Хитой Пелосининг Тайванга ташрифи фонида АҚШ элчисини ТИВга чақиртирди
Хитой ташқи ишлар вазири ўринбосари Пелосининг Тайванга сафари юзасидан Вашингтонга «қатъий норозилик» билдирди. Хитой армияси «юқори жанговар шай» ҳолатга келтирилди.
АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси - Америка раҳбариятидаги ҳокимият иерархиясидаги учинчи шахснинг Тайван оролига ташрифи фонида Хитой АҚШнинг Пекиндаги элчиси Николас Бернсни ХХР ТИВга чақиртирди. Хитой ташқи ишлар вазири ўринбосари Се Фэн 2 август, сешанба куни Вашингтонга «қатъий норозилик» билдирди.
«Бу қадам ўта жиддий, унинг оқибатлари ўта оғир бўлади», — дея Сенинг сўзларидан иқтибос келтирган Xinhua агентлиги. «Хитой буни ҳеч қачон бефарқ кузатмайди», дея таъкидлади дипломат.
Се Фэннинг қайд этишича, Қўшма Штатлар «ўз хатолари учун жавоб бериши керак». У Вашингтонни «нотўғри ҳаракатларини зудлик билан тузатишга, Пелосининг Тайванга ташрифи натижасида юзага келган салбий оқибатларни бартараф этиш учун амалий чоралар кўришга» чақирди.
Хитой ҳарбийлари «юқори жанговар шай ҳолатда» эканини ва ташрифга «жавоб сифатида бир қатор аниқ мақсадли ҳарбий амалиётларни бошлаши»ни маълум қилди. Улар 3 август куни орол атрофидаги сувларда бир қатор ҳарбий машғулотлар ўтказиш режаларини очиқлади.
Айни пайтда, Хитойнинг инглиз тилидаги Global Times нашри хабар беришича, Хитой Халқ-озодлик армияси (ХХОА) аллақачон Тайван яқинида машғулотларни бошлаган.
ХХР ТИВнинг қурол назорати бўйича департаменти директори Фу Цун, ўз навбатида, ҳарбий сценарий эҳтимолини рад этмади: «Тайван ва Хитойнинг бирлашишига келсак, бизнинг позициямиз шундан иборатки, биз бунинг учун ҳамма нарсани тинч йўл билан қиляпмиз, бироқ ҳарбий вариантдан воз кечмаймиз».
Ўз навбатида, Хитойнинг Буюк Британиядаги элчиси Чжэн Цзэгуан Британия депутатлари делегацияси Тайванга ташриф буюрса, бу «жиддий оқибатларга олиб келиши» билан таҳдид қилди. «Биз Британия томонини Хитой-Британия қўшма коммюникесига риоя қилишга ва Тайван масаласининг ўта нозиклигини эътибордан четда қолдирмасликка, АҚШ изидан бормасликка чақирамиз», — деди дипломат.
АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси бўлган самолёт 2 август куни Тайвандаги Тайбэй аэропортига қўнди. Хитойнинг CGTN телеканали хабар беришича, ХХР қирувчи самолётлари Пелоси лайнери яқинлашиб келаётган вақтда Тайван бўғози орқали орол томон ўтган.
Reuters агентлигининг манбаларга таяниб хабар беришича, Пелоси Синьбэй шаҳридаги инсон ҳуқуқлари миллий музейида тайванлик бир гуруҳ жамоат арбоблари, шунингдек, Тайван маъмурияти раҳбари Цай Инвэнь билан учрашишни режалаштирган. The Washington Post газетаси маълумотига кўра, Пелоси Тайваннинг яримўтказгичлар ишлаб чиқарувчи Semiconductor Manufacturing Co ширкати раиси Марк Лю билан ҳам гаплашмоқчи бўлган.
Нэнси Пелосининг Осиё турнеси 31 июль куни бошланди. Сафар дастурига Малайзия, Сингапур, Япония ва Жанубий Кореяга ташрифлар киритилган. ХХР раиси Си Цзиньпинь АҚШ президенти Жо Байден билан телефон орқали мулоқоти чоғида АҚШни Вашингтоннинг Тайван бўйича позицияси юзасидан «ўт билан ўйнашмаслик» ҳақида огоҳлантирди.
Гап АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикерининг Тайванга сўнгги 25 йил ичида биринчи ташрифи ҳақида кетмоқда.
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг таъкидлашича, Конгресс Оқ уйдан мустақил, ҳукуматнинг тенг ҳуқуқли тармоғи, шунинг учун сафар қилиш қарори «тўлиқ спикерга боғлиқ».
Мавзуга оид
19:57 / 25.12.2024
Хитойда ёлғиз инсонларни оила қуришга ундовчи тарғиботлар кучайтирилди
19:00 / 25.12.2024
“Матрица”нинг бузилиши ва тарихий ордер
18:52 / 25.12.2024
Трамп ўлим жазосини қўллашда қатъият билан давом этишини айтди
14:53 / 25.12.2024