Ўзбекистон | 18:11 / 14.07.2022
89089
6 дақиқада ўқилади

Магистратурага қабул: ўзгаришлар катта

2022 йилдан ОТМларнинг магистратура босқичи учун қабул янгича тизимга ўтказилди. Kun.uz онлайн ҳужжат топшириш тартиби, абитуриентлар ҳеч қандай имтиҳонсиз қандай танлаб олиниши, ўзбек тили ва рус тил йўналишига қандай сертификатлар мос келиши каби абитуриентлардан келиб тушаётган саволларга жавобларни тақдим этади.

“90 фоиз ҳолатда коррупцион механизм ишлади”, дея аввалги йиллардаги магистратурага қабулни таърифлаган эди бундан бир йил олдин олий таълим вазири Абдуқодир Тошқулов.

Тошқулов ўшанда магистратурага қабулни ДТМга ўтказишни “нажот” деб атаганди, бироқ қисқа муддат амал қилган бу тартиб ҳам ўзгариб, охир-оқибат магистратурага киришда имтиҳонлар бекор қилинди.

Эндиликда номзодлар бакалавриатда олган баҳоларининг ўртача кўрсаткичи ва чет тилини билиш даражаси бўйича миллий ёки халқаро сертификат баллига қараб, баллар кетма-кетлиги асосида саралаб олинади.

Ҳужжат топшириш қандай амалга оширилади?

1 июлдан ОТМларнинг магистратура босқичига қабул учун вазирликнинг magistr.edu.uz сайти орқали онлайн рўйхатдан ўтиш бошланди ва жараён 30 июлга қадар (шу куни ҳам) давом этади.

Ариза топшириш жараёни уч босқичдан иборат:

  • абитуриент тизимдан рўйхатдан ўтиб, ариза тўлдиради;
  • диплом ва чет тилини билиш сертификати маълумотларини киритади;
  • қабул комиссияси аризани қабул қилади.

Қабулнинг дастлабки 14 кунида қарийб 2200 нафар абитуриент магистратурага ҳужжат топширди. Бу йилги квота 16 933тани ташкил қилади. Бу кўплаб ОТМларда ҳали диплом берилмагани билан изоҳланмоқда.

ОТМлар кесимида қайси йўналишга қанча ариза топширилганини magistr.edu.uz сайтининг статистика бўлимидан кўриш мумкин.

Абитуриентларни саралаш: бакалавриатдаги баҳолар ва сертификат балли қанча юқори бўлса, шунча яхши

Ҳужжатлар қабули тугагач, абитуриентларнинг бакалавриат дипломи иловасидаги балларнинг ўртача кўрсаткичи (GPA) ва тил сертификатидаги балл асосида рейтинг тузилади.

Буни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати мутахассиси Зафар Амирқулов шундай тушунтирди:

“Абитуриентларни сарaлашда 4 йил давомида олий таълим муассасасидаги ўқиш давомида барча фанлардан йиғилган баллар инобатга олинади. Мисол учун, ОТМда абитуриент 60 та фан ўқиган бўлса, шу фанлардан олган баҳолари қўшиб чиқилиб, 60 га бўлинади.

Саралашда яна бир муҳим рол ўйнайдиган жиҳат – чет тили сертификати даражаси. Кимдир B2 олга бўлса, яна кимдир C1 ёки C2 олган бўлиши мумкин. Ушбу жиҳатлар абитуриентларнинг грант ёки контракт ўринларини ҳам белгилайди”.

Янги тизимнинг камчиликларидан бири сифатида шуни айтиш мумкинки, коррупция даражаси юқори олийгоҳларнинг битирувчилари бакалавриатда юқорироқ балл олгани ҳисобига нисбий устунликка эришиши мумкин.

Турдош йўналишлар

Абитуриентлар магистратура учун танлаган йўналиши бакалавриатда ўқиган йўналиши билан бир хил ёки турдош бўлиши керак. Мисол учун, филологияни тамомлаган абитуриент магистратурада иқтисодиёт йўналишида ўқий олмайди ва ҳоказо.

Турдош йўналишлар рўйхати бугун, 14 июлда эълон қилинди. Рўйхатни мана бу ердан юклаб олиш мумкин. Бу рўйхатга киритилмаган йўналишларнинг битирувчилари магистратурада ҳам фақат бакалавриатдаги йўналишида ўқий олади.

Ўзбекистондаги хорижий ва хусусий олийгоҳларнинг битирувчилари мос (мувофиқ) таълим йўналишлари бўйича ўқиши мумкин.

Чет тили сертификати

Чет тилини билиш сертификати бўлмаган абитуриентлар магистратурага ҳужжат топшира олмайди. Чет тилидан ички имтиҳон ўтказилмайди.

Хорижий тиллар йўналишларига C1, қолган барча йўналишларга эса B2 даражасидан кам бўлмаган миллий сертификат ёки унга тенг даражадаги халқаро сертификат талаб қилинади. Энг кенг тарқалган халқаро сертификат – IELTS бўйича филологик йўналишларда камида 7, бошқа йўналишларда камида 5,5 балл олиш керак.

Она тили ва адабиёт, адабиётшунослик каби йўналишлар ҳам филологик бўлгани учун битирувчиларда C1 даражадаги тил сертификати талаб қилинади деган янглиш фикр ёки маълумотлар бор. Kun.uz Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан аниқлик киритишича, бу каби йўналишларга B2 сертификати талаб қилинади.

Номдор стипендия соҳибларидан магистратурага кириш учун сертификат талаб қилинмайди.

Юқоридаги рўйхатда рус тили сертификати йўқ. Рус тили йўналишини битирган талабаларнинг бу борадаги саволига олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Комилжон Каримов жавоб берди:

“Магистратурага қабул қилишда хорижий тилни билиш сертификатини талаб қилишдан мақсад – ОТМларга энг иқтидорли, билимли ёшларни жалб қилиш. Магистратура – илм-фанга йўналтирадиган босқич. Бутун дунёда тан олинган тартибни жорий этдик. Илмни хорижий тилларсиз тасаввур қилиш қийин. Бугунги кунда 90 фоиздан ортиқ илмий маълумот инглиз тилида. Кўплаб давлатларда инглиз тили устувор тил сифатида белгиланмоқда.

Рус тили тўғрисида гапирадиган бўсак, тасдиқланган 10 та тилдан 24 хил сертификат қабул қилинади. Бунда асосан оммавий тиллар белгиланган. Нега буларда рус тили йўқ деган савол турибди. Ўзбекистонда мактабдан олий таълимгача 7та тил таълим тили сифатида белгиланган, буларнинг ичида рус тили ҳам бор. 70 фоизгача талабаларимиз ўзбек тилида, 20 фоиз талабамиз рус тилида таълим оляпти. Рус тили – Ўзбекистонда оммалашган тил ва уни хорижий тил сифатида кўрмаймиз”.

Январ ойида ҳам қабул бўлади

Эндиликда ёзги қабулда квоталар тўлмай қолган тақдирда, январда ҳам қабул ўтказилиши мумкин. Бунинг учун ҳужжатлар декабр ойида қабул қилинади.

Агар айрим ОТМларда қабул квоталари тўлса, қўшимча қабул қилиш борасида ОТМнинг ўзи мустақил қарор қабул қилади.

Магистратура – қизлар учун текин

Шу йилдан бошлаб магистратуранинг барча босқичларида хотин-қизлар тўлов-контрактдан озод қилинди. Шу маънода абитуриент қизлар учун грант чизиғидан пастда ёки юқорида бўлиши фақат рамзий аҳамиятга эга.

Мадина Очилова тайёрлади.

Мавзуга оид