Жаҳон | 18:37 / 26.07.2022
49534
10 дақиқада ўқилади

Об-ҳаво рекордлари – Ер юзининг энг иссиқ жойлари қаерда жойлашган?

Бир неча кундан буён Ўзбекистонда аномал иссиқ даво этмоқда. Мамлакат июл ойида Ер юзидаги энг иссиқ ҳудудлардан бирига айланди. Аксарият ҳудудларда ҳаво ҳарорати + 45, + 47 даражагача кўтарилди. Аммо бундай иссиқ ҳаво рекорд даражадаги ҳарорат ҳисобланмайди.

Фото: fb.ru

Сўнгги йилларда содир бўлаётган иқлим ўзгаришлари ва ҳавога чиқарилаётган заҳарли газлар туфайли Ер сатҳидаги ҳаво ҳарорати сезиларли ошяпти. Ер юзаси бўйлаб аксарият ҳудудларда ҳаво ҳарорати одатдагидан сезиларли даражада ошмоқда. Шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам.

Масалан, бир неча кундан буён Ўзбекистон ва унга туташ давлатлар ҳудудларида аномал иссиқлар кузатиляпти. Ҳаво ҳарорати бир қанча ҳудудда + 47 даражани ташкил этмоқда. Шу сабабли Ўзбекистондаги айрим ҳудудлар Ер юзидаги энг иссиқ жойларга айланди. Жумладан, 2022 йил 22 июл куни соат 11:00 да Навоий вилоятининг ғарбий чўл ҳудуди дунёнинг энг иссиқ нуқтаси бўлиб турди.

Шунингдек, шу куни Навоий, Бухоро ва Хоразм вилоятининг баъзи кузатув станцияларида соат 13:50 ва 14:50 оралиғида + 47, + 48 даража иссиқ қайд этилган. Қуйида ҳаво ҳарорати энг иссиқ ва совуқ бўлган ҳудудлар ҳамда об-ҳаво ҳарорати билан боғлиқ рекордларни келтирамиз.

Энг иссиқ ҳаво ҳарорати қаерда қайд этилган?

Об-ҳаво ҳароратини ўлчаш бошлангандан кейин Ер юзидаги энг юқори ҳарорат + 56,7 даража иссиқ 1913 йил 10 июл куни АҚШнинг Калифорния штатидаги Ўлимлар водийси чўлида қайд этилган.

Фото: placepic.ru

Аслида 2012 йил 13 сентябрга қадар сайёрадаги рекорд ҳарорат, +58,2 даража иссиқ 1922 йил 13 сентябрда Ливия чўлларидаги Ал-Азизия қишлоғида қайд этилган деб ҳисобланган. Аммо мазкур маълумот рўйхатга олинганидан 90 йил ўтиб Жаҳон метеорология ташкилоти ёзувларни чуқур таҳлил қилиб, ҳарорат ўлчовлари олишда хатоликка йўл қўйилганини маълум қилди ва шу тариқа Ўликлар водийси чўлидаги ҳарорат энг иссиқ ҳаво сифатида қайд этилди.

Фото: zubiaks.weebly.com

Турли қитъалардаги энг юқори иссиқ қаерларда қайд этилган?

  • Шимолий Америка – Ўликлар водийси чўлида + 56,7 даража, 1913 йил 10 июл куни;
  • Африка – Туниснинг Қабилий вилоятида + 55 даража, 1931 йил 7 июл куни;
  • Осиё – Кувайтнинг Ал-Мутриба ҳудудида + 54 даража, 2016 йил 20 июл куни;
  • Австралия – Австралиянинг Уднадатта шаҳрида + 50,7 даража, 1960 йил 2 куни;
  • Жанубий Америка – Аргентинанинг Ривадавиа ҳудудида + 48,9 даража, 1905 йил 11 декабр куни;
  • Европа – Грециянинг Афина шаҳрида + 48 даража, 1977 йил 10 июл куни;
  • Антарктида – Симор оролида + 20,7 даража, 2020 йил 9 феврал куни;
  • Океания – Янги Зеландиянинг Рангиора шаҳарчасида + 42,4 даража, 1973 йил 7 феврал куни энг иссиқ ҳарорат қайд этилган.
Фото: businessvisit

Ўзбекистонда метеорология хизмати тарихи

«Ўзгидромет» ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, Ўзбекистон ҳудудидаги биринчи мунтазам метеорологик кузатишлар Тошкент шаҳрида 1867 йил сентябр ойида Тошкент обсерватория станциясида бошланган.

Тошкент астрономия ва физика обсерваторияси тез орада Туркистон ўлкаси метеорология хизматининг етакчи марказига айланади.

1921 йил 7 май куни обсерваториянинг физик қисми (магнит ва метеорология бошқармаси) ва Туркистон ўлкаси Гидрометеорология қисмининг метеорология бошқармаси базасида Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати ташкил этилади. Шу сана Туркистон метеорология институти расмий туғилган санаси этиб белгиланади.

Метеорологик кузатувлар:

  • Андижон шаҳрида 1882 йилдан;
  • Нукус шаҳрида 1883 йилдан;
  • Бухоро шаҳрида 1890 йилдан;
  • Фарғона шаҳрида 1880 йилдан;
  • Жиззах шаҳрида 1881 йилдан;
  • Бекобод шаҳрида 1910 йилдан;
  • Қува шаҳрида 1911 йилдан бошланган.

Энг иссиқ ҳарорат қачон қайд этилган?

Ўзбекистонда энг иссиқ ҳаво ҳарорати 1983 йил 29 июль куни Қизилқум чўлида + 49,8 даража ва Термиз шаҳрида 1914 йил 21 июнь куни + 49,6 даража қайд этилган.

Дунёнинг айрим давлатларида қайд этилган энг иссиқ ҳароратлар

– АҚШ – Ўликлар водийси чўлида +56,7 даража, 1913 йил 10 июл куни;

– Канада – Британия Колумбияси провинциясидаги Литтон қишлоғида + 49,6 даража, 2021 йил 29 июн куни;

– Индонезия – Жакарта шаҳрида + 37,4 даража, жорий йил июн ойида;

– Бразилия – Нова-Маринга муниципалитетида, 2020 йил 5 ноябр куни;

– Россия – Қалмиқистон Республикаси + 44,8 даража, 2010 йил 12 июл куни, + 45,4 даража иссиқ бўлган.

Индонезия пойтахти Жакарта шаҳри ҳам дунёнинг энг иссиқ шаҳарларидан бири ҳисобланади
Фото: mascontext.com

Энг иссиқ давлатлар

Энг иссиқ мамлакатлар рейтинги икки хил кўрсаткичга кўра тузилади. Биринчиси йил давомидаги ўртача ҳарорат бўйича, иккинчиси ҳарорат энг юқори бўлган кунларнинг давомийлиги бўйича.

1. Қатар

Йил давомида ўртача ҳаво ҳарорати энг юқори давлатлар рейтингида Қатар давлати биринчи ўринни эгаллайди. Бу давлатда ёз давомида ўртача ҳарорат + 41 даража, қишда эса + 25 даража иссиқ бўлади.

Фото: qatarliving

2. Ботсвана

Африкада жойлашган бу давлатда ёз давомида ўртача ҳарорат + 40 даража, қишда эса + 25 даража иссиқ бўлади.

3. Бирлашган Араб Амирликлари

Бу давлатда ёз давомида ўртача ҳарорат + 37 – 40 даража, қишда эса + 25 – 23 даража иссиқ бўлади.

4. Вьетнам

Жанубий-Шарқий Осиёдаги бу давлатда ёз давомида ўртача ҳарорат + 33 даража, қишда эса + 25 даража иссиқ бўлади.

5. Баҳрайн

Форс Кўрфазида жойлашган бу давлатда ёз давомида ўртача ҳарорат + 33 – 40 даража, қишда эса + 17 даража иссиқ бўлади.

6. Ямайка

Кариб ҳавзасида жойлашган Ямайкада йил давомида ўртача ҳарорат + 31 – 32 даража иссиқ бўлади.

7. Малайзия

Экваторга яқин жойлашган Малайзияда йил давомида ўртача ҳарорат + 32 даража иссиқ бўлади.

8. Ҳиндистон

Ҳиндистонда ёз давомида ўртача ҳарорат + 32 даража, қишда эса + 16 даража иссиқ бўлади.

9. Индонезия

Индонезия ҳам экваторга яқин жойлашгани учун у ерда ёз давомида ўртача ҳарорат + 31 даража, қишда эса + 29 даража иссиқ бўлади.

10. Эфиопия

Эфиопияда ёз давомида ўртача ҳарорат + 31 даража, қишда эса + 17 даража иссиқ бўлади.

Фото: yandex.ru

Ер юзаси ҳарорати

Маълумки ҳаво ҳарорати соя жойда ўлчанади. Шу сабабли қуёш нури тўғридан тўғри тушадиган аксарият жойларда ҳаво ҳарорати метеорологлар ўлчовидан сезиларли фарқ қилади. Масалан, соя жойда ҳаво ҳарорати + 40 бўлган жойда қуёш нури тўғридан тўғри тушадиган жойда + 50 – 60 даража иссиқ бўлиб кетиши ҳам мумкин.

Сунъий йўлдошлар ёрдамида амалга оширилган мониторингга кўра, 2010 йил 10 август куни Эроннинг жанубий-шарқида жойлашган чўл тепасида, денгиз сатҳидан 3900 метр баландликда Ер юзасидаги энг юқори ҳарорат, +70,7 даража иссиқ бўлгани ўлчанган. Ҳозирча Ер сатҳидаги энг иссиқ ҳарорат сифатида шу жой қайд этилган.

Фото: shutterstock.com

Ер сатҳида жуда юқори ҳарорат қайд этиладиган яна бир жой Хитойдаги Синцзян-Уйғур автоном ўлкасида жойлашган тоғли ҳудуд ҳисобланади. Қизил қум билан қопланган мазкур ҳудуддаги Ер сатҳида НАСА + 66,8 даража иссиқни қайд этган.

АҚШдаги Ўликлар водийси чўли ҳам энг иссиқ ҳудудлардан бири ҳисобланади. Бу ерда Ер юзасидаги ҳарорат + 56,7 даражагача чиққан.

Шунингдек, Арабистон яриморолидаги чўллар, Саҳройи Кабир чўллари, Эрон ва Марказий Осиёдаги чўллар Ер сатҳи ҳарорати жуда баланд бўлган ҳудудларга киради.

Бундан кейин нима бўлади?

Бугун дунёдаги аксарият иқлимшунослар ҳолат ҳозиргидай давом этаверса ва атмосферага чиқарилаётган заҳарли газлар миқдори камайтирилмаса аҳвол янада баттар бўлиб боравериши ва ҳаво ҳарорати кўтарилишда давом этишини тахмин қилишмоқда.

Жаҳон метеорологик ташкилоти 2022-2026 йиллар ичида ҳарорат 2017-2021 йилдагидан иссиқроқ бўлишини тахмин қилмоқда. Иқлимий меъёрнинг 1,5 даража ошиш эҳтимоли 2015 йилда нолга тенг бўлган. Бу эҳтимол 2017-2021 йилларда 10 фоизга, кейинги 5 йилликда эса 50 фоизга ошгани айтилмоқда.

Яна бир тарафдан дунё давлатлари орасида ҳавога чиқарилаётган заҳарли газларни камайтириш масаласида бирдамлик йўқ.

Фото: fb.ru

Масалан, 2015 йил 12 декабр куни Париж шаҳрида ўтказилган халқаро анжуман якунида Иқлим ўзгаришларига қарши Париж келишуви имзоланган эди. Келишувда барча давлатлар атмосферага чиқарилаётган заҳарли газлар миқдорини камайтиришга рози бўлганди.

Аммо орадан бир йил ўтиб Доналд Трамп АҚШ Париж келишувидан чиқишини маълум қилди. Орадан бироз муддат ўтиб АҚШ келишувдан чиқиб кетди. Дунёдаги атмосферага энг кўп заҳарли газ чиқараётган АҚШнинг бу иши Ерда экологик муаммоларнинг олдини олишга қаратилган ҳаракатларга жиддий зарба берди.

Аммо 2020 йил ноябр ойида бўлиб ўтган президентлик сайловида Трамп ютқазди. 2021 йил январ ойида АҚШнинг янги президенти Жо Байден қасамёд қилгач биринчи навбатда Париж келишувига қайтиш ҳақидаги қарорни имзолади.

Париж келишуви ҳаво ҳароратининг кўтарилиб боришини тўхтатадими?

2020 йилдан амалга киражак Париж келишувини шу пайтгача дунёнинг қарийб барча мамлакатлари ратификация қилган. Унга кўра, ҳужжатни ратификация қилган давлатлар глобал иқлим исишига қарши амалий ҳаракатларни амалга ошириши керак.

Бу учун улар:

  • Электр энергиясини тежаш масаласига эътибор бериши;
  • Қайта тикланувчи энергияни (яшил энергия деб аталади) ишлаб чиқаришга эътиборни ошириши;
  • Электрда ҳаракатланувчи транспортлар сонини кўпайтириши ва яна бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириб, глобал иқлим исишига қарши курашиш керак.

АҚШнинг Париж келишувига қайта қўшилишининг ижобий томони шундаки, бу давлат иқлим ўзгаришига олиб келувчи турли заҳарли газлар ва чиқиндилар чиқариш ҳажми бўйича дунёда биринчи ўринда туради.

Ундан кейин Хитой ва Европа Иттифоқи жойлашган. Агар улар Париж келишувида назарда тутилган ишларни амалга оширишга киришса ҳолат яхшиланиб кетмаса ҳам, атмосферанинг заҳарланиш даражаси ошмасдан бир хил туриши, ҳатто бироз камайиши мумкин.

Акс ҳолда Ерда ҳаво ҳарорати иқлим ўзгаришлари ва ҳавога чиқарилаётган заҳарли газлар ҳисобидан муттасил ошиб бораверади. Демак, барчаси инсониятнинг ўз қўлида.

Бугун Ер юзи дуч келаётган глобал муаммоларга асосан одамларнинг ўзи сабабчи бўлган. Айниқса, жиддий иқлим ўзгаришлари ва ҳаво ҳароратининг муттасил кўтарилиб боришида инсониятнинг яхшигина ҳиссаси бор. Бугун ана шу муаммоларни бартараф этишда дунё давлатларининг ҳамжиҳатлиги зарур.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид