Спорт | 22:31 / 30.06.2022
28445
10 дақиқада ўқилади

Ҳокимларга боғлиқ футбол, ЎФАга эълон билан ишга олиниши ва ЖЧ-2022 саралашидаги шармандалик ҳақида Азамат Абдураимов билан суҳбат

Ўзбек футболи афсоналаридан бири, ҳозирда мураббий бўлиб ишлаётган Азамат Абдураимов журналист Филипп Гаджилига интервю берди. Мураббий суҳбат давомида ўзбек футболидаги муаммолар ва ривожланиш учун нима қилиш керак экани ҳақида гапирди.

Фото: Tribuna.uz

– Икки йил аввал ёшлар жамоасини бошқараётган эдингиз, кейин коронавирус сабаб кўп нарсалар ўзгариб кетди. Ҳозир нималар билан бандсиз?

– Ҳа, у жамоа билан икки йил давомида ишладим. Бу жамоада ишлаш мен учун яхши чақирув бўлганди, чунки ёш футболчилар руҳий ва жисмоний жиҳатдан катталардан фарқ қилади. Икки йил давомида бутун мамлакатни айланиб, истеъдодли футболчиларни изладим. Бу жамоада ҳаммаси ҳаққоний эди – ким кучли бўлса, ўша ўйнарди.

Менга кўп қўнғироқлар бўларди, аммо бизнинг жамоада олифта футболчилар йўқ эди. Саралашдан ўтиб, Осиё чемпионатига йўл олдик. Қитъа биринчилиги орқали ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига ҳам чиқмоқчи эдик, лекин коронавирус режаларни ўзгартириб юборди.

Ҳозир Сергей Арслонов билан бирга «Нур» номли ҳаваскор клуб ташкил қилиб, унга турли сабаблар билан профессионал клубларга қабул қилинмай қолган футболчиларни тўплаганмиз. Ҳозир клубнинг ҳамма харажатлари ўзимга қолган, форма олишдан тортиб барча тўловларгача. Ҳозирда Иккинчи лигада етакчилик қиляпмиз, ҳомий топа олсак, Биринчи лигага чиқиш вазифасини қўйишимиз мумкин.

Шу ўринда Сергели ҳокими Элбек Шукуровга раҳмат айтмоқчиман, у бизнинг жамоамизни ўз қанотига олиб, мени спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинлади. Унга ўхшаган раҳбарлар сабаб бизда футбол ривожланиши мумкин.

– Молиялаштириш ҳақида гапирдингиз, бизда клублар қандай ва ким томонидан молиялаштирилади?

– Клубнинг хўжайини ким эканига боғлиқ. Жамоа каттароқ компания қарамоғида бўлса, пул билан боғлиқ муаммо бўлмайди. Масалан, «Бунёдкор»ни нефтогаз комплекси молиялаштиради, ОКМК ва «Металлург»ни металлургия комплекси.

Бошқача вариантлар ҳам бор. Масалан, мен 10 йиллар аввал Самарқанднинг «Динамо» жамоасида ишлаганман. Клуб маҳаллий ҳокимлик балансида эди. Эсимда, мавсум бошида вилоят ҳокими тадбиркорлар ва банк вакиллари иштирокида мажлис ўтказарди. Йиғилишлардан бирида ҳоким мени кўрсатиб «Кўряпсизларми, бу Азамат Абдураимов, у «Динамо»миз мураббийи. Ёрдам бериш керак», деганди. Аммо бунақа усул билан жамоанинг барча харажатларини қоплаб бўлмайди. Футбол бизда фойда келтирмайдиган соҳа, шу учун давлат маблағларисиз яшаб кетиш қийин.

– Наҳотки катта компания кўринишидаги ҳомий бўлмаса, клуб барбод бўлади?

– Ҳаммаси вилоят, шаҳар, корхона – клуб тегишли бўлган ташкилот раҳбари кимлигига боғлиқ. Оддий мисол, Қашқадарёнинг собиқ ҳокими Нуриддин Зайниев ҳақиқий футбол мухлиси эди. Унинг раҳбарлигида Қашқадарёда футбол ривожланиб, «Насаф» 2012 йил ОФК кубогини қўлга киритганди. Бу ўзбек клубларининг расмий халқаро мусобақалардаги ягона ғалабаси ҳисобланади. Ҳозирда «Сўғдиёна» яхши натижалар қайд этмоқда, чунки Жиззах ҳокими Эргаш Солиев футболга қизиқади. Вилоятда академия қуришмоқда, аёллар жамоасида ҳам яхши шароитлар қилиб берилган.

– Президент яқинда спортга кўп пул ажратилаётгани, аммо натижа бунга мос эмаслигини танқид қилди. Спорт одамлар орасида оммалашиши учун нима қилиш керак?

– Биз ёш миллатмиз, албатта одамларни спортга, соғлом турмуш тарзига тарғиб қилиш керак. Мен Иккинчи лига клуби бош мураббийиман, ўз навбатида «Бунёдкор» фахрийлар жамоасида ўйнайман. Бу жараёнда кўряпманки, Тошкентда стадионлар йўқолиб боряпти. Уларнинг ўрнига бинолар қурилиб кетяпти. Бизга стадионлар етишмаяпти, борлари эса эрталабдан кечгача банд. Маҳаллаларда мини стадионлар қурила бошланди, аммо улар ҳам етарли даражада эмас.

Спорт оммавий тус олиши учун у билан шуғулланадиган масканлар кўп бўлиши керак. Янги спорт комплекслари қуриш керак, борларидан эса фойдаланиш зарур. Мактабларда стадионлар, спортзаллар, ташкилотлардаги спорт объектлари – барчаси ёшлар учун очиқ бўлиши керак.

– Менимча, футболга бўлган қизиқиш ҳам тушиб кетгандек.

– Мухлислар трибуналарни тўлдириши учун уларга шароит яратиб бериш керак. Масалан, мен футболга борсам, у ерда яхши овқат топа оламанми? Болалар учун кўнгилочар жой, тоза ҳожатхона борми? Буларнинг ҳаммаси жуда муҳим. Футбол ривожланган мамлакатларда у маданият турига, оилавий бориладиган томошага айланган. Агар ота ўғлини кўтариб стадионга олиб борса, 20 йилдан кейин ўша бола ўз боласи билан стадионга боради.

Футбол бизнесга айланган, дунёнинг кўп мамлакатларида ёшлар футболни оиласининг моддий аҳволини яхшилаш учун танлайди, бизда ҳам шундай қила бошлашди, чунки футбол кўп пул тўланадиган соҳа. Мана шу ижтимоий лифт ишлаши керак.

– Бизда катта ғалабалар камайиб кетгандек. Бир вақтлар Осиё ўйинларини ютгандик, ҳозир эса ЖЧ саралашининг ҳал қилувчи босқичига ўтолмай юримиз.

– Нега биз Осиё ўйинларида ғалаба қозонгандик? Чунки футболчилар иттифоқ чемпионатидаги жамоаларда яхши тажриба тўплаганди. 1997 йил ҳам ЖЧга чиқишга яқин келганмиз, аммо Тошкентдаги БАА билан ўйиндаги мағлубият йўлимизга тўсиқ бўлган. Ўшанда бемалол мундиалга чиқишимиз мумкин эди.

Бизнинг авлодда муаммо шунда эдики, кўпчилик Ўзбекистон миллий жамоасига фаолиятининг охирида етиб келди. Биздан кейинги авлод ҳақида гапирадиган бўлсам, унда футбол даражаси туша бошлаганди. Тасаввур қилинг, «Спартак» билан ўйнаб юрган «Пахтакор» кейинчалик «Гулистон» ёки «Хоразм» билан ўйнай бошлади.

Лекин охирги йилларда футболимизда ютуқлар бўлди, айниқса ёшлар мусобақаларида. Аммо ЖЧ-2022 саралашидаги натижалар шунчаки шармандалик. Ўз тарихимизда илк марта саралашнинг ҳал қилувчи босқичига чиқа олмадик. Абрамов катта гапирганига қарамай, натижа қила олмади. Биз Саудияга қарши ҳар икки ўйинда енгилдик. Ҳеч қайси мураббийга Абрамовга бўлганидек шароит қилиб берилмаган, аммо айнан унинг даврида биз шармандали натижаларни кўрдик.

– Бундан келиб чиқадики, биз маҳаллий мураббийлардан воз кечиб хорижлик мураббийларга эътибор беришимиз керакми?

– Йўқ, албатта. Бизда мураббийлар мактаби ёмон эмас, яхши номларни келтириш мумкин. Масалан, Рўзиқул Бердиев. Аммо негадир ЎФА билан яқин бўлган одамларга имконият берилди. Таниш-билишчилик бизнинг оғриқли муаммомиз ҳисобланади. Аммо шуниси аниқки, футболни ислоҳ қилмай биргина мураббий билан ҳеч нимани ўзгартира олмаймиз.

– Муаммолар тизимли кўриниш олган деб ўйлайсизми?

– Шундай. Ҳозир энг муҳими қаерда эканимизни тан олишимиз керак. 2018 йил миллий жамоамиз мундиалга чиқа олмаганда, ёшларимиз ҳам жаҳон чемпионатларидан қуруқ қолганда, биз энг тубигача тушдик деб ўйлагандим, лекин бу ҳали ҳаммаси эмаскан. Айтайлик, авваллари биз Осиёнинг энг кучли беш жамоаси сафига кирардик, кейин ўнликка тушиб қолдик. Ҳозир қитъанинг энг кучли 10 жамоасидан бири ҳам эмасмиз (аслида Ўзбекистон Осиё жамоалари ўртасида топ-10 га қайтди – тарж.). Шу сабаб футболда ислоҳотлар қилиш керак.

– Нима қилиш керак деб ўйлайсиз?

– Нима қилишни истаётганимизни ҳал қилиб олишимиз керак. Кадрлар муаммоси энг жиддий муаммолардан бири. Масалан, бизда футбол менежерлари, футбол агентлари ёки юристлар тайёрланмайди. Умид Аҳмаджонов вақтида ҳатто ЎФАга эълон бўйича ишга олишган. Футбол эса ҳаваскорларни ёқтирмайди, бизга ўз ишини тушунадиган профессионаллар керак.

Яна бир нарса, ҳамма яхши футболчи ҳам кейинчалик яхши мураббий, яхши менежер бўла олмайди. Аммо бу борада яхши ҳолатлар ҳам бор. Дунё футболида ўз обрўйига эга бўлган Равшан Эрматов ЎФА биринчи вице-президенти бўлди. Ёки бўлмаса Одил Аҳмедов яқинда ЎФАга лавозимга тайинланди. Одил майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам етакчи эди. У Наманганда ўз академиясини очди. Ишончим комил жамоа тарбияланувчилари миллий жамоагача етиб боради.

– Тизимнинг ўзида қандай ўзгаришлар қилиш керак?

– Футбол миллионлар ўйини, бизда уни ривожлантириш учун аввало муаммоларни айтишдан қўрқмаслик керак. Муаммоларни таҳлил қилиб, шароитларимизни дунё даражасига яқинлаштиришимиз керак. Масалан, ҳалигача ПФЛ директорини ЎФА тайинлайди, танлаш имконияти қолмайди. Бир вақтлар, сайлов бўлади, номзодларни сайлов кампанияси таклиф қилади, деб айтишганди. Мен кўп марта айтганман, ЎФА қошида ҳам мураббийлар кенгаши бўлиши керак, улар жамоалар мураббийларининг ишларини таҳлил қилиши керак. Мураббий назорат қилинмаса, ўзига қулай ишни қилаверади.

– Болалар футболидаги ҳолат ҳақида нима дея оласиз?

– Ёшлар жамоаси мураббийи сифатида бутун мамлакатни кездим ва айтишим мумкинки, Қарши ва Тошкентдаги академиялар кучли. Водийда доимгидек истеъдодлар жуда кўп. Лекин вилоятларда аҳвол сезиларли даражада ёмон. Бизда ёшлар футболида асосий эътибор натижага қаратилган, футболчини бир вақтнинг ўзида инсон қилиб тарбиялашга ҳам эмас. Европада айнан шундай қилишади. Мураббийнинг вазифаси ёшларни катта ўйинларга тайёрлаш. Муҳими охирида бўладиган натижа, бугунги ва ҳозирги натижа муҳим эмас.

Ўзбек футболи ўлгани йўқ. Ҳа, муаммолар бор, лекин яхши натижалар ҳам бор. Равшан Ҳайдаров жамоаси Осиё чемпиони бўлди, Темур Кападзе жамоаси эса бизда истеъдодлар борлигини исботламоқда. Футболимизни таниш-билишчилик, келишилган ўйинлардан тозаласак, ёш футболчиларга катта футболчи бўлиш имконини берсак, стадионларимизга яна қизиқарли ўйинлар қайтади.

Филипп Гаджили суҳбатлашди.

Мавзуга оид