Жаҳон | 12:19 / 18.07.2022
10676
3 дақиқада ўқилади

ISW: Кремль Харкив областини босиб олишга буйруқ берган бўлиши мумкин

Америка Урушни ўрганиш институти таҳлилчиларининг хулосасига кўра, Владимир Путин босқин бошланишидаги муваффақиятсиз уринишдан кейин ҳам минтақани эгаллаш ниятида.

Фото: Picture Alliance

Америка Урушни ўрганиш институти (ISW) таҳлилчиларининг таъкидлашича, Россия президенти Владимир Путин рус қўшинларига Харкивни ва ишғол қилинмаган Харкив области қолган қисмини эгаллашга буйруқ берган бўлиши мумкин, аммо муваффақиятга эришиш имконияти жуда паст. Бу ҳақда таҳлилчилар 16 июль кунги кундалик хулосаларида ёзишган.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, уларнинг бундай буйруқ ҳақидаги тахминлари вазиятни баҳолаш эмас, балки гипотезадир, чунки «далил ва индикаторлар чекланган ва билвоситадир».
 
Кремль ҳақиқатан ҳам минтақани тўлиқ босиб олишга буйруқ берганининг билвосита белгиларидан бири сифатида ISW рус қўшинларининг Харкив области шимолидаги Дементиевка қишлоғини босиб олишга уринишларини келтирган, у «Россия ҳудудини Украина ҳужумидан ҳимоя қилиш учун чекланган аҳамиятга эга».

Бундан ташқари, таҳлилчилар Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси рус аскари ва унинг онаси ўртасидаги суҳбат ёзиб олинган аудиоёзувга ишора қилмоқда. Ёзувда аскар «Харкивга бормоқчи бўлган» қўмондони йўқотишларга парво қилмаётганидан шикоят қилган. Шу билан бирга, аскар қўмондон бундай сўзларни «керакли вақтда» айтганини билдирган, бу Россия босқинининг қайси вақтида содир бўлгани аниқланмаган. 13 май куни ISW Украина қуролли кучлари «Харкив учун жангда ғалаба қозонгани»ни маълум қилганди.

ISW таҳлилчиларининг таъкидлашича, Харкив области ҳукуматининг россияпараст раҳбари Виталий Ганчев ва ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «Луганск халқ республикаси» («ЛХР») раҳбари Леонид Пасечник 16 июль куни мудофаа соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзолаган. Бу «Россиянинг Харкив областидаги расмийлари узоқ муддатли босиб олиш учун шароит яратаётганидан далолат беради», деб ёзади ISW. 

Ганчев 6 июль куни босиб олинган Харкив области Купянский, Изюмский, Волчанский ва Харкивский туманларидан, яъни Россия кучлари назорат қилмайдиган ҳудудлардан иборат бўлишини айтди, деб эслатган ISW. Таҳлилчилар фикрича, яқин кунларда Россия қўшинлари Харкив шимолида қуруқликдан ҳужумга уринишларини кучайтириши мумкин, аммо муҳим ҳудудий ютуқларга эришиши даргумон. 

Украина президенти Володимир Зеленский 20 июнь куни Россия мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳрига ҳужумни қайта бошлашга тайёрланаётганини айтганди. «Ҳозир Россия армияси Харкивга яна ҳужум қилиш учун куч тўпламоқчи. Биз уни, бу ҳудудни деоккупация қилдик. Улар буни яна хоҳлаяпти, биз буни кўриб турибмиз. У ерда аҳоли сони бир ярим миллион кишидан ортиқ», - деди президент Зеленский. 

Мавзуга оид