Ўзбекистон | 11:17 / 15.08.2022
34747
5 дақиқада ўқилади

“Комиловнинг ишдан олинишини кўпчилик кутганди” — фаоллар судлар фаолияти ҳақида

Олий суд раиси Козимжон Комилов Президент администрациясидаги ўзгаришлар ортидан ишдан олинган энг юқори лавозимли мулозим бўлди. Таҳлилчиларга кўра, бунга одамларнинг суд органларидан норозиликлари ошиб бораётгани ҳам сабаб бўлган.

Kun.uz жамоатчилик фаоллари иштирокида суд тизимидаги сўнгги ўзгаришлар, шунингдек, тизимдаги муаммолар юзасидан таҳлилий суҳбат ўтказди.

Козимжон Комилов Олий суд раиси лавозимига қайта сайланганидан 2 ой ўтиб, ишдан олинди. Энди у Конституциявий судда судьялик қилади.

Хўш, Комилов икки ой аввал Олий суд раислигига нега тайинланганди-ю, 10 август куни яна нега ишдан олинди?

Бунга расман айтилганидек, Комиловнинг соғлиғидаги муаммолар сабаб бўлса, у қандай қилиб нуфуз жиҳатидан Олий суддан юқорироқ бўлган Конституциявий судда судьялик қилади?

Одамларда-чи, уларда судлар фаолиятига нисбатан эътирозлар, норозиликлар нега бунчалик кўп?

Kun.uz мухбири Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев, Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов ва адвокат Жаҳонгир Муталипов иштирокида суд ҳокимияти ва юқоридаги вазият таҳлилига бағишлаб интервью ўтказди.

— Козимжон Комиловнинг Олий суд раислигига қайта сайланганига кўп вақт бўлмаганди. Хўш, бу лавозим ўзгаришни қандай тушуниш керак?

Расул Кушербаев:

— Бу ўзгариш шахсан мен учун ҳам янгилик бўлди. Рости, Козимжон Комилов икки ой аввал лавозимга қайта сайлангач, бу соҳада ўзгаришлар бўлишига қизиқишим қолмаганди. Ишлар аввалгидай бир меъёрда кетса керак, деган фикр бор эди. Бу қандайдир кутилмаган қадам бўлди.

Албатта, менда бу борада аниқ фактлар йўқ, лекин фикримча, бу сўнгги вақтларда юқори раҳбариятда бўлаётган ўзгаришлар билан бевосита боғлиқ. Нима бўлганда ҳам бу ўзгаришдан ёмонлик эмас, кўпроқ ижобий маъно қидиришга ҳаракат қиляпмиз. Қисқа вақтда эса айтилаётган фикрлар, умидлар ўзини қанчалик оқлашини кўришимиз мумкин.

Абдураҳмон Ташанов:

— Сўнгги икки ой бизда ўзгаришлар даври бўляпти. Конституция ислоҳоти, Қорақалпоғистондаги воқеалар ва умуман, одамлар билан қандай гаплашиш керак, уларга нима дейиш, уларнинг ҳуқуқлари борасида нималар бўлиши керак, деган савол пайдо бўлди. Бу савол эса ҳукуматни анча ҳушёр торттирди.

Мен кичик бир нодавлат ташкилотимиз ўтказган мониторинг натижаларидан келиб чиқиб, айтишим мумкинки, одамларда судлар фаолиятидан норозилик, ғазаб ниҳоятда кучли. Мен икки ой аввал Козимжон Комиловнинг учинчи муддатга сайланишидан ҳатто ҳайрон бўлгандим.

Бу одамнинг ишдан бўшатилиши бир томондан кутилмаган, иккинчи томондан эса кутилган иш эди. Чунки норозлик кўлами жуда катта эди.

Қайтараман, Комилов ўша пайтда нотўғри сайланганди. Одамлар ўша пайтда Комилов ишдан олиниши ва ўзгаришлар бошланишини кутганди. Афсуски, ўзгариш бўлмаганди. Ҳечдан кўра кеч, дейишади. Мана, ҳозирги ўзгаришлар кўпчилик қатори бизни ҳам хурсанд қилди. Бундай бўлмаса, соҳа жиддий норозиликларга тўлиб кетганди.

Жаҳонгир Муталипов:

— Эсингизда бўлса, 2017 йилда президент барча судьяларни йиғиб, катта йиғилиш ўтказган эди. Ўша пайтда ҳам Комиловнинг фаолиятига яхши баҳо берилмаган. Яъни президент унга қарата “ҳамма қилиб юрган ишларингни биламан, ноинсоф”, деганди.

Суд бугунги кунда ниҳоятда ачинарли аҳволда.

Шунингдек, фуқароларни маъмурий жавобгарликка тортиш судларда иш ҳисобланмай қўйди. Судларда бунинг масъулияти борлиги, эртага жавоб бериши мумкинлиги фикри йўқ бўлиб қолди. Судни онлайн ўтказади, айбланувчини эшитмайди, бўлди, сенга 15 сутка жарима. Бу ҳолатлардан одамларнинг паймонаси тўлди.

Судьянинг вазифаси айбловчи ва ҳимоячининг фикрини эшитиб, кимнинг далили кучли, кимнинг далили тўғрилигига қараб хулоса чиқариш. У кимнидир айбдор деб хулоса чиқариш учун барча далилларни диққат билан текшириши керак.

Битта участка нозирининг чаласаводларча ёзган маълумоти судда ўтиб кетаверса, билмадим, у қандай суд бўлади.

Ўйлашимча, Қорақалпоғистондаги воқеаларнинг бир учи ҳам айнан судлар фаолиятидаги бугунги аҳвол. Ижтимоий кайфият бу. Ижтимоий кайфиятни эса суд шакллантиради, чунки адолат бор деган жойда ҳам судни айта оласиз, адолат йўқ деган жойда ҳам судни айта оласиз.

Комилов, менимча, кўп огоҳлантирилган бўлса керак. Чунки раҳбарлар ҳам халқнинг норозилигидан манфаатдор эмас. Лекин сўнгги икки ойда судларда аҳвол ёмонлашса ёмонлашдики, яхшиланмади.

Тўғрисини айтсам, икки ой аввал ҳам мен Комиловнинг сайланмаслигини кутгандим. Энди ишдан олиниши эса тактик юришлардан бири бўлса керак. Қолдириш режада бўлмаган-у, икки ойдан кейин унга таъсир қилсин, дея ўйланган бўлиши мумкин.

Ҳозир кўчага чиқинг-да, исталган одамдан сўранг, у суддан норози.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Интервью 12 август куни ёзиб олинди.

Интервьюни Илёс Сафаров ўтказди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Муҳиддин Қурбонов.

Мавзуга оид