Ўзбекистон | 13:50 / 23.07.2022
14429
2 дақиқада ўқилади

Кириш имтиҳонларида илк марта: чет тилидан ижодий синовлар қандай ўтмоқда?

23 июлдан 6та ОТМга кириш учун чет тилларидан ижодий имтиҳонлар бошланди. Ўзбекистонда бундай турдаги синов илк марта ўтказилмоқда. 13 минг абитуриент онлайн рўйхатдан ўтган бўлса, уларнинг 4 мингтасида чет тилини билиш сертификати бор, қолган абитуриентлар имтиҳон топширишади. Kun.uz жараён билан танишиш учун Давлат тест марказида бўлди.

23 июл куни барча ҳудудларда чет тилидан касбий (ижодий) имтиҳонлар бошланди.

Ижодий имтиҳонлар икки босқичда ўтказилади. 23-25 июл кунлари тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш бўйича синовлар ёзма шаклда ташкил этилмоқда. Гапириш кўникмасини баҳолаш имтиҳонлари эса 24-26 июл кунлари электрон тарзда ўтказилади.

Ижодий имтиҳонлар барча ҳудудларда – Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда ўтказилмоқда. Ёзма имтиҳонлар 2 сменада бўлиб ўтяпти.

Kun.uz жараённи ёритиш учун Давлат тест марказида бўлди. Марказда абитуриентларга етарли шароитлар яратилган, имтиҳон хоналари зарур жиҳозлар билан таъминланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 34-сон қарорига асосан, жорий йилдан бошлаб 6та ОТМга киришда чет тилидан касбий-ижодий имтиҳонлар ўтказилмоқда. Булар: Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Самарқанд давлат чет тиллари университетининг чет тили биринчи фан бўлган таълим йўналишларига, шунингдек, Қўқон давлат педагогика институти, Тошкент давлат педагогика университети, Нукус давлат педагогика университетларининг филологларни тайёрловчи йўналишлари.

ДТМ бош мутахассиси Жамшид Одиловга кўра, юқоридаги таълим йўналишларига 13 мингдан зиёд абитуриент рўйхатдан ўтган, 4 мингдан ортиғида чет тилидан миллий ёки халқаро сертификатлари бор.

“Чет тилидан сертификати бўлган абитуриентлар ижодий имтиҳонларда иштирок этмайди ва уларга чет тилидан максимал балл берилади. Қолган 8,5 минг абитуриент синовда қатнашади. 23 июл куни ДТМда араб, турк, ҳинд ва форс тилидан имтиҳонлар ўтказилмоқда. Барча тиллар бўйича имтиҳонлар белгиланган кунларда ўтказилади”, – дейди у.

Эслатиб ўтамиз, Kun.uz бу йилги кириш имтиҳонлари борасида Давлат тест маркази директори Сардор Ражабов билан интервью ташкил қилганди. Унда ДТМ масъули айнан чет тилидан имтиҳонлар ўтказиш тартиби, коррупцион ҳолатлар олдини олиш учун абитуриентларни баҳолаш мезонлари ҳақида гапириб берганди.

Мавзуга оид