Ўзбекистон | 19:11 / 09.08.2022
6175
4 дақиқада ўқилади

Марказлашган иссиқлик таъминотига уланган кўп қаватли уйларга “ақлли” газ ҳисоблагичларини ўрнатиш мажбурий тартибда амалга оширилмайди

Фото: Ōsten

Навоий ва Бухоро вилоятларида ҳамда Тошкент шаҳрида марказлашган иссиқлик таъминотига уланган ҳамда табиий газ истеъмоли юқори бўлмаган 11,5 мингта кўп қаватли уйларда электрон газ ҳисоблагичлари ушбу уйларнинг кириш қисмидаги умумий газ қувурларига ўрнатилади.

“Ҳудудгазтаъминот” Вазирлар Маҳкамасининг “Республика истеъмолчиларининг табиий ва суюлтирилган газ таъминоти тизимининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига изоҳ берди.

Қайд этилишича, 2022 йилнинг октябр ойига қадар республика ҳудудларида ер участкаларида жойлашган ҳамда марказий иссиқлик таъминотига уланмаган кўп қаватли уйларда “ақлли” газ ҳисоблаш ускуналарини ўрнатишни якунлаш керак. Шунингдек, Навоий ва Бухоро вилоятларида ҳамда Тошкент шаҳрида марказлашган иссиқлик таъминотига уланган ҳамда табиий газ истеъмоли юқори бўлмаган 11,5 мингта кўп қаватли уйларда электрон газ ҳисоблагичларнинг ушбу уйларнинг кириш қисмидаги умумий газ қувурларига ўрнатилиши режалаштирилган.

Таъкидланишича, мазкур ечим хонадонларга ҳисобдонлар ўрнатилиши ноқулайлиги ва уларнинг табиий газдан кам истеъмол қилинишини қайд этган фуқароларнинг мурожаатлари ва таклифларини инобатга олган ҳолда қабул қилинган.

“Ҳозирги кунда мамлакат бўйлаб 396 мингдан ортиқ хонадонда биттадан газ плитаси ўрнатилган бўлиб, уларнинг газ истеъмол ҳажми ойига 5 кубометрдан 27 кубометргачани ташкил этмоқда. Шунга асосланиб, кўп қаватли уйларнинг умумий истеъмол ҳажмини мониторинг қилиш учун газ ҳисоблагичлар уйларнинг кириш қисмидаги умумий газ қувурларига ёки истеъмолчи илтимосига биноан хонадон ичига ўрнатиб берилади. Янги ҳисоблагични ўрнатишни истамаган тақдирда эса истеъмолчи эски турдаги ҳисоблагични текширувдан ўтказиб фойдаланиши ёки хонадонда яшовчи фуқаролар сонига қараб табиий газ учун тўловни амалга ошириши мумкин”, дейилади “Ҳудудгазтаъминот” баёнотида.

Қарорда истеъмолчиларга табиий газ етказиб беришни “газ тақсимлаш станцияси – туман (шаҳар) чегараси – йирик участкаларнинг кириш қисми –истеъмолчи” технологик занжири асосида туман (шаҳар)лар чегарасидаги қувурларга 1,8 мингта электрон ҳисоблагич ўрнатилиши ва “онлайн” мониторинг қилиш имконини берувчи автоматлаштирилган тизимни ишга тушириш вазифаси қўйилган.

Шунингдек, кейинги уч йил давомида 706,5 мингта хонадонда икки босқичли газ таъминоти тизими жорий этилиши ва истеъмолчиларга етказиб бериладиган табиий газ ҳажмлари балансини автоматик равишда шакллантирувчи дастурий таъминот жорий этилиши режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, 381,3 км янги газ қувурларини қуриш, 452,4 км газ қувурларини таъмирлаш ҳам кўзда тутилган.

Ҳукумат қарорида техник сабабларга кўра назорат қилиш имконияти чекланган газ тармоқлари хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Шу мақсадда ерости ва ерусти газ қувурларининг техник жараёнларини таҳлил қилиш ҳамда газ сизиб чиқиш ҳолатларини аниқлаш учун 2 дона учувчисиз учиш аппарати (дрон), георадар ва масофавий газ детекторлар, 5 дона мобиль лаборатория харид қилинади.

Мавзуга оид