Жаҳон | 09:03 / 15.07.2022
7482
2 дақиқада ўқилади

Евро долларга нисбатан пасайишда давом этмоқда

Икки кун аввал 20 йил ичида биринчи марта евро ва доллар курси тенглашди. АҚШ валютаси қисқа муддатга Европа валютасидан юқорига кўтарилди. Кеча евроҳудуднинг иқтисодий истиқболлари ёмонлашиши фонида евро курсининг пасайиши давом этди.

Фото: Getty Images

Евро долларга нисбатан пасайишда давом этмоқда. 14 июль, пайшанба куни ягона Европа валютасининг курси 0,9952 долларгача тушди, бу сўнгги 20 йил ичида биринчи марта икки кун аввал қайд этилган АҚШ валютаси билан паритетдан сезиларли даражада паст.

Куни кеча евронинг курси еврозона учун иқтисодий аҳвол ёмонлашаётгани, Россия газини Европага етказиб бериш тўлиқ тўхтатиб қўйилиши эҳтимоли, шунингдек, dpa қайд этганидек, Европа марказий банки (ЕМБ)нинг юқори инфляцияга қарши кураш бўйича қарорсизлиги фонида қисқа муддатга 1 доллардан пастга тушди.

Айни пайтда, инфляцияни жиловлаш учун ЕМБ аллақачон кредит ставкаларини оширди ва буни янада кўпроқ қилишни режалаштирмоқда. Бироқ, АҚШ Федерал захира тизими (ФЗТ) шунга ўхшаш чораларни анча тезроқ амалга оширмоқда, бу эса долларнинг мустаҳкамланишига ёрдам беради. 

АҚШда инфляция бўйича маълумотлар эълон қилиниши фонида Европа валютасининг қадрсизланиши тезлашди. Июнь ойида мамлакатда истеъмол нархлари йиллик ҳисобда 9,1 фоизга ошган. Бу 1981 йилдан бери энг юқори кўрсаткичдир. АҚШда инфляциянинг навбатдаги сакраши Федерал захира тизими (ФЗТ) пул-кредит сиёсатини янада қаттиқлаштириши эҳтимолини оширади. 

Доллар ва евро охирги марта 2002 йилда Европа банкнотлари ва тангалари чиқарилгандан сўнг паритетда бўлган эди. 

Мавзуга оид