“Мирзиёевнинг тезкор реакциясини олқишлаймиз” — Евроиттифоқ Қорақалпоғистон воқеаларига муносабат билдирди
Европа Иттифоқи Қорақалпоғистонда рўй берган воқеаларга барҳам беришда президент Шавкат Мирзиёевнинг тезкор реакциясини эътироф этди. ЕИ ўз баёнотида ҳолат юзасидан очиқ ва мустақил тергов ўтказиш зарурлигини таъкидлаб, расмийларни ислоҳотлар жараёнини халқ билан бамаслаҳат олиб боришга чақирди.
“Европа Иттифоқи Ўзбекистон Конституциясига ўзгартишлар киритиш таклифи ортидан Қорақалпоғистонда рўй берган қонли воқеаларни очиқ ва мустақил тергов қилишга чақиради. Биз қурбонлар борлигидан чуқур афсусдамиз ва воқеалар ривожини яқиндан кузатишда давом этамиз.
Биз таклиф этилган конституциявий ўзгаришларга нисбатан жамоатчилик хавотирларига президент Мирзиёев томонидан тезкор реакция билдирилганини олқишлаймиз. Барча томонларни низо кескинлашиши ва зўравонликлар давом этишининг олдини олиш мақсадида ўз ҳаракатларида вазминликка чорлаймиз.
Европа Иттифоқи расмийларни Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларига биноан фундаментал инсон ҳуқуқлари, хусусан сўз эркинлиги ва йиғилиш эркинлигини таъминлашга чақиради.
Европа Иттифоқи Ўзбекистон билан кучли ва мустаҳкамланиб бораётган ҳамкорликка эга. Биз Ўзбекистоннинг ислоҳотларга интилишини қўллаб-қувватлашда давом этамиз ҳамда мазкур ислоҳотлар жараёнини халқаро ҳуқуқ ва умумэътироф этилган тамойиллар асосида, фуқаролар ва манфаатдор томонлар билан маслаҳатлашган ҳолда давом эттиришга даъват қиламиз”, – дейилади Европа Иттифоқининг дипломатик хизмати томонидан эълон қилинган баёнотда.
Юқоридаги баёнот эълон қилинган кун, 4 июлда Шавкат Мирзиёев ва Европа кенгаши президенти Шарль Мишель ўртасида телефон мулоқоти ҳам бўлиб ўтди.
Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати хабарига кўра, суҳбат аввалида давлат раҳбари “Янги Ўзбекистонда ортга қайтмас демократик ва ижтимоий-иқтисодий янгиланишларни амалга оширишда кўрсатилаётган ҳар томонлама кўмак учун” миннатдорлик билдирган.
Ўз навбатида, Еврокенгаш президенти Ўзбекистоннинг “кучли фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлат барпо этиш сари очиқ ислоҳотлар йўлини давом эттириш борасидаги саъй-ҳаракатлари”ни қўллаб-қувватлаган.
“Шу маънода Қорақалпоғистондаги вазиятнинг баъзи бузғунчи кучлар томонидан издан чиқарилишига йўл қўйиб бўлмаслиги алоҳида қайд этилди. Шарль Мишель жиноий унсурлар томонидан уюштирилган тартибсизликлар натижасида қурбон бўлганларнинг оилалари ва яқинларига ҳамдардлик сўзларини етказишни сўради”, дейилади хабарда.
Президент матбуот хизматига кўра, суҳбат чоғида Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг тайёрланишини якунига етказиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.
“Преференциялар бош тизими плюс” (GSP+) афзалликларидан фойдаланган ҳолда ўзаро савдо ва инвестицияларни кўпайтириш муҳимлиги таъкидланган.
- 25 июн куни Ўзбекистон Конституциясини такомиллаштиришга оид қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилган эди. Лойиҳага киритилган Қорақалпоғистонга оид таклифлар қорақалпоқ жамоатчилигида турлича қарши олинди.
- 1 июл куни Нукус шаҳри марказида оммавий намойиш бўлиб ўтди. 2 июлда эса, расмийлар маълумотига кўра, номаълум шахслар Хўжайли туманидаги ҳарбий постга ҳужум уюштириб, қурол-яроғларни тортиб олган; шунингдек, Нукус халқаро аэропортига, Нукус шаҳридаги маъмурий қамоққа олинган шахслар сақланувчи Реабилитация марказига, Нукус шаҳар ИИБ биносига ҳужумлар уюштирилган.
- Президент Шавкат Мирзиёев 2 июл куни Қорақалпоғистонга етиб бориб, Конституциянинг мазкур автоном республикага оид моддалари ўзгаришсиз қолишини таъкидлади ҳамда бу таклифни Жўқорғи Кенгес депутатлари киритганини айтиб, уларга эътироз билдирди.
- Давлат раҳбарининг баёнотидан кейин тартибсизликлар барҳам топди. Қорақалпоғистон ҳудудида хавфсизлик ва тартибни сақлаш мақсадида 1 ойлик фавқулодда ҳолат жорий этилди.
- Ўзбекистон Бош прокуратурасига кўра, бу воқеаларда 18 киши ҳалок бўлди, 243 киши (шу жумладан 38 нафар ҳуқуқ органи ходими) жароҳатланди. Ҳолат юзасидан конституциявий тузумга тажовуз моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.
Мавзуга оид
17:38 / 25.12.2024
Мирзиёев МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этди
15:59 / 25.12.2024
Шавкат Мирзиёев Озарбойжон самолёти ҳалокати юзасидан ҳамдардлик билдирди
00:30 / 25.12.2024
Шавкат Мирзиёев Санкт-Петербургга борди
20:19 / 24.12.2024