Спорт | 15:24 / 17.08.2022
19191
14 дақиқада ўқилади

Қачондан чемпионлик ҳақида ўйлай бошлагани ва шогирдларини базмга юбормагани ҳақида. Шахмат жамоаси мураббийи билан интервью

Иван Соколов олтин медални қўлга киритган Ўзбекистон жамоасига қандай мураббийлик қилаётгани ҳақида.

Photo: Maria Emelianova/Chess.com

Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида бўлиб ўтган Олимпиадада олтин медални қўлга киритган Ўзбекистон жамоасига Иван Соколов мураббийлик қилди. Унинг ўзи ҳам олдин топ-шахматчи бўлган.

Chess.com сайтига берган интервьюсида келиб чиқиши босниялик бўлган гроссмейстер ўзбек вундеркиндлари билан ишлаш қандай эканини айтиб берди.

54 ёшли Соколов 1990-йилларда ва 2000-йилларнинг бошида энг юқори савияда ўйнаган. 20 йил давомида у доимий равишда энг яхши 30 шахматчи қаторида бўлган ва уч марта дунё рейтингида 12-ўринни эгаллаган. Юқори ўнталикка кира олмаган гроссмейстерлар орасида у энг муваффақиятлиси эди, дейилса муболаға бўлмайди.

Бир неча катта турнирлардаги (масалан, Ҳогевен, Селфосс, Сараево) ғалабадан ташқари у фаолиятида классик партиялар бўйича жаҳон чемпионлари Гарри Каспаров, Владимир Крамник, Вишванатан Ананд, Веселин Топалов ҳамда ёш Магнус Карлсенни мағлуб этган.

Иван Соколов 2017 йил Европа жамоаси сафида ўйнамоқда. Фото: Maria Emelianova/Chess.com

Иван Боснияда (ўша пайтдаги Югославия, ҳозирги Босния ва Герцеговина) туғилиб ўсган ва 1990-йиллардаги уруш пайтида мамлакатни тарк этган, қочқинликка юз тутган миллионлаб одамлардан бири эди. 1992 йилда у шахматни ўзгача қадрловчи Нидерландияга кўчиб боради. Бу мамлакатда йилига беш-олтита катта турнирлар ўтказиларди. Янги ватани унга хориждаги турнирларда иштирок этишни ҳам осонлаштирди.

Соколов турмушидан ажрашган, ҳозирда 20 ёшлар атрофидаги икки фарзанди билан Амстердамда яшайди. 2008 йилдан буён шахмат бўйича мураббийлик қилади. Аввалига у собиқ Югославиянинг энг яхши истеъдодлари (хорватиялик Иван Шарич ва Марин Босиочич, босниялик Борки Предоевич), кейинроқ ҳиндистонлик Баскаран Адҳибан ва БАА вакили Салим Солиҳ билан ишлаган.

Шахмат карьерасидан воз кечиб, мураббий сифатида ишлаш ҳақидаги қарорни 2013 йилда қабул қилган ва бу билан боғлиқ кулгили воқеа бор:

«2013 йилда мен ҳали ҳам яхши рейтингга эга эдим (2663 балл). Аммо бу кўтарилишлар ва пасайишлар йили бўлди. Тахминан июн ойида БАА шахмат федерациясидан таклиф олдим. Улар Салим Солиҳга мураббийлик қилишимни сўрашди. Аммо Дубайга доимий иш учун кўчиб ўтишни хоҳлаётганимга ишончим комил эмасди.

Сўнгра 600 га яқин шахматчи иштирок этган Vienna Open турнирида ўйнадим. Туркиялик ёш шахматчига ютқазиб қўйдим ва 100 евро мукофот пули олдим. Сўнгра аэропортга бордим, Амстердамга парвоз қилишим лозим эди. Аммо улар менга: «Самолёт тўлган. Кейинги парвозни икки соат кутасизми? Биз сизга 250 евро тўлаймиз», дейишди. Рози бўлдим ва ўйланиб қолдим. Мен катта турнирда 10 кун ўйнаб, 100 евро ишлаб олдим. Бу ерда эса икки соат кутишим учун 250 евро беришяпти. Бу ерда нимадир нотўғри. Вазиятни таҳлил қилганимдан сўнг, Дубайга қўнғироқ қилдим ва таклиф ҳали ҳам амалдами деб сўрадим».

Соколов ҳозир ҳам бу қароридан афсусда эмас. Ишлар яхши кетмоқда ва унинг мураббий сифатидаги натижалари бундан далолат беради – Ченнайдаги Олимпиада олтин медал билан якунланди.

Иван 2016 йилнинг ёзига қадар Салим билан ишлади, у тез орада Осиё чемпиони бўлди. 2014 йил Тромсё Олимпиадасида БАА жамоасига мураббийлик қилди. Бу унинг мураббий сифатидаги илк Олимпиадаси эди. Бунгача у 1988 йилдан 2012 йилгача барча олимпиадаларда шахматчи сифатида иштирок этган (Югославия, Босния ва Герцеговина, Нидерландия терма жамоалари вакили сифатида). Фақат Дрезден-2008 олимпиадасини ўтказиб юборган.

Алиризо Фирузжоҳнинг кашф этилиши

2016 йилда Соколов Эрон жамоасига устозлик қила бошлади, бу лавозимда 2019 йилги жамоавий жаҳон чемпионатига қадар ишлади.

Алиризо Фирузжоҳ Ригадаги чемпионатда, 2021 йил. Фото: Maria Emelianova/Chess.com.

Эронликлар жамоаси Бокуда ўтган 2016 йилги шахмат олимпиадасида Озарбойжон ва Хитой каби шахмат етакчилари билан бирга 11-ўринни эгаллаб, шов-шувли натижани қайд этди. 2018 йилда эронликлар Осиё Миллатлар Кубогида ғалаба қозонди. Шахмат олимпиадасида эса Ҳиндистон ва Хитойни ортда қолдириб 15-ўринни эгаллади.

Ўша пайтда унинг шогирдларидан бири гроссмейстер Алиризо Фирузжоҳ эди. Кейинчалик у Францияга кўчиб ўтди ва 2800 рейтинг баллини қўлга киритган энг ёш шахматчи бўлди.

«2016 йилда Олимпиадага бир ой қолганда Эронга бордим. Қўл остимда Эҳсон Мақомий, Парҳом Мақсудли, Муҳаммад Таботабоий, Алиризо Фирузжоҳ каби ёш гроссмейстерлар бор эди. Уларнинг ичида Алиризо шахматга алоҳида меҳри, содиқлиги билан ажралиб турган. Унинг салоҳияти катта эканини ўша пайтда сезганман. Биз кунига 10 соат шуғулланар эдик», дейди Соколов.

Компьютерлар билан ишлаш

Классик тайёргарликка эга Соколов учун компьютерлардан кўпроқ фойдаланишга мойил бўлган ёшлар билан ишлаш ҳам завқ, ҳам қийинчилик туғдиради.

«Нафақат Алиризо, балки бошқа ёш шахматчилар билан ишлаганимда ҳам уларнинг маълум бир позиция учун ноанъанавий таклиф беришига дуч келганман. Улардан «компьютерга бу ёқади» деган жавобни олганман. Сўнгра ўша вазиятни таҳлил қилиб чиққанмиз ва компьютернинг янглишаётганини аниқлаганмиз. Агар компьютер билан компьютер ўйнаса, таҳлил тўғри, аммо одамлар ўйнаганда таҳлил ўзгача бўлиши ҳам мумкин».

Соколов шахматчиларга компьютердан ўрганишга ёрдам берадиган ўзига хос усулга эга: шахматчи компьютер таклиф қилган энг яхши юришни эмас, балки ўзи хоҳлаётган юришни қилиши керак. Бу компьютер учун бешинчи ўринда турадиган юриш бўлиши мумкин.

«Мураббийлик фаолиятимда сунъий интеллект қандай ишлашини ва тез-тез нотўғри йўлга йўналтириб туришини тушуниб олдим. Яккама-якка ўйинда унинг таҳлилига кўп ишонч билдирилади. Амалиётда эса бу бироз бошқача».

Ўзбекистонга мураббийлик қилиши

2022 йилнинг май ойида ўтказилган Sharjah Masters турнирида Ўзбекистон шахмат федерацияси унга миллий жамоага мураббийлик қилишни таклиф этди. Соколов Ченнай олимпиадасида шарҳловчилик қилмоқчи эди, аммо режасини ўзгартириб, Тошкентга йўл олди.

Иван олимпиадада иштирок этиш учун танлаб олинган шахматчилар Нодирбек Ёқуббоев (олимпиададаги экилган ўрни 20), Жавоҳир Синдаров (16), Жаҳонгир Воҳидов (27) ва Шамсиддин Воҳидов (20) билан учрашди. Нодирбек Абдусатторов (17) халқаро турнирда иштирок этаётгани сабабли, учрашувда йўқ эди.

Ишни қандай бошлади?

«Уларнинг сўнгги 12 ой ичидаги ўйинларини таҳлил қилдим. Дебютларга унчалик эътибор бермадим. Уларнинг қандай шахматчи эканини, қандай ўйнашини тушунишга кўпроқ ҳаракат қилдим», дейди Соколов.

«Уларни тўғри йўналтириш учун мияси қандай ишлашини тушуниб олиш керак. Бундан ташқари, уларга қандай турдаги позициялар тўғри келишини, камчиликларини, оғир вазиятга тушмаслик учун уларни айланиб ўтиш йўлларини билиб олиш керак.

Мен бошиданоқ, ишга киришишдан олдин уларга айтдим: «Сизларни осмонга олиб чиқмоқчи эмасман. Лекин яхшироқ шахматчи бўлишингизга, тўғри танлов қилишингизга ёрдам бера оламан, нима устида ишлашингиз кераклигини кўрсата оламан».

Соколов шахматчиларга кўплаб миттельшпиль позицияларни берди, уларнинг қарор қабул қилиш жараёнига эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, позициялар базаси Эрон жамоаси билан ишлаган давридан бери 70 фоизга янгиланган эди.

«Мураббий сифатида ўйиннинг юқори поғонасида қолиш, миттельшпилнинг ривожланишини тушуниш учун маълумотлар базасини ҳар доим янгилаб туриш керак. Шунингдек, янги дебют ғояларини тушуниб олиш лозим, чунки шахматчилар бунга келгусида кўп дуч келишади».

Ўзбекистон жамоаси, чапдан ўнгга: Соколов, Абдусатторов, Ёқуббоев, Воҳидов ва Синдаров (Шамсиддин Воҳидов суратда йўқ). Фото: Maria Emelianova/Chess.com.

Соколов олимпиада чемпионларининг услубларини қуйидагича баҳолайди:

  • Нодирбек Абдусатторов: «Магнус Карлсенга яқин».
  • Нодирбек Ёқуббоев: «Кўп қиррали шахматчи».
  • Жавоҳир Синдаров: «Соф тактик».
  • Жаҳонгир Воҳидов: «Аъло назариётчи».
  • Шамсиддин Воҳидов: «Асосан тактик».

«Улар билан қандай ишлашни тушуниб олишим менга Олимпиада пайтида ҳам дебютни тўғри танлашимга ёрдам берди», дейди Соколов.

Футболда ёки бошқа спорт турларида мураббий жамоа натижалари учун қанчалик масъул экани ҳақидаги баҳс-мунозаралар тинмайди. Соколовнинг Ўзбекистон шахматчилари муваффақиятидаги ролини қандай баҳолаш мумкин?

«Бундай деган бўлардим. Мураббий ўзи ҳам шундай вазиятга тушиб қолган бўлсагина шахматчиларга яхшироқ ёрдам бера олади. Мен Олимпиада чемпиони бўлмадим, аммо Олимпиада кумуш медалини қўлга киритдим [Босния ва Герцеговина таркибида, Россиядан кейин, 1994 йилда Москвада иккинчи тахтада ўйнаб]. 2005 йилда Европа чемпиони бўлдик [Нидерландия билан]. Айтганимдек, кўплаб жаҳон чемпионларини мағлуб этганман. Бу тажрибага асосланиб, ўйлайманки, мен шахматчиларга кўп ёрдам бера оламан.

Шу нуқтайи назардан келиб чиқадиган бўлсак, футболдаги Зинедин Зидан, Жозе Моуриньо, Йоҳан Кройфф ёки Луи ван Гал таклиф қилинса, Кройфф ёки Зиданни танлаган бўлардим».

Мавзуни бироз кенгайтириб, у қўшимча қилади: «Ушбу муваффақиятнинг қанча фоизи менинг ҳиссамга тўғри келади? Билмайман. Лекин бир нарса аниқ: Салим, Эрон ва Ўзбекистон билан эришган ютуқларим тасодиф эмас».

Соколов олимпиададан олдин ғолиблик ҳақида ўйламаган эди. «Ростини айтсам йўқ, аммо қайсидир медал вариант бўлиши мумкин деб ўйладим. Тошкентда бўлганимда мендан медал ҳақида кўп сўрашди. Лекин бу мумкин деб ўйлаган бўлсам-да, ортиқча ваъдаларни бермадим. Чунки Қўшма Штатлар ғалаба қозона олмаслигини тасаввур қилиш мен учун жуда қийин эди. Қолган жамоалар ичида энг яхши бўлиш учун имкониятларимиз қандайлиги ҳақида ўйладим.

Рақибларни таҳлил қилар эканман, бизга омад кулиб боқди деб ўйладим. Чунки Ҳиндистон учта жамоа билан иштирок этди, бироқ уларнинг ҳеч бири ғалаба қозона олмасди. Агар улар ягона жамоани тузганида, гроссмейстер Гукеш билан ғолибликка даъвогар бўларди. Ҳиндистоннинг учта жамоаси ҳам кучли эди, лекин Нидерландия, Германия, Франция ёки Испания каби уларни ҳам мағлуб этса бўларди».

Соколов АҚШ терма жамоасига қарши ўйин бурилиш нуқтаси бўлганини тан олади.

«Олтин медални қўлга киритишимиз мумкинлиги ҳақида биринчи марта якшанба куни ўтказилган америкаликларга қарши ўйиндан кейин ўйлай бошладим. АҚШ шахматчилари ўйинини кўриб, уларнинг мусобақада ғалаба қозона олмаслигига кўзим етди».

Олимпиадада анъанавий тарзда якшанба куни арафасида ўтказиладиган базмга шахматчиларингизни қўйиб юбормадингизми деган ҳазиломуз саволга Соколов жиддий жавоб берди.

«Улар базмдан олдин ҳаяжонланишди. Аммо уларга рухсат бермадим, ўзим ҳам бормайман дедим. Бу 1988 йилдан буён илк марта анъанавий базмни ўтказиб юборишим эди. «Атиги бир неча соатга борамиз», деб илтимос қилишди. Йигитлар, битта кичик муаммо бор, мен кеча туғилганим йўқ. Мен ҳам бир вақтлар ёш эдим, мени кўндиролмайсиз, дедим. Якунда бу тўғри қарор бўлиб чиқди».

Якшанба куни Соколов шогирдларига Олимпиадада ғалаба қозониш имконияти бор эканини айтади. Шунингдек, америкаликларга қарши ўйинда ғалаба қўлдан чиқарилган бўлса-да, 2:2 натижаси ҳам яхши эканини тушунтиради.

Соколов Синдаровга Праггнанандҳадан учралган мағлубиятдан кейин таскин бермоқда. Фото:Lennart Ootes/FIDE

«Мен йигитларга биринчи навбатда, биз улар билан бошқа ўйнамаймиз, дедим. Иккинчидан, бизда энг яхши тай-брейк бор ва бу шундайлигича қолса керак; Учинчидан, улар биз учун бошқа жамоаларни мағлуб этишади ва бизнинг турнирдаги йўлимизни «тозалаб» боришади. Биз эса иккинчи ўринни эгаллаб турган жамоалар билан ўйнаймиз. Кейинчалик бу башорат унчалик тўғри бўлиб чиқмади».

Соколовнинг тан олишича, сўнгги турлардан ўрин олган Ҳиндистон-2 жамоасига қарши ўйинда жамоага «омад кулиб боқди».

«Жуда ҳам омадимиз келди, деярли ютқазиб турган ўйинимизда дурангга эришдик. Чунки Гукеш тўлиқ ғалаба қозонган позициясини бой берди. Ўша ўйинда 1:3 ҳисобидаги мағлубиятни ичимда тан олиб тургандим.

Бизга омад кулиб боқди, Гукеш ғалаба қозонаётган позицияси дурангга ўзгарганига чидолмай ҳужумга ўтди. Шунда омадимиз келди».

Соколов Абдусатторовни Гукешга қарши муҳим партиядаги ғалаба билан табрикламоқда. Фото: Lennart Ootes

Энди Соколов Тошкентга қайтиб, Ўзбекистон шахмат федерацияси билан терма жамоадаги ишини давом эттириш бўйича музокара ўтказади. Унинг бу лавозимдаги ишини давом эттириш эҳтимоли юқори.

Финал баҳси якунлангач, Ўзбекистон шахмат федерацияси мутасаддиларидан бирининг телефони жиринглади. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев барча шахматчиларни тарихий ғалаба билан табриклади.

Ўзбекистон жамоаси чемпионлик шоҳсупасида. Фото: Lennart Ootes

Шахмат жамоаси вакиллари Ўзбекистонда мукофотланди. Соколовнинг ўзи ҳам қўшимча мукофот олди.

Кейинги олимпиада икки йилдан сўнг Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида бўлиб ўтади ва унда ўзбекистонлик ёшлар янада кучайиб, умуман бошқача кайфиятда иштирок этишади. Чунки улар амалдаги чемпион сифатида мусобақага ташриф буюришади. Икки йилдан сўнг, 2026 йилда эса олимпиада Тошкентда ўтказилади. 

Мавзуга оид