Мянма ҳарбий хунтаси фавқулодда ҳолат режимини 2023 йил февралигача узайтирди
Мянмада 2021 йил бошида ҳарбий хунта ҳокимиятни эгаллаб олганидан бери амалда бўлган фавқулодда ҳолат 2023 йилнинг февралигача узайтирилди.
Мянма ҳарбий хунтаси мамлакатдаги фавқулодда ҳолат режимини яна олти ойга, 2023 йилнинг февралигача узайтирди, деб хабар бермоқда AFP 1 август, душанба куни давлатга қарашли Global New Light of Myanmar газетасига таяниб.
Миллий мудофаа ва хавфсизлик кенгаши Мянма ҚК олий бош қўмондони Мин Аун Хлайннинг таклифини бир овоздан қўллаб-қувватлади, деб ёзади газета. Ҳарбий раҳбарият яна мамлакатда парламент сайловларини ўтказишга рухсат берди, бироқ аниқ санани келтирмади, деб ёзади агентлик. «Мамлакатимизда халқ орзу қилган чинакам ва интизомли кўппартиявий демократик тузумни мустаҳкамлашда давом этишимиз керак», — дея генералнинг сўзларини келтиради маҳаллий нашр.
Мянмада ҳарбий ҳолат 2021 йил февралида мамлакатда ҳокимиятни қўлга киритгандан сўнг хунта томонидан жорий қилинган ва шундан бери бир неча бор узайтирилган. Ўшанда мамлакат қуролли кучлари олий бош қўмондони бошчилигидаги ҳарбийлар амалдаги бош вазир ва тинчлик учун Нобел мукофоти совриндори Аун Сан Су Чжи бошчилигидаги сайланган ҳукуматни ағдарди. У шу йилнинг апрель ойида коррупцияда айбланиб, беш йилга озодликдан маҳрум этилган эди.
Қўзғолондан бери хунта мамлакат аҳолисининг оммавий митинглар, иш ташлашлар ва фуқаролар итоатсизлигига қаратилган барча уринишларини шафқатсизларча бостирди. БМТ 2021 йилда мамлакат бўйлаб шаҳарларда намойишчиларга қарата рўй берган отишмаларни қайд этди. Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, режимнинг камида 1756 нафар мухолифи ўлдирилган, 13 мингдан ортиқ киши ҳибсга олинган. БМТ мамлакатда содир бўлаётган воқеаларни «оммавий қотилликлар» деб атади.
Июль ойида мамлакат ҳарбий маъмурияти бир неча ўн йилликлар ичида биринчи марта ўлим жазосини қўллади: режимнинг қамоқдаги тўрт нафар мухолифи «шафқатсиз ва ғайриинсоний террорчилик ҳаракатлари»да айбланиб, қатл этилди. Бундан аввал ўнлаб фаоллар ҳам ўлим жазосига ҳукм қилинган эди. БМТ бош котиби Антониу Гутерриш хунта қарорини «яшаш, эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқини қўпол равишда бузиш» деб атади.
Мавзуга оид
19:25 / 27.11.2024
Халқаро жиноий суд Мянма ҳарбий етакчисини ҳибсга олиш ордери берилишига эришишини маълум қилди
20:22 / 26.10.2024
Мянма собиқ етакчисининг куёви Facebookʼдаги постлари учун ҳибсга олинди
01:06 / 18.09.2024
Мянмада сув тошқинлари ва кўчкилар оқибатида 200 дан ортиқ одам ҳалок бўлди
20:37 / 15.09.2024