Спорт | 19:45 / 08.07.2022
11762
3 дақиқада ўқилади

Зепп Блаттер ва Мишел Платини коррупция иши бўйича тўлиқ оқланди

Блаттер ва Платинига қарши жиноят иши очилишига Мишел Платини 2011 йилда 2 млн швейцар франки олганлиги асос бўлганди.

Фото: Reuters

Швейцария жиноят суди ФИФА собиқ президенти Зепп Блаттер ва УЕФА собиқ раҳбари Мишел Платини иши бўйича оқлов ҳукмини чиқарди. Улар товламачилик, камомад ва коррупцияда айбланганди. Бироқ суд Блаттер ва Платинининг барча ишлари қонуний бўлган деб эътироф этди. 

Мазкур иш 2015 йилда бошланганди. Ўшанда АҚШ федерал қидирув бюроси Швейцария полицияси билан операция ўтказган ва ФИФАнинг қатор амалдорларини коррупцион схемаларда иштирок этишда айблаб қўлга олганди. Натижада Зепп Блаттер ва Мишел Платини истеъфога чиқишга мажбур бўлди. Кейинроқ ФИФА ахлоқ қўмитаси Блаттер ва Платинини дисквалификация қилди.

Барча апелляциялардан сўнг Блаттерга олти йил ўн ойлик, Платинига тўрт йиллик жазо муддати берилди. ФИФА ўтган йили Блаттерни яна олти йил саккиз ойга дисквалификация қилди.

Зепп Блаттер ва Мишел Платинига қарши жиноят иши очилишига Платини 2011 йилда 2 млн швейцар франки олганлиги асос бўлганди. Ўшанда Зепп Блаттер ушбу маблағни ФИФА ҳисобидан тўлашга буйруқ берган. Улар бу 1998 йилдан 2002 йилгача, Платини ФИФА президенти маслаҳатчиси сифатида фаолият юритган даврда кўрсатилган консултация хизматлари учун қўшимча тўлов бўлганини билдирганди. 

Тергов тўлов борасида ҳеч қандай шартнома йўқлигига эътироз билдирди. Платини ФИФА президенти маслаҳатчиси бўлган вақтда йилига 300 минг швейцар франки миқдорида маош олган. Бундан 2 млн франк Мишел Платинига 2011 йилда ФИФА президентлигига сайловда қатнашмаслиги учун берилган деган хулосага келинди. У ўшанда ўз номзодини қайтариб олганди.

Аммо тергов давомида айбланувчиларнинг жиноий ҳаракатларини исботлайдиган далил топилмади. 

Зепп Блаттер ва Мишел Платини эълон қилинган айбловлар бўйича беш йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин эди, бироқ айблов томони ўз позицияси заифлигини тушунган ҳолда уларга шартли равишда 20 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазосини сўраган.  

Суд қарорида айтилишича, 1998 йилда Платинига 2 млн швейцар франки тўлаш борасида оғзаки келишув бўлган. Платини тарихдаги энг яхши футболчилардан бири бўлгани ҳисобга олиниб, унинг маоши йилига 1 млн франкдан кам бўлмаслиги таъкидланган. 

«Мен биринчи раундни ютдим. Аммо бу жараёнда қатнашмаган ғаразгўй инсонлар бор. Уларга яна учрашишимизга ваъда бераман. Мен таслим бўлмайман ва охиригача бораман»,— деди Мишел Платини.

ФИФА бу борада ҳозирча изоҳ бермаслигини, суд қарори билан танишиб чиқишини билдирди.

Мавзуга оид