Спорт | 19:51 / 12.07.2022
16235
6 дақиқада ўқилади

«Ювентус» — Погба учун фаолиятини қайта бошлашга сўнгги имконият

Туринда у «МЮ»дагидан икки баробар кам маош олади.

Фото: «Ювентус» матбуот хизмати

Пол Погбанинг «Ювентус»га ўтиши ҳақида гапираётиб, пул ҳақидаги оддий фикрларга берилиш осон.

Масалан, яримҳимоячи Туринга иккинчи марта эркин агент сифатида келаётгани, «Манчестер Юнайтед» иккинчи марта тарбияланувчисини йўқотаётгани, уни қайтариш учун 2016 йилда рекорд даражадаги 105 миллион евро тўлагани (ҳозирча бу Неймарнинг трансферидан кейинги иккинчи кўрсаткич), Погбанинг ишлари билан шуғулланган марҳум Мино Райола ўша трансфер учун тахминан 20 миллион евро комиссия олганини айтиш мумкин.

Шунингдек, Pogmentary номли ҳужжатли фильмда келтирилган ва матбуотда кенг тарқатилган иқтибос – «МЮ» янги шартнома бўйича музокаралар чоғида футболчига таклиф қилган ҳафтасига 300 минг фунт маош «ҳеч нарса эмаслиги»ни қўшимча қилса бўлади (агар Романога ишонадиган бўлсак, Погбанинг «Ювентус»даги маоши бонусларни ҳисобга олмаганда 8 млн еврога тенг. Бу эса «МЮ» таклифидан 2 баробар кам). Ва ҳоказолар.

Погба ва пул мавзуси бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлса-да, ўша Pogmentary фильмидаги бошқа иқтибос қизиқарлироқ. Райоланинг ҳамкори, Погбанинг ишларини кўп йиллар давомида олиб борган, унга нафақат агент, балки ҳаётий маслаҳатчи бўлган Рафаеле Пиментенинг сўзларини келтириш ўринли: «Погбани биз яратдик. Бу бренд. Унинг смайликлари бор, эмодзилари, финжонлари бор. Унинг шоуси бор, соч турмаги бор... Ва бу билан одамларнинг вақтини чоғ қиламиз деган умиддамиз».

Аслида, бу жуда муҳим сўзлар. Масалан, 2016 йилда Погба «Манчестер Юнайтед»га ўтганида, L'Equipe ёзганидек, имиж ҳуқуқининг 20 фоизини ўзида қолдирган. Бу эса унга йилига қўшимча 7 миллион евро олиб келар эди. «Юнайтед»га Погба имижини монетизация қилишда Adidas ёрдам бериши лозим эди. Спорт кийимларини ишлаб чиқарувчи ҳам клуб, ҳам футболчи билан ҳамкорлик қилган ва унинг иштироки музокараларда алоҳида тилга олинган. Шу туфайли, Жозе Моуриньо билан зиддият юзага келганида, «Манчестер Юнайтед» футболчининг ёнини олди, Алекс Фергюсон даврида буни тасаввур қилиш иложсиз эди.

Ижтимоий тармоқларда обуначилар сони, банк ҳисобварағидаги ноллар сони голлар ва узатмалар сонидан оз бўлмаслигига интилиш айб эмас. Спорт аллақачон глобал кўнгилочар индустриянинг бир қисмига айланди ва 2022 йилда «спортчининг иши фақат машқ қилиш ва ўйнаш» деган баҳслар эскилик сарқитига ўхшайди. Погба нафақага чиқса, у тинчгина Пол Погба бўлиб ишлайверади, бунинг учун пойдевор аллақачон қурилган.

Аммо франциялик футболчида битта муаммо бор: Погба барча кутаётган ўйин даражасини узоқ вақт мобайнида намойиш эта олмайди. Бундай салоҳиятга эга футболчи ҳатто Месси билан Роналду даврида ҳам бир-икки «Олтин тўп»ни қўлга киритиши мумкинлигини 2018 йилги жаҳон чемпионатида кўрсата олди. Погбада шахсий брендини ривожлантириш бўйича муаммо йўқлигини инобатга олсак, бу янада қайғули.

Фото Global Look Press

Маркетинг ва бизнес нуқтайи назаридан «Ювентус» франциялик футболчини қўлга киритишдан албатта фойда кўради. Туринликлар хўжайини Андреа Аньелли узоқ вақтдан бери клубни глобал кўнгилочар брендга айлантиришни орзу қилиб келади. Ва Погба Криштианунинг кетиши билан юзага келган бўшлиқни мукаммал тарзда тўлдиради. Аммо умуман олганда, ундан истеъдоди даражасига лойиқ, тўлақонли кучли мавсумни кўришни жуда истаган бўлардик.

Сўнгги олти йил ичида Погба АПЛ доирасида фақат 2018/19 йиллар мавсумида 30 дан ортиқ ўйин ўтказишга эришди. Ўшанда Моуриньо кетган ва Оле-Гуннар Сульшер тайинланганди. Погбанинг кўрсаткичлари 35 ўйин, 13 гол ва 9 голли узатмага тенг бўлди. Шундан 10 та гол ва 6 та голли узатма норвегиялик мутахассис қўл остидаги ўйинларда амалга оширилди.

Фото Global Look Press

Охирги уч мавсумда француз бирор марта 2000 дақиқа, икки марта ҳатто 1500 дақиқа ҳам ўйнамади. Таққослаш учун, Премьер-Лиганинг тўлиқ мавсуми 3240 дақиқага тенг. Яъни Погба иккита чемпионатда (2019/20 ва 2021/22) ўйин вақтининг ярмини ҳам майдонда ўтказмади ва бир марта 50 фоиз кўрсаткичдан зўрға ошди.

Бу қисман жароҳат билан ҳам боғлиқ. Сўнгги уч йил ичида Погба жами 454 кунни ёки барча мусобақаларда 72 ўйинни ўтказиб юборди. Аммо шу билан бирга, у ҳеч қачон оғир жароҳат олмади, (масалан, хочсимон пайлари узилмади). Бундан эса ушбу жароҳатлар футболчининг ўз карьерасига бўлган муносабати туфайли деган фикр уйғонади.

Шу билан бирга, Погба ҳозир 29 ёшда. Унинг ёши замонавий стандартлар бўйича катта эмас, аммо вақт ўтмоқда.

«У ақл бовар қилмайдиган, иқтидорли йигит, у чўққига чиқади. Аммо у хаёлпараст ва агар унга ҳеч ким йўл кўрсатмаса, ўзи ҳеч қачон топа олмайди»,– деганди Фергюсон француз ҳақида.

Энди хаёлпарастликни тўхтатиб, тўғри йўлга кириш вақти келганга ўхшайди.

Спорт-Экспресс материали асосида

Мавзуга оид