Ўзбекистон | 19:29 / 11.07.2022
18725
3 дақиқада ўқилади

Энди ҳуқуқ-тартибот идораларига чақирилган фуқаролар «йўқолиб» қолмайди — Конституциявий комиссия аъзоси

Муҳокамага қўйилган Конституция лойиҳасида суд қарорисиз фуқарони 48 соатдан ортиқ ушлаб туриш тақиқланишига оид қоида киритилмоқда.

Конституциявий комиссия аъзоси, юридик фанлар доктори, профессор Мирзаюсуф Рустамбоевнинг фикрича, амалдаги Жиноят процессуал кодексида мавжуд нормани мамлакат бош қонуни даражасида мустаҳкамлаб қўйилиши орқали бундан буён фуқароларнинг гумонланувчи сифатида ёки бошқача сабаб билан ҳуқуқ-тартибот органларига чақирилгач, йўқолиб қолиши ёхуд уларнинг қаерда ушлаб турилгани ҳақида яқинларига хабар берилмаслик каби нохуш анъаналарга чек қўяди.

– Бир неча йил олдин Андижон вилоятида ИИБга чақирилган 20 ёшли йигит уйига қайтиб келмаган, яқинлари уни қидириб қайси идорага боришмасин, у бизда эмас, деган жавобни олишганди. Худди шундай ҳолатлар уйидан ушлаб кетилган журналистлар билан ҳам кузатилган. Агар таклиф этилаётган норма Конституцияга киритиладиган бўлса, мана шундай бошбошдоқликларга чек қўйиладими?

– Албатта. Бу «Хабеас корпус» қоидалари дейилади. Тўғри таъкидладингиз, амалдаги қонунчилигимизда ҳам бор бу қоидалар. Лекин айрим ҳолатларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг масъулиятсиз ходимлари ўз мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, қонунчилигимизда белгиланган қоидаларга амал қилишмайди. Амалиётда шундай ҳолатлар ҳам йўқ эмас, афсуски.

Мирзаюсуф Рустамбоев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, ю.ф.д., профессор

Мана шундай нохуш ҳолатларга чек қўйиш учун мана шу таклиф илгари суриляпти, ушбу қоида конституцион норма даражасига кўтариляпти. Унга кўра фуқарони ушлаб туришга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга ёки озодликни бошқача тарзда чеклашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилади. Шахс суд қарор қабул қилмагунича 48 соатдан кўп муддат ушлаб турилиши мумкин эмас. Агар 48 соатнинг ичида гумонланувчининг айбини исботлаб беришолмаса ёки ушлаб туриш ёки озодликни бошқача тарзда чеклаш тўғрисидаги қарор белгиланган муддатда суд томонидан қабул қилинмаса, шахс дарҳол қўйиб юборилиши керак.

Бу таклифнинг яна бир аҳамияти – гумонланувчи фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқлари адвокат томонидан ҳимоя қилиниши таъминланади. Агар гумонланувчи, айбланувчи ёки судланувчи менга адвокат керак деса, давлат шу заҳоти уни адвокат билан таъминлаши керак. Агар мана шу ўзгаришлар мамлакат бош қонунида акс этса, сиз тилга олган ҳолатларга ҳеч ким қўл урмайди.

Тўлиқ суҳбатни юқоридаги видео орқали томоша қилиш мумкин.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси: Муҳиддин Нидо

Мавзуга доир:

 

Мавзуга оид