Жамият | 20:12 / 07.08.2022
27347
1 дақиқада ўқилади

Сувсиз Бекат: бир пиёла чой ичиш машаққати

Фарғона туманининг Қўрғонтепа қишлоғи Бекат маҳалласи аҳолиси сувни 6-7 км масофадан ташиб келиб ичади. Уйда кимнинг вақти бўлса, қўлига бўш идиш олади-да, сув ташишга жўнайди...

70 ёшни қаршилаётган Абдували ота Қосимов узоқ йиллар қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаган, ҳозир нафақада. У томорқасида узум, олма ва ўрик парвариш қилади. Товуқ ва молларига қарагач, невараларини ёнига олиб, уйга ичимлик суви ташийди.

Бугун ҳам нонуштадан сўнг Абдували ота сув идишларни велосипедига боғлади. Икки хонадон нарида яшайдиган жиянининг уйига кириб, идишларни мотоциклга жойлаб сувга жўнади. Ота деярли ҳар куни жиянининг мотоциклида 6-7 км йўл босиб сув ташийди. Ёши катта, велосипедида сув ташишга мадори етмайди.

Узоқдан сув ташиш Абдували ота яшайдиган Бекат аҳлининг кундалик турмуш тарзига айланган. Одамлар бир пиёла чой ичиш учун машаққат билан сув ташийди. Шунгадир, бу ерларда одамлари машинасини-да ичимлик сувида ювадиган шаҳарлардан кўра сувнинг қадри анча баланд...

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири

Монтаж устаси: Абдусалим Абдувоҳидов.

Мавзуга оид