Жаҳон | 08:57 / 20.08.2022
23112
6 дақиқада ўқилади

ОАВ: Киевни яшин тезлигида эгаллаш режаси нотўғри тахминларга асосланганди

Уруш бошланишидан олдин Россия махсус хизмати Кремлга Украина жамиятидаги кайфият ҳақида бузиб кўрсатилган маълумотларни тақдим этган ва Киевни яшин тезлигида босиб олиш режасини илгари сурган, деб ёзади The Washington Post. 

Фото: The Washington Post

Американинг The Washington Post газетаси Украинада уруш бошланиши ҳақидаги иккинчи мақоласида Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ)нинг Киевда ҳукуматни яшин тезлигида ағдариш бўйича нореал режани ишлаб чиқишдаги роли ва Москванинг қўғирчоқ ҳукуматни ўрнатиш режалари ҳақида маълумот берди. Суриштирув 19 август, жума куни эълон қилинди. 

«ФХХ таҳлилчилари Украинадаги қаршилик имкониятларини ё нотўғри баҳолаган ёки тўғри баҳолаган, лекин Владимир Путинга бу баҳони етказа олмаган ёки буни хоҳламаган», деб ёзади WP Украина ва ғарб разведка хизматларидаги кўплаб суҳбатдошларга таяниб. Газетанинг суҳбатдошларидан бири Россия разведка хизматининг хатоларини «фундаментал ва стратегик» деб атади. 

«ФХХ ходимлари яқинда Киевда ҳокимият тутқичларини назорат қилишларига шунчалик ишончлари комил эдики, улар урушдан олдинги сўнгги кунларда маълумот берувчилар хонадонларида ва бошқа жойларда ходимларнинг режалаштирилган оқими учун бошпана жойлаштиришни бошлади», деб ёзади WP. 

Нашр суҳбатдошларига кўра, айнан ФХХ «нотўғри тахминларга содиқ қолган ҳолда, Киевга яшин тезлигидаги ҳужум ва ҳукуматни бир неча кун ичида ағдариш ғоясига асосланган уруш режасини илгари сурган». Босқин бошланишидан олдин ФХХ ҳатто Киевдаги ўз маълумот берувчиларига пойтахтни тарк этишни, лекин уйларининг калитларини қолдиришни айтган. 

«Россия разведкасининг Украинадаги муваффақиятсизликлари тизимлироқ бўлиб кўриняпти, улар ишончсиз манбалар ва Кремлга ҳақиқатни айтишга хоҳиш йўқлиги билан боғлиқ», деб ёзади WP. Махфий хизмат Кремлни хурсанд қилиш учун тузилган баҳолар ёрдамида Путиннинг Украинага нисбатан калондимоғ муносабатини мустаҳкамлаб қўйди, дейди нашр суҳбатдошлари.

Ғарб разведкасидаги WP суҳбатдошлари ФХХ нима учун Украинадаги россияпараст кайфиятга ишонганини тушунтириб бера олмади. Билдирилишича, уларнинг қўлларида бу ёлғонни рад этувчи маълумотлар мавжуд бўлган. 

2021 йил апрель ойида ФХХга яқин бўлган Research & Branding ижтимоий хизмати томонидан ўтказилган сўров шуни кўрсатдики, украиналикларнинг 84 фоизи Россия қўшинларининг ҳар қандай кўринишдаги киришини «босқинчилик» деб билган, аҳолининг атиги 2 фоизи бундай сценарийни «озодлик» деб атаган. 

Мамлакат фуқароларининг деярли ярми – 48 фоизи Украинани тажовуз содир бўлган тақдирда ҳимоя қилишга тайёр бўлган. Ушбу маълумотларга қарамай, ФХХ «Кремлни сохта баҳолар билан озиқлантиришда давом этди», дейди WP суҳбатдошлари. «Уларни гўёки гуллар билан кутиб олишлари ҳақидаги ҳис ФХХ туфайли пайдо бўлган», деди манбалардан бири. Бу сўровлар натижалари РФ президентига топширилганми ёки йўқми, буниси номаълум, дея қайд этган журналистлар. 

«Улар 24 февралда бошлаганида Киевни эгаллаш вазифаси қўйилган эди. Улар бу бутун мамлакат бўйлаб тарқаладиган домино эффектига олиб келишини кутганди. Аввал марказий ҳукуматни қўлга олиниши, кейин эса минтақаларда ўз иштирокини кучайтириш режалаштирилганди», деди украиналик ҳарбий манба WP’га. 

Бу режа доирасида ФХХ россияпараст қўғирчоқ ҳукуматлар учун иккита вариантни таклиф қилган, дейди нашрнинг Украина расмийлари орасидаги суҳбатдошлари. Биринчи «ҳукумат» Беларусда жойлашиб, собиқ президент Виктор Янукович атрофида тузилган бўларди. Янукович ҳукуматининг собиқ аъзоларидан иборат иккинчи гуруҳ Украина жануби-шарқида шакллантирилган. Унинг таркибига Минтақалар партияси собиқ аъзоси Олег Царев кирган. 

WP маълумотларига кўра, Путинни «Зеленский заиф экани, унинг ҳукумати қулаши ва Украина халқи Россия кучларини кутиб олиши»га ишонтирувчи асосий «овоз» «Мухолифат платформаси – Ҳаёт учун» раҳбари ва Россия президентининг яқин одами экани айтиладиган Виктор Медведчук томонидан бўлган, у Путин билан бевосита алоқада бўлган. WP суҳбатдошларига кўра, бу режа, жумладан Зеленский Киевни тарк этишдан бош тортгани туфайли ҳам иш бермади.

Сергей Беседа бошчилигидаги Оператив ахборот ва халқаро алоқалар хизмати ФХХда Украина йўналиши учун жавобгардир. 2021 йилнинг ёзига келиб, ФХХнинг Украинага ихтисослашган бўлинмаси ходимлари сони 30 кишидан 160 кишигача ошди. Махсус хизмат бошқа бўлинмаларидан ходимларни жалб қилиш учун уларга бонуслар ва Москванинг Мичуринский шоҳкўчасидаги ФХХ академиясига туташ биноларда бепул турар жой таклиф қилинган, деб ёзади WP Украина разведкасига таяниб. 

Украинада махсус хизматлар муваффақиятсизликка учраганидан кейин Беседа ишдан бўшатилгани ёки ҳатто ҳибсга олингани ҳақидаги маълумотларга қарамай, ғарб разведкасидаги WP суҳбатдошлари бунга шубҳа билан қараяпти. Газета суҳбатдошларига кўра, улар Россия разведкаси раҳбарларидан бирортаси бундай оқибатларга дуч келганини кўрсатадиган ҳеч қандай маълумотни учратмаган. 

Америкалик юқори мартабали расмий Беседа ҳақида шундай деган: «Унинг ҳали ҳам ишда эканлигига ишониш учун бизда етарли далиллар бор». Бундан ташқари, расмийнинг сўзларига кўра, ФХХ раҳбари Александр Бортников ўз идорасининг муваффақиятсизлиги учун жавобгарликка тортилгани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. 

Мавзуга оид