Хитой Пелоси ва унинг оила аъзоларига нисбатан санкциялар жорий қилди
Нэнси Пелосининг Тайванга ташрифи Хитой ҳудудий яхлитлигини бузди, дея маълум қилди ХХР ТИВ. Хитой элчиси Тайван бўғозидаги Хитой ҳарбий манёврлари фонида Оқ уйга чақиртирилди.
АҚШ Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси Тайванга ташриф буюрганидан сўнг, Хитой ҳукумати унга қарши санкциялар киритди. Жазо чоралари америкалик сиёсатчининг оила аъзоларига ҳам тегишли, дея маълум қилди 5 август, жума куни ХХР ТИВ. Пекинда таъкидланишича, Тайванга ташрифи билан Пелоси «Хитой ички ишларига аралашди» ва «мамлакат ҳудудий яхлитлигини» бузди. Қандай санкциялар ҳақида гап кетаётгани хабар қилинмаган.
Ўз навбатида, Оқ уй Хитой элчиси Цинь Ганни Тайван бўғозида ҳарбий машғулотлар ўтказаётган хитойлик ҳарбийлар чоралари фонида чақиртирди. ХХР элчиси Пекиннинг Тайванга нисбатан «провокацион ҳаракатлари»ни фош қилиш ва унга АҚШ минтақада инқироз бўлишини истамаслигини айтиш учун чақиртирилди, деди Оқ уй ҳузуридаги Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби The Washington Post нашрига.
Бундан ташқари, Хитой ташқи сиёсат идораси Япония элчисини Токио Хитойнинг G7 гуруҳи доирасидаги ҳарбий машқларини танқид қилгани муносабати билан чақиртиргани хабар берилди. Дипломатга расмий протест топширилди. Бир кун аввал Хитой ТИВ «катта еттилик» бошқа мамлакатлари элчиларини ҳамда ЕИ вакилини ҳам чақиртирган эди.
Сўнгги кунларда Нэнси Пелосининг оролига ташрифи муносабати билан Хитойнинг материк қисми ва Тайван маъмурияти ўртасидаги таранглик кучайди, АҚШ вакили 2 август куни кечқурун Осиё мамлакатлари бўйлаб турнеси доирасида Тайванга учиб келди ва 3 август куни уни тарк этди. Ташриф давомида Тайванни Вашингтоннинг қўллаб-қувватловига ишонтирган Пелоси 25 йил ичида Тайванга ташриф буюрган Қўшма Штатлар Конгресси Вакиллар палатасининг биринчи спикери бўлди.
Тайванни ўз ҳудуди деб ҳисоблайдиган Хитой расмийлари унинг оролга келишидан олдин ҳам кескин танқид қилган. 4 август куни, Пелоси кетганидан сўнг Хитой Халқ-озодлик армияси Тайванга яқин ҳудудда аввал эълон қилинган ҳаво ва денгиз ҳарбий машғулотларини бошлади.
Тайван Мудофаа вазирлиги Хитой манёврларини ўта провокацион деб атади. Тайван қуролли кучлари оролни ўраб турган ҳудудларда кенг миқёсдаги ҳаво ва денгиз ҳарбий машғулотлар фонида вазиятни кузатиш учун самолётлар, кемалар ва қуруқликдаги ракета тизимларини жўнатди.
Япония Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, Хитойнинг тўртта ракетаси Тайван бўғозидаги кенг кўламли ҳарбий машғулотлар вақтида Тайван устидан учиб ўтган.
Мавзуга оид
19:57 / 25.12.2024
Хитойда ёлғиз инсонларни оила қуришга ундовчи тарғиботлар кучайтирилди
14:53 / 25.12.2024
Хитой компанияси Аския бозорини 225,6 млрд сўмга сотиб олди
23:04 / 24.12.2024
Хитой қутб сувларида сузишга қодир дунёдаги энг йирик юк ташувчи кемани синовдан ўтказди
21:52 / 24.12.2024