Ўзбекистон | 16:01 / 12.08.2022
4124
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда барча аэропортлар учун ягона бошқарув тизими ишга туширилди

Uzbekistan Airports мамлакат аэропортларини автоматлаштирмоқда.

Фото: Uzbekistan Airports

Uzbekistan Airports мутахассислари мамлакат халқаро аэропортларини янги босқичга олиб чиқиш учун муҳим IT ва дастурий таъминот тизимларини босқичма-босқич жорий этишга киришди

Айни пайтда аэропортда операцион маълумотлар базаси AODB (Airport Operational Database) тизими, авиакомпаниялар билан слотларни мувофиқлаштириш ва жадвални яратиш учун Slot (Slot Management System) тизими ва йўловчиларга маълумотларни визуал етказувчи FIDS (Flight Information Display Systems) тизими жорий этилди.

AODB тизими кўп сонли ташувларни, трансферларни хавфсиз ва самарали бошқариш имконини беради. Ҳар куни ўнлаб аэропорт хизматлари тизимни маълумотлар билан тўлдириб, барча аэропортлар учун ягона маълумотлар базасини шакллантиради. Унда ҳар куни ҳаво кемалари барча учиш ва қўнишлари, рўйхатдан ўтиш ва бортга чиқиш вақти, йўловчилар ва багажлар сони, хизмат кўрсатишда қатнашган техникалар тўғрисида маълумотлар тўпланиб боради. 

AODB асосида Slot ва FIDS қуйи тизимлари ўрнатилган. Слот-координация тизими автоматик равишда парвозлар жадвалини - келиш ва жўнаш вақтларини яратади. FIDS тизими AODB ва Slot билан интеграциялашган ҳолда йўловчилар учун зарур бўлган маълумотларни аэропорт терминалларидаги таблоларда акс эттиради.

«Ўзбекистон аэропортлари ахборот технологияларисиз рақобатбардош бўла олмайди. Бугунги кунда IT инфратузилмасини яратмасдан, унинг доимий ўсиши ва ривожланишисиз йирик йўловчи оқимларини бошқаришнинг иложи йўқ. Бу глобал авиакомпаниялар учун ҳам муҳим мезондир. Улар парвоз жадвали қоғозда ёзиладиган аэропортларга учмайди, улар қулай тарифлардан ташқари, замонавий технологиялар таклиф эта оладиган аэропортни танлайди. Ушбу тизим ва дастурий таъминотлари жорий этилиши ишлаб чиқариш ва молиявий кўрсаткичлар бўйича барча маълумотларни онлайн тарзда олиш имконини беради», – деди Uzbekistan Airports бошқаруви раиси Раъно Жўраева.

AODB кўп тармоқли тизим бўлиб, барча халқаро аэропортларни битта операцион марказдан бошқариш имконини беради. Monitor Soft, ZAMAR, ARINC ва TAV technologies каби хорижий компаниялар иштирок этган тендер натижасида ушбу дастурий пакетни етказиб берувчи сифатида IPG компанияси танлаб олинди.

Мавзуга оид