор қилди. Бу ҳақда “Совкомбанк” бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Сергей Хотимский маълум қилган.

“Афсуски, бизга, шунингдек, Россиянинг деярли барча тизимли банкларига нисбатан санкциялар жорий этилди. Ҳозирги шароитда лойиҳани амалга ошириш имконсиз. Томонларнинг ўзаро қарорига кўра битим бекор қилинди”, — дея маълум қилган банк матбуот хизмати.

АҚШ жорий йилнинг февраль ойи охирида “Совкомбанк”га нисбатан санкциялар киритганди. Кейинчалик бир қатор бошқа давлатлар томонидан ҳам худди шу каби қарорлар қабул қилинди.

“Ўзагроэкспортбанк”ни Россия “Совкомбанк”ига сотиш бўйича битим 2022 йилнинг 23 февралида тузилган эди. Унга кўра, “Совкомбанк” “Ўзагроэкспортбанк”нинг 100 фоиз давлат улушини 4 миллион долларга сотиб олиши керак эди.

Маълумот учун, “Ўзагроэкспортбанк” 2017 йилда ташкил этилган. Банкнинг асосий фаолияти агросаноат соҳасидаги ишлаб чиқарувчилар ва экспортчиларни қўллаб-қувватлаш ҳисобланади.

Мавзуга оид