Улар айбсиз эканига ишонишарди, аммо... Ноҳақ қатл этилганлар
Тарихда кўплаб одамлар тергов ва судларнинг хатоси туфайли ноҳақ айбланиб, қатл қилинган. Айримлари тириклигида, айримлари қатлдан сўнг оқланган.
Одил судловни излаб
Дунёнинг ҳеч бир давлатида бехато ишлайдиган адлия тизими яратилмаган. Бу эса агар ўлим жазоси амалда бўлса, айбсиз одамлар ўлимга маҳкум қилиниши муқаррар эканини англатади.
Америкада ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, 1987 йилда 349 одам ноҳақ ўлим жазосига ҳукм қилинган, уларнинг 23 нафарига нисбатан ҳукм ижро этилган. Бошқа тадқиқотда 1978–2007 йилларда ўлимга маҳкум қилинган инсонларнинг 126 нафари кейинчалик оқлангани ҳақида маълумот берилади.
Ўлим жазосини бекор қилиш тарафдорлари суд хатоси жуда қимматга тушишини таъкидлашади. Чунки ҳукм қайта кўриб чиқилган тақдирда ҳам, инсоннинг ҳаётини қайтариб бўлмайди. Қатлдан кейин бироз вақт ўтгач, айбсиз экани маълум бўлиб, оқланган инсонлар суд тарихида жуда кўп учрайди. Айрим мисолларни келтирамиз.
1. Стинни Жорж
Қайғули рўйхатда америкалик ўсмир Стинни Жорж алоҳида ўрин эгаллайди. У XX асрда қатл этилган энг ёш маҳкум бўлди – ҳукм ижро этилган пайтда у 15 ёшга тўлмаган эди.
Жорж 1944 йилда 8 ва 11 ёшли икки қизнинг ўлдирилиши иши бўйича судланган. Жиноят Жанубий Каролинанинг Алколу шаҳрида содир этилган. Шаҳарча темирйўл билан икки қисмга – оқ танлилар ва қора танлилар яшайдиган ҳудудга бўлинган.
Стинни Жорж қора танлилар ҳудудида яшаган. Март ойидаги кунлардан бирида икки қизалоқ гул териш мақсадида велосипедда ўша ҳудудга йўл олишади. Кейинчалик уларнинг жонсиз танаси ариқдан топилади.
Тергов талқинига кўра, Стинни улар билан гаплашган энг сўнгги инсон эди. Суриштирув 3 ой давом этади. Ўсмирнинг ота-онаси оммавий ўзбошимча суддан қўрқиб, шаҳарни тарк этишга мажбур бўлади.
Суд жараёни ҳам тез ўтган – асосий кўрсатмалар полиция томонидан берилади, улар “ишда иштирок этган шахс қотилликни тан олди” қабилидаги кўрсатмани беришади. Ҳакамлар ҳайъати 10 дақиқалик муҳокамадан кейин Жоржни айбдор деб топади. 1944 йил 16 июнда у электр стулда қатл қилинади. Ёш маҳкум қатлдан олдин йиғлайди.
Бу иш тафсилотлари фақат 2013 йилда ойдинлашган. Бир қанча далил унинг айбсиз эканини кўрсатади ва қатл этилганидан 70 йил ўтиб, 2014 йилда такрорий суд жараёни бўлиб ўтади. Унда Стинни Жорж айбсиз деб топилади ва оқланади.
2. Колин Кемпбелл Росс
Австралиялик Колин Кемпбелл Россни реабилитация қилиш учун деярли 90 йил керак бўлди. У 12 ёшли Алма Тиршкени зўрлаш ва қотиллик иши бўйича 1922 йилда осиб ўлдирилган.
Росс ўз қовоқхонасига эга эди. Унга қарши асосий далил тўшагидан топилган сарғиш соч толаси бўлган. Прокурор судни соч толаси айнан жабрланувчига тегишли эканига ишонтирган. Росс ўзининг айбдор эканини умуман тан олмаган. Шунга қарамай, у ўлимга ҳукм қилинди ва тўрт ойдан кейин осилди.
90-йилларнинг ўрталарида жиноят иши материаллари тадқиқотчи Кевин Морганнинг ихтиёрига тушади. У соч толаси жабрланувчига тегишли эканини текшириш учун замонавий усуллардан фойдаланган. Натижада прокурор айблови тасдиқланмаган. Бу ҳақда Морган шов-шувли китоб ёзади.
Росс ва Тиршке авлодлари ишни қайта кўриб чиқишни талаб қилишади. Виктория штати Бош прокурори айблов хулосаси нотўғри бўлганини тан олади ва Олий суд қатл этилган Россни айбсиз деб топиб, реабилитация қилади.
3. Уильям Хэброн
1876 йилда британиялик Уильям Хэброн ўлимга маҳкум этилади. Лондонда яшовчи 18 ёшли йигит полициячини ўлдиришда айбланиб, ҳибсга олинган.
Суд тақдим этилган далилларни йигитни осиш орқали ўлимга ҳукм қилиш учун етарли деб топади. Аммо қонунга кўра, фақат 19 ёшдан бошлаб ўлим жазоси қўлланиши мумкинлиги уни қутқариб қолади.
Хэброннинг яна бир неча ой умри бор эди. Бу вақт ичида ишнинг янги тафсилотлари очилади. Бу эса адвокатларга ҳукм устидан шикоят қилиш имконини беради: ўлим жазоси умрбод қамоқ жазоси билан алмаштирилади.
Бир неча йил ўтгач, 1879 йилда яна бир жиноятчи-рецидивист Чарлз Пис Хэброннинг “бўйнига илинган” полициячини ўлдирганини тан олади. Хэброн ўлим жазоси хавфи ва умрбод қамоқ жазоси азобларини бошидан кечириб, ниҳоят оқланади ва озодликка чиқади. Компенсация сифатида Хэбронга 800 фунт тўланган.
4. Хитойча одил суд: Хуужилт иши
Ички Мўғулистон пойтахти Хух-хото шаҳридаги жамоат ҳожатхонасида аёлни зўрлаш ва ўлдириш билан боғлиқ жиноят иши Хитойда жуда катта можарога сабаб бўлган.
Жиноят 1996 йил январь ойида содир этилган бўлиб, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари зудлик билан Хуужилт исмли маҳаллий фуқарони қўлга олишган. У ўз айбига иқрор бўлади, судланади ва июнь ойида қатл этилади.
Бу воқеалар қарийб 10 йил давомида эсга олинмайди. Агар маньяк-қотил Чжао Чжихун ҳибсга олинмаганида батамом унутилиб кетарди. У 10 та зўрлаш ва қотиллик билан боғлиқ жиноятлар, жумладан Хуужилт қатлига сабаб бўлган жиноят бўйича ҳам жавобгарликни зиммасига олади.
1996 йилги иш янги суд муҳокамасига қайтарилади. 2014 йил декабрь ойида Хуужилтга нисбатан чиқарилган ўлим жазоси ҳукми бекор қилинади. Суд Хуужилт ишини кўриб чиқишда жиддий камчиликларга йўл қўйилганини тан олади.
Хуужилтнинг қариндошларига Хитой стандартлари бўйича “катта миқдорда” товон пули: 30 минг юан, деярли 5 минг доллар тўлаб берилган.
Тергов натижаларига кўра, Хуужилт босим остида жиноятни тан олгани аниқланади. Ўттизга яқин мансабдор шахс жавобгарликка тортилади. Можаро шу қадар катта эдики, у Бутунхитой Халқ вакиллари кенгаши ва Халқ сиёсий маслаҳат кенгаши сессияларида суд ва прокурорларнинг йиллик ҳисоботининг асосий мавзусига айланади.
5. Сохта Чикатило
Ўлим жазоси ижро этилган, аммо кейинчалик ҳукм бекор қилинган энг машҳур россиялик маҳкум Ростов вилояти, Шахти шаҳрида истиқомат қилувчи Александр Кравченко эди.
У 1978 йил декабрь ойида 9 ёшли мактаб ўқувчисини зўрлаш ва шафқатсизларча ўлдиришда гумонланиб ҳибсга олинган. Кравченко олдин ҳам 10 ёшли қизга нисбатан жинсий зўравонлик ва қотиллик учун қамоқ жазосини ўтаган эди. Бу ҳолат унинг асосий гумондор бўлишига замин яратади.
Бироқ бу сафар Кравченкода алиби бўлган. Шунинг учун ҳам уни қўйиб юборишади. Лекин бир неча ой ўтгач, ўғриликда гумонланиб, яна қўлга олинади. Сўроқ пайтида у шов-шувли қотилликни ҳам бўйнига олган. 1979 йил 16 августда Ростов вилоят суди Кравченкони ўлимга ҳукм қилади. Маҳкум ариза билан мурожаат қилиб, ўзига туҳмат қилинганини ёзган. Шундан сўнг иш қайта кўриб чиқилиб, жазо 15 йиллик қамоққа алмаштирилади.
Аммо марҳум қизнинг қариндошлари ҳукмдан норози бўлиб, шикоят йўллашади. 1982 йил март ойида иш учинчи марта кўриб чиқилади, Кравченко яна ўлимга ҳукм қилинади ва кейинги йил отиб ташланади.
Кейинчалик 1978 йилдаги қотилликни ростовлик бошқа маньяк – Андрей Чикатило бўйнига олади. 1991 йилда Кравченко айнан шу иш бўйича оқланади.
6. Энди Дюфрейн (тўқима персонаж)
Стивен Кинг асари асосида режиссёр Фрэнк Дарабонт томонидан суратга олинган «Шоушэнкдан қочиш» фильми қаҳрамони Энди Дюфрейнни ким ҳам танимайди дейсиз. У ҳам суд томонидан ноҳақ айбдор деб топилган ва умрининг деярли 20 йилини қамоқда ўтказган. Юқоридаги қаҳрамонлардан фарқли ўлароқ, Дюфрейннинг ҳукми бекор қилинмаган, аммо у қамоқдан қочиб, озодликка чиқишга муваффақ бўлган. Фильмни томоша қилиб, ноҳақ айбдор деб топилган ва кўп йиллар давомида озодликдан маҳрум қилинган инсонларнинг кечинмалари ҳақида тасаввурга эга бўлиш мумкин.
Дюфрейн 2 та умрбод қамоқ жазосини олади, ваҳоланки у ўлимга маҳкум этилиши ҳам мумкин эди. Агар шундай бўлганида, Эндининг қамоқдан тирик чиқиши даргумон эди.
Инсон фаолиятининг ҳар қандай соҳаси каби суд ҳам хатолардан холи эмас. Аммо бу хатолар инсон ҳаёти билан боғлиқ, уни эса қайтариб бўлмайди. Юқоридаги мисоллар денгиздан томчи, холос.
Нурмуҳаммад Саид тайёрлади.
Мавзуга оид
18:52 / 25.12.2024
Трамп ўлим жазосини қўллашда қатъият билан давом этишини айтди
16:19 / 24.12.2024
Танқиддан сўнг: 2 боланинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди
18:12 / 23.12.2024
Байден ўлимга ҳукм этилган 37 нафар маҳбуснинг жазосини енгиллаштирди
21:28 / 18.12.2024