Ўзбекистон | 12:00 / 09.08.2022
8459
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда МИБ ходими пичоқланди

МИБ ходимлари алимент ундириш учун борганда, қарздор фуқаро маст ҳолда уларга ҳужум қилган.

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, 2022 йил 5 август куни Бахмал тумани Калтатой қишлоғида ўз хизмат вазифасини бажараётган МИБ ходимларига фуқаролардан бири пичоқ билан ҳамла қилиб, ходимлардан бирига тан жароҳати етказган.

Маълум бўлишича, МИБ Бахмал тумани бўлими ижрочиси 2 нафар ҳамкасби билан “Қутлуғобод” МФЙга қарашли Калтатой қишлоғида яшовчи фуқародан шу қишлоқда яшовчи собиқ турмуш ўртоғининг бир нафар вояга етмаган фарзанди фойдасига 15 миллион сўм алимент пулларини ундириш тўғрисидаги фуқаролик ишлари бўйича Ғаллаорол туман суди ижро ҳужжатига асосан борган.

Хонадон соҳиби маст ҳолатда алимент пулларини бермаслик мақсадида жанжал кўтариб, қўлида бўлган ошхона пичоғи билан хизмат вазифасини бажараётган МИБ ходимининг танасига бир неча маротаба уриб, унга тан жароҳати етказган.

Оқибатда жабрланувчи “қорин бўшлиғининг чап ва пастки қисми, кўкрак қафасининг чап биқин соҳаси ҳамда чап елка соҳаларига санчилиб кирган жароҳати” ташхиси билан туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч бўлимига ётқизилган. Кўрсатилган тиббий муолажалар натижасида унинг ҳаёти сақлаб қолинган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, Қашқадарёда МИБ ходимини уриб, тан жароҳати етказган фуқаро озодликдан маҳрум этилганди.

Мавзуга оид