Жаҳон | 08:18 / 30.06.2022
27225
3 дақиқада ўқилади

Россия Норвегиядан Шпицбергенга юкларни ўтказишни талаб қилди ва жавоб чоралари билан таҳдид қилди

Норвегия Россия ҳудудига муҳим юкларни киритишдан бош тортмоқда, дея маълум қилди Россия Ташқи ишлар вазирлиги. Норвегия ҳукумати Украина билан уруш туфайли Россияга қарши жорий қилинган санкциялар доирасида юкларни тўсиб қўйган.

Шпицберген / Фото: Getty Images

Норвегия Россия ҳудудига муҳим юкларни киритишдан бош тортмоқда, дея маълум қилди Россия Ташқи ишлар вазирлиги. Норвегия ҳукумати Украина билан уруш туфайли Россияга қарши жорий қилинган санкциялар доирасида юкларни тўсиб қўйган.

Россия Норвегияга Шпицберген архипелагидаги рус ҳудудига таъминотни қайта йўлга қўймаса, жавоб чоралари билан таҳдид қилди. 29 июнь, чоршанба куни Норвегиянинг Россиядаги муваққат ишлар вакили Сольвейг Россебё Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди, унга «Шпицбергенга «Арктикугол» давлат трести» федерал давлат унитар корхонасининг архипелагдаги иши учун муҳим бўлган юклар Норвегия томонидан тўсиб қўйилгани бўйича қабул қилиб бўлмайдиган вазият тўғрисида маълумот берилди», дейилади Россия Ташқи ишлар вазирлиги сайтидаги хабарда.

Маълумотда айтилишича, «Норвегия ҳудудида, Россия-Норвегия чегарасида трест ва Россиянинг Шпицбергендаги бош консуллиги фаолияти учун муҳим бўлган товарлар, жумладан, озиқ-овқат, тиббий асбоб-ускуналар, қурилиш материаллари ва транспорт воситалари учун эҳтиёт қисмлар тўсиб қўйилган». 

Можарога Норвегиянинг Шимолий Муз океанидаги Шпицбергенда Россия аҳоли пунктларига юборилган юкларга нисбатан санкцияларни енгиллаштиришдан бош тортиши сабаб бўлган. Рад жавоби «Арктикугол»нинг сўровига қайтарилди. Трест Баренцбург кончилар қишлоғи учун 20 тонна озиқ-овқат маҳсулотларини ўтказиб юборишни сўраган. Ушбу юк Мурманскдан архипелагга ягона Bring юк кемаси ёрдамида етказилади. Худди шу поселкада Россия Федерациясининг Шпицбергендаги бош консуллиги жойлашган. Баренцбургда ҳаммаси бўлиб 500 га яқин одам, шу жумладан кончилар яшайди. 

Норвегия Европа иттифоқининг аъзоси эмас, лекин Украинадаги уруш туфайли Россияга қарши жорий қилинган Европа иттифоқининг барча олтита санкциялар пакетини амалга оширишда иштирок этмоқда. Норвегиядан олинган хабарларга кўра, Россиянинг Шпицбергендаги аҳоли пункти учун юклар аслида тақиқ остига тушиши керак эмас, бироқ унинг катта қисми аввал Норвегия қитъа қисмида санкцияга киритилган товарларни тўсиб қўйиш қилиш учун масъул бўлган назорат пунктидан ўтиши керак. 

Шпицберген Норвегиянинг шимолий қирғоқлари ва Шимолий қутб ўртасида жойлашган ҳамда Норвегияга тегишли. Шу билан бирга, Россия, 1920 йилда имзоланган шартномага кўра, ушбу архипелагдаги конларни ўзлаштириш ҳуқуқига эга. Шпицбергендаги баъзи аҳоли пунктларида асосан руслар истиқомат қилади, аммо сўнгги ўн йилликларда уларнинг сони сезиларли даражада камайди. 

Аввалроқ Литва ЕИ санкциялари остига тушган товарларнинг Россия асосий ҳудудидан Калининград областига темирйўл транзитини тўхтатган эди. Россия минтақаларидан Калининградга етказилган барча юкларнинг деярли 50 фоизи Европа иттифоқи тақиқига тўғри келди. 

Мавзуга оид