«Провокаторлар ичкаридан туриб одамларни бошқаришди» — икки кунлик тартибсизликлардан кейинги Нукус
1 июл куни Қорақалпоғистонда бошланган намойишлар оммавий тартибсизликларга айланиб кетди.
Икки кунлик тартибсизликлар натижасида 18 киши ҳалок бўлган ва улардан тўрт нафари – ҳарбий хизматчилар. 243 нафар шахсга, жумладан, 38 нафар ҳуқуқ-тартибот органлари ходимига турли даражадаги тан жароҳатлари етказилди.
Шунингдек, юзага келган вазият оқибатида қатор объектлар ва фуқароларнинг уй-жойларига зарар етказилиб, яна бир нечта автомобиллар ёқиб юборилган.
Kun.uz мухбири 3 июл куни Қорақалпоғистон Республикаси маркази – Нукус шаҳрида бўлиб, оммавий тартибсизликлардан кейинги шаҳар, вазиятга гувоҳ бўлган фуқаролар ва ҳарбий хизматчилар фикрлари асосида репортаж тайёрлади.
Ёқилган автомобиллар ва зарар кўрган бинолар, блокпостлар, узилган интернет, ёпилган ошхоналар-у, атрофни назорат қилаётган қуролли ҳарбийлар.
Бу – ноқонуний митинг ва тартиббузарликлардан кейинги Нукус кўчаларининг ҳозирги кўриниши.
Қорақалпоғистон марказига сафар қиларканмиз, эътиборимизни тортган илк ҳолат ёқиб юборилган мана шу каби автомобиллар бўлди.
Анвар Абдураҳмонов юк автомобили намойишчилар томонидан ёқиб юборилганлардан бири. У нукуслик, аммо лизинг асосида сотиб олган юк автомобилининг рақами Тошкент шаҳрига тегишли эди.
У бизга ўтган икки кун давомида айрим намойишчиларнинг тажовузкор миллатчиликка қўл ургани ҳақида сўзлайди.
“Автомобилимнинг ёқиб юборилишига унинг Тошкент шаҳрига тегишли “01” рақами сабаб бўлган. Бу одамлар даладан келган одамлар бўлган, кимлигини билмайман. Машиналар, уйларни тошбўрон қилишди. Кеч соат 21-22 лар атрофида машинамнинг олдига келмоқчи бўлдим, лекин чиқолмадим.
Бу вазиятда тушунмовчилик бўлган. Бизнинг халқ кимгадир ёмонлик қиладиган одамлар эмас.
Бу – саводсизлик. Инсон саводли бўлса, бундай ишларни қилмайди”, – дейди Абдураҳмонов.
Биз шаҳарда давлат рақамисиз ҳаракатланаётган автомобилларни ҳам кўрдик. Ҳайдовчилар буни ўтган икки кун давомида давлат рақами Қорақалпоғистонники бўлмаган автомобиллар тошбўрон қилингани, эгалари эса сиқувга олингани билан изоҳлади.
Бу Қорақалпоғистондаги ҳарбий ҳоспитал. Ҳоспиталда намойишчилар билан тўқнашувларда турли даражада жароҳатланган ўндан ортиқ ҳарбий хизматчиларни даволашмоқда.
Ҳарбийлар бизга тўқнашувлар қандай келиб чиққани ҳақида сўзлаб берди.
“Намойишчиларга тинчланиши кераклигини тушунтирдик. Айримлари гапларимизни тушуниб ортга қайтди, лекин айримлари қайтишни истамади.
Мана шу тартибсизликларга чиққанлар орасида одамларни бошқариб, олдинга чорлаётган провокаторлар ҳам бор эди. Улар ўзи олдинга чиқмади, лекин бошқаларни тартибсизликка чақириб бошқариб турарди”, – дейди тўқнашувларда боши ёрилган бир ҳарбий хизматчи.
Намойишчилар яна бир ҳарбий хизматчининг қўлига темир арматура билан шикаст етказишган. Унинг айтишича, намойишчилар ҳарбийлардан Қорақалпоғистондан чиқиб кетишни талаб қилган.
Ҳозир Нукусдаги бошқа қатор касалхоналар ҳам тартибсизликлар оқибатида жароҳатланган беморлар билан тўлган.
Аниқланган ҳолатларга кўра, жами 243 нафар шахсга, жумладан 38 нафар ҳуқуқ-тартибот органлари ходимига турли даражадаги тан жароҳатлари етказилган. 18 киши ҳалок бўлган ва улардан тўрт нафари – ўз бурчини бажараётган ҳарбий хизматчилар бўлган.
516 нафар фуқаро тартиббузарликларда шубҳали дея топилиб, ИИБга етказилган, улардан аксарияти бирмунча вақтдан кейин маъмурий жарима қўлланган ҳолда қўйиб юборилган.
Биз намойишлар ва унинг сабаблари ҳақида маҳаллий аҳоли вакилларидан ҳам фикр олишга ҳаракат қилдик. Аммо кўпчилик камера қаршисида гапирмаслиги, лекин шахси сир қолиши кафолатланса, фикрларини айта олишини билдирди.
Улардан бирига кўра, бу воқеаларда гап фақат конституция моддаларида эмас.
“Даулетмурат Тажимуратовнинг ҳибсга олиниши ва маҳаллий раҳбарларнинг одамлар билан ўз вақтида, етарлича диалогга киришмагани ҳам вазиятни таранглаштирди. Мана, Мирзиёев келгач, намойишлар ҳам тўхтади-ку”, дейди у.
Айни вақтда Қорақалпоғистонда норозилик намойишлари, кўча юришлари тўхтаган. Ҳарбийлар ҳолатни назорат қилиб турибди.
Хавфсизлик ва жамоат тартибини сақлаш учун Қорақалпоғистон ҳудудида 3 июлдан бошлаб 1 ойлик фавқулодда ҳолат жорий этилган. Бу даврда соат 21:00дан 7:00гача комендантлик соати амал қилади.
4 июл куни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Европа Кенгаши президентлари Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали суҳбатда расмий Тошкентнинг мазкур воқеадаги тутган йўлини қўллаб-қувватлади. Шунингдек, Туркия ташқи ишлар вазири, Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили ҳамда Россия президентининг матбуот котиби Қорақалпоғистондаги вазият қайта изга тушишига ишонч билдирди.
Мавзуга оид
09:40
Оммавий тартибсизликларни молиялаштирганлик учун жавобгарлик белгиланади
14:07 / 06.08.2024
Бангладешда икки кун ичида 231 киши ҳалок бўлди
11:06 / 05.08.2024
Британияда тартибсизликлар туфайли яна 150 киши ушланди
09:00 / 05.08.2024