Мисрнинг Гизасидаги қиптийлар черковида ёнғин оқибатида 40 дан ортиқ киши ҳалок бўлди
Мисрдаги Гиза шаҳрида жойлашган қибтийлар (коптлар) черковида ёнғин рўй бериб, камида 41 киши ҳалок бўлди ва ўнлаб кишилар тан жароҳати олди. Хабар қилинишича, кўплаб одамлар ёнғиндан кейин юзага келган тиқилинчда жабрланган. Қурбонлар орасида болалар ҳам бор.
Reuters агентлиги манбалари хабар беришича, «Абу-Сифин» черковида якшанба ибодатига 5 минг нафарга яқин киши йиғилганди. Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин электр узатиш симларида юзага келган ва унинг ўчоғи ибодатхонага кириш қисмида бўлган. Натижада бинодан чиқиш тўсилиб қолган ва тиқилинч юзага келган.
Кейинроқ ёнғин бартараф этилган, ҳозирча унинг келиб чиқиш сабаби номаълум, аммо қўшни черков руҳонийларидан бири «Франс-пресс» агентлигига айтишича, бинода қисқа туташув туфайли ёнғин юзага келган. «Электр таъминоти узилганди ва улар генератордан фойдаланишаётганди. Электр яна қайтганида эса юклама юзага келган», деган у.
Гувоҳлар ёнғин бошланиш чоғини шундай тасвирлашади: «Диндорлар учинчи ва тўртинчи қаватга йиғилишганди ва биз иккинчи қаватдан тутун бурқсиб чиқаётганини кўрдик. Одамлар зиналар бўйлаб пастга туша бошлашди ва бир-бирларини йиқитиб босиб ўтишди. Кейин биз портлаш овозини эшитдик, учқун чақнаганини ва деразадан олов чиқаётганини кўрдик», деган агентлик билан суҳбатда ҳодиса гувоҳларидан бири Ясир Мунир. Унинг изоҳлашича, бу вақтда у ҳамроҳи билан биринчи қаватда бўлган, шу туфайли қочиб қолишга улгурган.
Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий «қурбонларнинг оила аъзоларига чин дилдан ҳамдардлик» изҳор этган.
Воқеа жойига фожиа сабабларини ўрганиш учун прокуратура ходимлари йўлланган.
Гиза Нил соҳилида жойлашган ва Қоҳира конгломерацияси таркибига киради.
103 млн киши яшовчи Мисрда 10 млн атрофида христиан-қибтийлар истиқомат қилади. Миср христианлари тез-тез дискриминациядан шикоят қилади, сони кўп бўлишига қарамай уларнинг мамлакат ҳаётидаги ўрни бунга мутаносиб эмас.
Мавзуга оид
13:18
Россиядаги ёнғинда Ўзбекистоннинг 5 нафар фуқароси ҳалок бўлди
21:23 / 21.12.2024
Фарғонадаги цехда юз берган ёнғин оқибатида бир киши ҳалок бўлди
08:45 / 20.12.2024
Тошкентда яна бир йўловчи автобусида ёнғин чиқди
15:10 / 19.12.2024