ЕИ Янукович ва унинг ўғлига қарши янги санкциялар киритди
Украина собиқ президенти Виктор Янукович ва унинг ўғли Александрга Украина «ҳудудий яхлитлигига путур етказиш ёки унга таҳдид солишдаги роли» учун чеклов чоралари қўлланилди, дея хабар берди ЕИ кенгаши.
Европа иттифоқи Украина собиқ президенти Виктор Янукович ва унинг ўғли Александрга қарши «РФнинг Украинага қарши давом этаётган асоссиз ҳарбий агрессиясига жавобан» янги санкциялар киритди. Тегишли ҳуқуқий ҳужжатлар 4 август, пайшанба куни ЕИ расмий журналида чоп этилди.
ЕИ кенгаши Янукович ва унинг ўғлини «Украинанинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва мустақиллигига, мамлакат барқарорлиги ва хавфсизлигига путур етказиш ёки унга таҳдид солишдаги роли учун» чеклов чоралари қўлланиладиган шахслар, ташкилотлар ва органлар рўйхатига қўшди. Бундан ташқари Александр Викторович Янукович «Донбассдаги айирмачи гуруҳлар билан битимлар амалга оширгани учун» санкцияга дучор бўлди, дейилади баёнотда.
Ҳужжатда қайд этилишича, Виктор Янукович 2010-2014 йилларда Украина президенти бўлиб, «россияпараст сиёсат» олиб борган, ҳокимиятдан четлаштирилгач эса Россияга кўчиб ўтган у ердан «Украинани беқарорлаштиришга қаратилган фаолиятини давом эттирган». Александр Янукович, ЕИ маълумотларига кўра, Киев назорати остида бўлмаган Донбасс ҳудудида тижорат фаолиятини, хусусан, энергетика, кўмир, қурилиш, банк ва кўчмас мулк соҳаларида олиб боради ҳамда «руспараст айирмачилар билан яқин алоқаларга эга».
Аввалроқ Янукович ва унинг ўғли Украина давлат маблағларини ўзлаштириш ва талон-торож қилиш айбловлари бўйича ЕИ санкциялар рўйхатига киритилган эди.
Мавзуга оид
15:32 / 20.12.2024
Британия Гуржистон ИИВ раҳбариятига қарши санкциялар киритди
14:54 / 17.12.2024
Сеул РФ ва КХДР ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик учун санкциялар киритди
13:27 / 17.12.2024
ЕИ Минскка қарши санкцияларни кенгайтирди
08:50 / 17.12.2024