Ўзбекистон | 13:48 / 11.07.2022
91926
10 дақиқада ўқилади

«Юпатувчи мансаб»: ҳокимиятдан четлатилиб, Касаба уюшмасидан паноҳ топганлар

Фото: Kun.uz

Президент Администрациясига раҳбарлик қилиб келган Зайнилобиддин Низомиддинов ҳайит арафасида лавозимидан озод этилиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раисининг биринчи, саноқда эса тўққизинчи ўринбосари этиб тайинланди. Бунгача ҳам ҳукуматдаги юқори мартабали кўплаб амалдорлар курсисини тарк этгач, маълум муддат касаба уюшмаларидан паноҳ топишганди.

1 йил вазирлик қилган шифокор

Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаётганида Зангиотадаги махсус шифохона ходимларини қаттиқ танқид қилганига оид аудио тарқалиб кетгач, давлат раҳбари назарига тушган ва 2020 йил ноябрида соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинланган Абдуҳаким Ҳожибоевнинг мазкур лавозимдаги фаолияти 1 йил давом этди холос.

Абдуҳаким Ҳожибоев. Фото: Xabar.uz

У 2021 йилнинг ноябрида ишдан олинди ва сўнгги беш йил соғлиқни сақлаш тизимидан истеъфога чиқарилган тўртинчи вазирга айланди. Бунгача 2016 йил декабрида Анвар Алимов, 2017 йил февралида Адҳам Икромов, 2020 йил ноябрида Алишер Шодмонов вазир курсисидан четлатилганди.

Абдуҳаким Ҳожибоев ишдан олингач Ўзбекистон касаба уюшмалари раҳбарига ўринбосар этиб сайланди. Тиббиёт фанлари доктори, профессор илмий унвонига эга бўлган Ҳожибоевни ҳамкасблари малакали мутахассис, яхши шифокор сифатида билишади. Бироқ яхши шифокордан ҳар доим ҳам яхши вазир чиқавермас экан. Гарчи президент Мирзиёев уни «синалган, замонавий ва талабчан, энг муҳими, ким қандайлигини билади» дея мақтаган бўлса-да, у тизимдаги муаммоларни ҳал қила олмади.

Рустам Холматов. Фото: Kun.uz

Тошкент вилояти ҳокимлигидан «профсоюз» раислигига

2019 йил 4 июндан Тошкент вилояти ҳокими сифатида фаолият юритиб келган Рустам Холматов 2021 йил ноябрида кутилмаганда ишдан олинганди. 2016 йилдан 2019 йилгача, уч йил ичида 4 нафар ҳоким – Содиқ Абдуллаев, Исломжон Эргашхўжаев, Шукрулло Бобоев ва Ғуломжон Ибрагимов ушбу лавозимда ишлаган бўлса, Рустам Холматов Мирзиёев даврида [ҳозирча] Тошкент вилояти ҳокими курсисида энг узоқ вақт (1 йил 7 ой-у 25 кун) қолган шахс ҳисобланади. Унинг ўрнини эгаллаган Даврон Ҳидоятов 9 ой 19 кун ҳокимлик қила олди, холос.

Аслида Тошкент вилояти мустақил Ўзбекистон тарихидаги ҳокимлари энг кўп ўзгарган вилоят ҳисобланади. Вилоят ва туман ижроия қўмиталари раиси лавозими тугатилиб, ҳоким лавозими жорий этилган 1992 йил 4 январдан ҳозиргача Тошкент вилоятида 15 марта ҳоким ўзгарган. Рустам Холматов ушбу рўйхатдаги 13-ҳоким бўлди. Дарвоқе, Холматов айнан бир вилоятда танаффус билан икки марта ҳокимлик қилган кам сонли сиёсатчилардан биридир.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев вилоятга ташрифларидан бирида бошқа ҳудудларда ҳокимлар ўн йиллаб ишлаётган бир пайтда аҳолиси деярли 3 миллион киши бўлган Тошкент вилоятига яхши раҳбар топилмаётганини айтган, шунингдек, Холматовнинг ишдан кетиш тарихини очиқлаганди.

«Рустам Холматовнинг ўзи ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзди, мен уни ўша пайт ишдан бўшатиш ниятим йўқ эди. Унинг ўзи бугунги кун талабини тушуниб шу қарорга келди, мен ҳам унга яраша иш бердим», деди президент.

Истеъфодан сўнг 60 ёшли Рустам Холматов Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши раиси лавозимига сайланган бўлиб, бугунги кунда ҳам ушбу лавозимда ишлаб келмоқда.

Муса Анорбоев. Фото: Жиззах вилояти ҳокимлиги

Қайта ишонч қозона олган мулозим

2018 йилдан Бахмал туманига ҳокимлик қилиб келаётган Муса Анорбоев ҳам 2012–2015-йилларда Рустам Холматов айни пайтда эгаллаб турган лавозимда фаолият юритган. У биринчи президент Ислом Каримов даврида – 2007–2009-йиллари Жиззах вилояти хокими вазифасини бажарувчи бўлган, бироқ лавозимидаги «в.б» қўшимчасидан қутилиб улгурмай ишдан олинган.

Дастлаб уч йил «Ўзагромашсервис» уюшмаси «Агротехтаъмир» бирлашмаси раиси ўринбосари бўлиб ишлаган Анорбоев 2012 йили Ўзбекистон Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Марказий кенгаши раиси этиб сайланганди. Бу ерда 2017 йилгача қолиб кетган мулозим Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келиши ортидан яна ҳокимликка қайтди.

Рустам Қосимов. Фото: Твиттер

Бош вазир ўринбосарлигидан «қулаган» арбоб

Ўзбекистон ҳукуматидаги юқори курсиларни эгаллаб келган Рустам Қосимов (2021 йил майида вафот этган) 2011 йили Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректорлигидан пенсияга чиқарилганди. Мамлакат олий таълимидаги инқироз бевосита у ҳукуматда таълим соҳасига куратор бўлгани пайти бошлангани, у «ишда йўл қўйган камчиликлари» учун Каримовнинг қаҳрига йўлиққани ҳақида гап-сўзлар бор.

Шавкат Мирзиёев муваққат президент этиб тайинлангач, Қосимов яна Бош вазир ўринбосари, олий ва ўрта махсус таълим вазири этиб тайинланади. 2017 йилдан то ўлимига қадар давлат раҳбарига турли масалалар бўйича маслаҳатчилик қилди, бир вақтнинг ўзида аввал президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, сўнгра Халқаро ислом академиясининг ректори сифатида ҳам фаолият юритди.

Гарчи расмий таржимаи ҳолида тилга олинмаса-да, ушбу шахс мақоланинг бошқа қаҳрамонлари сингари касаба уюшмалари тизимида ишлаган. Рустам Қосимовнинг ўлими муносабати билан билдирилган расмий таъзияномада унинг Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг бошқарув тизимида турли лавозимларда ишлаб, жамиятда фуқаролик институтларининг ўрни ва нуфузини ошириш борасида жонбозлик кўрсатгани таъкидланади.

Гап шундаки, у Бош вазир ўринбосари вазифасидан бўшатилганидан сўнг маълум муддат ишсиз юрган. Кейинроқ Таълим, фан ва маданият соҳаси касаба уюшмаси Марказий кенгашида раис ўринбосари лавозимида (2016 йил 13 сентябрига қадар) ишлаган.

Эргаш Шоисматов. Фото: Avesta.tj

Касаба уюшмасида икки марта «жон сақлаган» мансабдор

«Ўзбекэнерго» ва «Ўзтрансгаз» компаниялари раҳбари, бош вазир ўринбосари, айни дамда Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчиси бўлиб турган Эргаш Шоисматов ҳам бу ерда маълум муддат «жон сақлаган»лардан бири.

2014–2016-йилларда Энергетика ходимлари касаба уюшмалари республика кенгашига раислик қилган ушбу шахс 2016 йил декабрида «Ўзтрансгаз» компанияси бошқаруви раислигига тайинланганди. Бироқ у ерда бир йил ҳам ишламай 2017 йил августида ишдан олинади.

Истеъфодан сўнг у яна аввалги жойига – Энергетика ходимлари касаба уюшмалари Республика кенгаши раҳбарлигига қайтади. 2018 йил февралида у Тожикистонга элчи этиб тайинланади.

Шундан буён катта давраларда кўзга ташланмай қолган Шоисматов 2021 йили президент фармонига мувофиқ «Дўстлик» ордени билан мукофотланганди.

Фарҳод Омонов. Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

“Каримовнинг қаҳрига учраб мансабидан қувилган амалдор”

“Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси ўринбосари, кейинчалик раиси сифатида фаолият юритган Фарҳод Омонов мамлакатнинг биринчи раҳбари Ислом Каримов қаҳрига учраб, курсисидан айрилганди. У ҳам норасмий сиёсий анъанага кўра касаба уюшмаси тизимига ишга ўтган, Ўзбекистонда ҳокимият алмашуви рўй бергандан кейин яна сиёсий саҳнага қайтганлардан бири.

Фарҳод Омонов 2022 йилнинг февралида Оққўрғон тумани ҳокими вазифасидан озод этилиб, Тошкент вилоятининг Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари – вилоят ҳокимининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланган.

Зайнилобиддин Низомиддинов. Фото: Kun.uz

Касаба уюшмасига жўнатилганларнинг энг йириги

2018 йилнинг августидан буён Президент администрациясига раҳбарлик қилиб келган Зайнилобиддин Низомиддинов 8 июл куни Шавкат Мирзиёев фармонига мувофиқ лавозимидан озод этилди. Президент матбуот хизмати томонидан тарқатилган хабарда истеъфога мулозимнинг саломатлигидаги муаммо сабаб бўлгани айтилади.

Амалдаги давлат раҳбарининг энг ишонган кадрларидан бири сифатида кўрилган Низомиддинов Шавкат Мирзиёевга у бош вазирлигида ёрдамчилик қилган ва Ўзбекистон бош вазири котибияти мудири лавозимида ишлаган.

Kun.uz’нинг ҳокимиятга яқин манбасига кўра, Низомиддиновни соғлиғидаги муаммолар анчадан бери безовта қилиб келган. У ўтган йили президент сайлови вақтида операция бўлгани, давлат раҳбарининг ҳудудларга ташрифи чоғида тоби қочиб қолган пайтлар бўлгани айтилади.

Айримлар унинг истеъфоси ортида сиёсий сабаб борлигини ҳам тахмин қилмоқда. Жумладан, журналист Алексей Волочевич кадрлар масаласида мамлакатдаги энг қудратли мансабдорлардан бири бўлган Низомиддиновнинг четлатилиши Қорақалпоғистонда рўй берган воқеаларга дахлдор эканини тахмин қилган.

Нима бўлган тақдирда ҳам Зайнилобиддин Низомиддинов энди анча тинч жойдан қўним топди. Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси биринчи ўринбосари курсисида ундан аввалгидай жидду жаҳд чекиш талаб этилмайди.

Касаба уюшмалари ҳақида икки оғиз

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ҳуқуқий мақомига кўра нодавлат ташкилот бўлиб, аъзолари сони бўйича мамлакатдаги энг йирик ташкилот ҳисобланади. Касаба уюшмасининг мақсади ходимларнинг меҳнатга оид ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилишдан иборат.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Кенгашининг таркибида ўндан ортиқ тармоқ касаба уюшмалари ва ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари мавжуд.

Кўпинча давлат хизматидан четлатилган амалдорлар келгусидаги тақдирини, яъни «амнистия»га тушиш-тушмаслигини кутиб айнан касаба уюшмасида вақт ўтказишади. Одатда хизматидан бутунлай воз кечиб юборилмаган, келгусида давлат хизматида фойдаланиш мумкин бўлган “фигура”лар шу ерда сақлаб турилади.

Жамшид Ниёзов, журналист

Мавзуга оид