Жамият | 15:47 / 31.07.2022
19542
3 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида 2 гектар ерни 500 минг долларга сотмоқчи бўлган шахс ушланди

Тошкент, Жиззах ва Андижон вилоятларида ер майдонлари ноқонуний сотилиши билан боғлиқ қатор ҳолатларга чек қўйилди.

Фото: Видеодан кадр

Давлат хавфсизлик хизмати Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида ер майдонларининг ноқонуний сотилишларига чек қўйди.

ДХХ ахборот хизмати хабарида қайд этилишича, ДХХнинг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси билан ҳамкорликда бир нечта тезкор тадбирлар ўтказилган.

Жумладан, Тошкент шаҳрида яшовчи муқаддам судланган шахс (1959 йилда туғилган) Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида жойлашган ва бошқа бир фуқарога иссиқхона ташкил этиши учун ажратилган 2 гектар суғориладиган ер майдонини ҳокимият тизимидаги танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб, у ерда ишлаб чиқариш цехи қуриши учун рухсат олиб бериш эвазига 500 минг доллари талаб қилган. У сўралган пулнинг 50 минг долларини олдиндан олган вақтида ушланган.

Бўстонлиқ туманида кузатилган ҳолатда эса (1990 йилда туғилган) шахс бошқа бир фуқарога тегишли фермер хўжалигига боғдорчилик учун 49 йил муддатга ажратилган 35 гектар ер майдонини мансабдор танишлари орқали аукцион савдоларига чиқармасдан харидор номига расмийлаштириб беришини айтган. Эвазига 350 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 40 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Тошкент шаҳрида яшовчи шахс (1992 йилда туғилган) ҳам ўзганинг ишончига кириб, Бўстонлиқ туманидаги маҳаллий МЧЖга тегишли 3 гектар ер майдонини унинг номига расмийлаштириб беришни ваъда қилган. Эвазига 680 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 10 минг доллар олган вақтида ушланган.

Бу йўналишда ДХХ Жиззах вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳам Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказган. Хусусан, Шароф Рашидов туманидаги пахта ва ғаллачиликка ихтисослашган фермер хўжалик раҳбари мазкур хўжаликнинг 5 гектар сувли ер майдонини 200 миллион сўмга сотмоқчи бўлган. Шунингдек, туман қишлоқ хўжалиги бўлимида ишловчи танишлари орқали ернинг тегишли ҳужжатларини харидор номига расмийлаштириб беришни режа қилган.

Аммо у сўралган пулни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Андижон шаҳрида ва Олтинкўл туманида яшовчи муқаддам судланган 3 нафар шахс ҳам ўзаро тил бириктириб, мансабдор танишлари орқали Олтинкўл туманидаги кичик саноат зонаси ҳудудидан 4,5 гектар ер майдонини харидор номига расмийлаштириб беришни айтган. Улар хизмати эвазига 36 минг доллар талаб қилган. Қонунбузарлардан бири сўралган пул маблағидан 10,7 минг долларини олган вақтида ДХХнинг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ҳамда департамент ходимлари томонидан қўлга олинган. Тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг икки нафар шериги ҳам ушланган.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид