Ўзбекистон | 16:42 / 19.08.2022
13525
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда психотроп дорилар савдоси билан шуғулланувчи уюшган гуруҳ қўлга олинди

Тошкент шаҳрида 1094 дона “Тропикамид” ва 447 дона “Регапен” дори воситалари савдосига чек қўйилди. Жазодан қутулиб қолиш учун наркосавдогарлар ички ишлар ходимига 5 минг доллар пора таклиф қилди.

 

Тошкентда шаҳар ИИББ ҳамда Президент давлат хавфсизлик хизмати ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди: Мирзо Улуғбек туманида Ш. исмли шахс бошқарувидаги Epica автомобили тўхтатиб текширилганда йўловчи Х. исмли шахс ёнидан 5 дона “Тропикомид” ва 28 дона “Регапен” кучли таъсир қилувчи дорилар ҳамда автомобил салонидан 21 дона “Тропикомид” ва 25 дона “Регапен” топилган.

ИИББ ахборотига кўра, улар тадбирдан кейин қилмишларини яшириш ва жиноят иши қўзғатилмаслиги эвазига укалари орқали ички ишлар ходимига 5 минг доллар пора таклиф қилишади. Тезкор вакилнинг билдиргисига кўра ўтказилган тадбирда гумонланувчининг укаси 4 млн сўм ва қимматбаҳо соатни ички ишлар ходимига пора сифатида бераётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланди.

Олиб борилган суриштирувлар жиноий гуруҳнинг бошқа аъзоларини ҳам топишга ёрдам берди. Янгиҳаёт туманида Ш. ва Х. нинг ҳамтовоқлари Г. исмли шахснинг хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда, сотиш мақсадида сақлаб келинаётган 69 дона “Тропикомид” ва 280 дона “Регапен” дори воситалари аниқланиб, далил сифатида олинган.

Г.нинг яшаш манзилига мижоз сифатида келган Й. исмли фуқаро ёнидан 1 дона “Тропикомид” ва 17 дона “Регапен” топилган. Бундан ташқари, мижоз сифатида келган А. исмли шахс ушланган ва унинг ёнидан 1 дона “Регапен” ва 0,1 грам синтетик гиёҳвандлик воситалари топилган.

Маълум бўлишича, Г. исмли шахс кучли таъсир қилувчи дори воситаларини В. исмли шахс бошқарувидаги Epica русмли автомобилда тарқатиб келган.

Махсус тадбир давом эттирилиб, 2 август куни Қ. ва И. исмли шахслар Isuzu юк машинасида Тошкент шаҳрига шиша идишлар орасига яширилган 998 дона “Тропикомид” дори воситаларини олиб келаётгани аниқланди.

Тезкор қидирув тадбирлари натижасида умумий 1094 дона “Тропикомид” ва 447 дона “Регапен” дори воситалари ҳамда 0,1 грам синтетик гиёҳвандлик воситалари аниқланган. Далилий ашёлар эскпертизига топширилган.

Мавзуга оид