Ўзбекистон | 20:43 / 20.07.2022
43165
2 дақиқада ўқилади

Фото: Мирзиёев, Тўқаев ва Жапаров Иссиқкўлда

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг таклифига биноан 20 июл куни Чўлпонота шаҳрига борди.

Аэропортда Ўзбекистон раҳбарини Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси Раиси - президент администрацияси раҳбари Акилбек Жапаров ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.

Эртага, 21 июл куни Чўлпонотада Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтади. Саммитда савдо, транспорт ва логистика, саноат кооперацияси, инновациялар, озиқ-овқат хавфсизлиги, туризм, маданий-гуманитар соҳалардаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинади. Шунингдек, минтақада барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш масалалари юзасидан фикр алмашилади.

Қатор ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.

Айни вақтда Қирғизистонга Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳам етиб борган. Бешликнинг яна икки вакили - Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон ҳамда Туркманистон етакчиси Сердар Бердимуҳамедовнинг ташрифи эртага кутилмоқда.

Қирғизистон президенти матбуот хизмати уч давлат раҳбарлари иштирокидаги суратларни тақдим этди. Президентлар ўтовда суҳбат қуришган ҳамда Иссиқкўл бўйлаб Оқ кемада сайр қилишган.

 

Мавзуга оид