Ўзбекистон | 18:05 / 06.07.2022
20557
3 дақиқада ўқилади

«Ҳар қандай ёвуз фитна ва ҳаракатларга ўз вақтида ва кескин зарба беришга қодирмиз» — Шавкат Мирзиёев

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг изчил ва барқарор ривожланишидан манфаатдор бўлмаган турли бузғунчи ташқи кучлар ҳам мавжудлигини қайд этди.

«Ҳозирги вақтда дунёнинг турли минтақаларида янги кескинлик ўчоқлари пайдо бўлмоқда, миллатлар ва конфессиялар ўртасида қарама-қаршиликлар кучаймоқда, радикализм ва экстремизм хавфи тобора ортиб бормоқда.

Мана шундай таҳликали шароитда биз барқарорлик ва хавфсизлигимизга зиён етказадиган ҳар қандай таҳдид ва хатарларга кескин қарши туришимиз шарт.

Айни вақтда шуни эътироф этиш керакки, мамлакатимизнинг изчил ва барқарор ривожланишидан манфаатдор бўлмаган турли бузғунчи ташқи кучлар ҳам мавжуд. 

Ушбу кучлар томонидан юртимиздаги осойишта вазиятни издан чиқариш, фуқароларимизнинг ишончига кириб, уларни тўғри йўлдан чалғитишга қаратилган ғаразли мақсадлар амалга оширилди ва бундай уринишлар бундан кейин ҳам содир бўлиши мумкин», деган президент.

Шавкат Мирзиёев ўзбек халқи бугунги барча қийинчиликларни албатта муносиб равишда, мардона енгиб ўтишига ишонч билдирди.

«Халқимизни қатъий ишонтириб айтмоқчиман: давлатимиз, эл-юртимизга нисбатан душманлик кайфиятида бўлган бундай кучларнинг ҳар қандай ёвуз фитна ва ҳаракатларига ўз вақтида ва кескин зарба беришга қодирмиз. 

Ишончим комилки, биз бугунги барча қийинчиликларни албатта муносиб равишда, мардона енгиб ўтамиз. Чунки халқимиз азал-азалдан ўзининг донишмандлиги, мардлиги ва матонати, дўстлик ва тинчликсеварлик фазилатлари билан дунёда обрў-эътибор ва ҳурмат қозониб келади. 

Бундай эзгу қадриятлар бизнинг қонимизга, руҳимизга ёшлик чоғимиздан бошлаб чуқур сингиб кетган. Ва ҳеч ким уларни биздан тортиб ололмайди. 

Бугунги кунда бутун халқимиз ва жамоатчилигимиз янада жипслашиб, барча даражадаги раҳбарлар ҳушёрлик ва огоҳликни кескин ошириб, юртимизда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, мамлакатимизни жадал ривожлантириш, халқимизнинг фаровонлигини таъминлаш ҳамда одамларни рози қилиш борасида белгилаб олган вазифаларимизни амалга ошириш учун барча куч-имконият ва ресурсларни сафарбар этишимиз шарт», деди давлат раҳбари.

Мавзуга оид