Ўзбекистон | 07:18 / 15.08.2022
20511
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда ЙҲХБ бошлиғи номига сохта «визитка» ясалгани маълум бўлди

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ бошлиғи полковник Рафиқ Жалилов номига ясалган ташриф қоғози (визитка) ва “Кобальт” русумли автоулов ҳайдовчиси ҳужжатлари сурати тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлди.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи топшириғига асосан текширув ўтказилди. Ташриф қоғозидаги имзо ким томонидан бажарилганини аниқлаш мақсадида, судга оид хатшунослик экспертизаси тайинланди. ИИВ Эксперт-криминалистик бош маркази мутахассислари томонидан ўтказилган экспертиза хулосасига кўра, ташриф қоғозидаги имзо Рафиқ Жалилов томонидан эмас, балки бошқа шахс томонидан бажарилгани аниқланди.

Ҳозирда ушбу имзони бажарган шахсни аниқлаш борасида терговга қадар текширув ўтказилмоқда.

ИИББ хабарида таъкидланишича, ташриф қоғози ҳеч қандай ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас ҳамда расмий ҳужжат бўлмагани сабабли ташриф қоғози ҳеч кимга муайян ҳуқуқ ҳамда имтиёз бермайди.

Бош бошқарма бошлиғи томонидан барча ЙҲХБ шахсий таркибига йўлларда ташриф қоғозларини кўрсатиш ҳолатларига кескин чора кўриш ва бу ҳақида дарҳол шахсий хавфсизлик бошқармасига ахборот бериш лозимлиги ҳақида кўрсатма берилган.

Ижтимоий тармоқда тарқалган суратда акс этган гувоҳнома эгаси, яъни автоулов ҳайдовчиси, 1991 йилда туғилган З.С. сўнгги бир йил ичида йўл ҳаракати қоидаларини бузгани учун икки маротаба маъмурий жавобгарликка тортилган.

Бундан олдин ҳайдовчилар орасида махсус “визитка”лар тарқалгани, ЙҲХХ улар сохта эканини маълум қилгани хабар берилганди

Мавзуга оид