Жаҳон | 12:06 / 28.06.2022
4907
2 дақиқада ўқилади

Ёқутистонда ўрмон ёнғинлари сабабли фавқулодда ҳолат жорий этилди

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, ўтган сутка давомида Ёқутистон ўрмонларида ёнғинлар сони икки баравар кўпайган. Минтақада 60 та ўрмон ёнғини қайд этилган.

Фото: Picture Alliance

Ўрмон ёнғинлари муносабати билан бутун Ёқутистон бўйлаб минтақавий хусусиятга эга фавқулодда ҳолат режими жорий этилди. Тегишли фармонни 28 июнь, сешанба куни республика раҳбари Айсен Николаев имзолади.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, ўтган сутка давомида Ёқутистон ўрмонларида ёнғинлар сони икки баравар кўпайган. Вилоятда 60 та ўрмон ёнғини қайд этилган. Ёнғин билан қопланган ҳудудларнинг умумий майдони 55,5 минг гектардан ошади. Ёнғинларни ўчиришга 772 киши, 35 дона техника жалб этилган. Республика Экология вазирлиги маълумотларига кўра, «Авиалесоохрана» федерал хизматининг яна 160 нафар парашютчи-десантчиси яқин кунларда Ёқутистонга етиб келади. 

Жорий йилда илк ўрмон ёнғинлари Ёқутистон ҳудудида май ойи ўрталарида қайд этилди, деб хабар беради «Интерфакс» ахборот агентлиги. 2021 йилда республикада мавсум бошидан буён қайд этилган барча ёнғинлар майдони сўнгги ўн йилдаги рекорд кўрсаткичдан ошиб, қарийб 8,5 миллион гектарни ташкил этди. Бу йил об-ҳаво маълумотларига кўра, вилоятда яна жазирама ёз кутилмоқда. 

Мавзуга оид