Жамият | 13:27 / 13.07.2022
11591
1 дақиқада ўқилади

Самарқандда юк машинаси бузилиб қолган Damas’ни итариб кетаётган ҳайдовчини уриб кетди

Оғир тан жароҳатлари олган Damas ҳайдовчиси воқеа жойида вафот этган.

Фото: Видеодан кадр

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизматининг Kun.uz’га хабар беришича, 2022 йил 3 июл куни Алмати-Тошкент-Термиз халқаро автомобил йўлининг Жомбой тумани ҳудудидан ўтувчи 1072-километрида одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Damas ҳайдовчиси ёнилғиси тугаб қолган машинани йўлнинг четида итариб кетаётганда сомон ортиб кетаётган юк машинаси уни ортидан уриб юбориб, ҳодиса юз берган жойдан қочиб кетган.

Оқибатда, Damas ҳайдовчиси оғир тан жароҳатлари олиб воқеа жойида ҳалок бўлган. ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан олиб борилган суриштирув давомида юк машинаси ҳайдовчиси топилган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, Самарқандда катта тезликда машина бошқарган 17 ёшли ўсмир синглиси ва унинг дугонаси ҳаётига зомин бўлганди.

Мавзуга оид