Ўзбекистон | 20:09 / 22.08.2022
46564
8 дақиқада ўқилади

Сaptiva-5 можароси. Антимонополия қўмитаси UzAuto Motors'ни судга берди

UzAuto Motors ўтган йилда Сaptiva-5 учун тузилган шартномалар доирасида автомобил етказиб беролмаганди. Kun.uz суҳбатлашган ана шундай мижозлардан бирига кўра, компания юристи унга: “Қайга борсанг бор, сенга ҳеч қанақа машина ҳам, тўлаган пулинг ҳам берилмайди”, деган.

UzAuto Motors 2021 йилда бир қанча истеъмолчилар билан янгиланган Chevrolet Captiva автомобилини етказиб бериш бўйича шартномалар тузган эди. Компаниянинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифасида Сaptiva-5'нинг ҚҚС билан қўшиб ҳисобланганда 221 млн 691 минг сўмдан 309 млн 900 минг сўмгача нархда сотувга чиқарилиши ҳам эълон қилинган.

Аммо маълум муддат ўтганидан кейин UzAuto Motors Сaptiva-5 автомобилларини етказиб бериш бўйича шартномалар тузишни тўхтатди. Бунга сабаб сифатида эса янги машинанинг Ўзбекистон иқлимига тўғри келмаслиги айтилади.

Олдиндан шартнома имзолаган мижозларга эса 3 кун ичида тўланган барча маблағ қайтарилиб, тўловнинг 5 фоизи компенсация қилиниши ёки Сaptiva-5 ўрнига Equinox, Tracker, Malibu, Cobalt, Trailblazer каби автомобиллардан бирини олиши мумкинлиги маълум қилинган.

Баъзи мижозлар компаниянинг “чексиз” узрини қабул қилишни истамай, ўзларининг қонуний хақ-ҳуқуқларини талаб қилиб, судга мурожаат қилишган.

Kun.uz ҳолат юзасидан Ўктам Қаҳҳоров ва Жамшид Бахшиллаевнинг мурожаатларини ўрганиб чиқди.

“Қайга борсанг бор, сенга ҳеч қанақа машина ҳам тўлаган пулинг ҳам берилмайди”

Ўктам Қаҳҳоровнинг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, UzAuto Motors ходимлари унга босим ўтказишиб, ўз аризасига кўра пулни қайтариб олишни ёки Сaptiva-5 ўрнига Damas олишни талаб қилишган.

“Сaptiva-5 учун шартнома бериш бошланганидан кейин, ўтган йилнинг 12 октябрь куни 85 фоиз тўловни амалга оширдим. Шартномада 2022 йилнинг 31 март кунигача менга автомобилни етказиб бериш кўзда тутилганди, аммо бундай бўлмади. Шундан сўнг UzAuto Motors'нинг офисига бордим. Улар менга: “Ўз хоҳишимга кўра, тўлаган пулимни қайтариб оламан”, деб ариза ёзасан дейишди. Табиийки, мен бундан бош тортдим.

Майли, тўлаган пулим эвазига Lacetti-Gentra автомобилини берасизлар деб айтдим, аммо бу таклифим ҳам рад этилди ва фақат Damas беришлари мумкинлигини айтишди. Муросага кела олмадик.

Беш-олти марта уринишларимдан кейин, компания директорининг мижозларни қабул қилиш бўйича ўринбосари билан учрашишга муваффақ бўлдим. Мендан нима учун Сaptiva-5 сотиб олмоқчи бўлганимни сўради, сабабларини тушунтирдим. Суҳбат сўнгида, автомобиль етказиб берилишига ваъда берди ва бир ҳафтадан кейин яна келишимни айтди. Иккинчи марта борганимда эса мени қабул қилмади.

UzAuto Motors'нинг юридик бўлимида ишлайдиган иккита юрист ва яна 4та ходим таҳдид қилиб, босим ўтказишга ҳаракат қила бошлади. “Қайга борсанг бор, сенга ҳеч қанақа машина ҳам тўлаган пулинг ҳам берилмайди”, дейишди.

Ўша куннинг ўзида бўлган воқеа ҳақида Бош прокуратурага хат юбордим, аммо ҳеч қанақа реакция билдирилмади. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига қилган мурожаатим ҳам ўз самарасини бермади. Охири Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига ариза бердим”, дейди Қаҳҳоров.

Агентлик фуқаронинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш керак, деган қарорга келади ва UzAuto Motors АЖга қарашли “Авторум” МЧЖни фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судига беради.

Даъвода асосий жавобгар сифатида “Авторум” МЧЖ, қўшимча жавобгар сифатида эса “UzAuto Motors” АЖ кўрсатилади ва суддан жавобгарлар зиммасига тузилган шартнома бўйича Сaptiva-5 автомашинасини фуқарога етказиб бериш мажбуриятини юклаш, ҳар бир кечиктирилган кун учун 0,01 фоиз пеня ундириш сўралади.

Дастлабки суд жорий йилнинг 5 август куни бўлиши керак эди, лекин жавобгар келмагани учун қолдирилади. 17 август куни ҳам худди шу ҳолат яна такрорланади.

18 август куни бўлиб ўтган судда эса UzAuto Motors'нинг юристи даъво аризасини қабул қилмасликни ва судни яна бошқа муддатга қолдиришни сўрайди. Шундан сўнг судья Ф.Қаҳҳоров ва Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг қаршилигига қарамай, суд 26 август кунига қолдирилган.

“Олдиндан пулимни олиб машина бермагани етмагандай, мени судгаям беришди”

Бошқа бир истеъмолчи Жамшид Бахшиллаевнинг таъкидлашича, у ҳам муросага келиб, тўлаган пули эвазига “Lacetti-Gentra” олишга ҳам рози бўлган, аммо унинг бу таклифини қабул қилишдан бош тортишган.

“Сaptiva-5 учун юз фоиз тўловни амалга оширгандим. 2021 йилнинг 10 ноябрь куни автосалондан телефон қилишиб, пулимни қайтариб олиш бўйича ариза ёзишимни сўрашди. “Ўз хоҳишим бўйича пулимни қайтариб оламан деб ариза ёзмайман, тўғри ишлайдиган ташкилот бўлсангиз, ўзингиз ҳисобимга пулни қайтариб ташланглар, чунки шартномани сизлар бажара олмаяпсизлар-ку”, деб айтдим. Шу-шу жорий йилнинг январь ойларига келиб, автосалондагилар яна қайта-қайта телефон қилишни бошлашди. Улардан иккита Lacetti-Gentra беришларини сўрадим, чунки тўлаган пулим етарди. Бу таклифимни қабул қилишмади, шу билан келиша олмадик.

Кейин Монополияга қарши кураш қўмитасига ариза бердим, аммо икки марта улардан рад жавобини олдим. Учинчи мартасида қўмитанинг Бухоро вилоятидаги бошқармаси ишни кўриб чиқиб, автосалонга автомобиль етказиб бериш мажбуриятини юклаб берди. Шундан сўнг автосалон қарор юзасидан Монополияга қарши кураш қўмитасининг ўзига қарши даъво билан чиқди. Аммо уларнинг мурожаати инобатга олинмади”, дейди Бахшиллаев.

Ўз навбатида автосалоннинг Савдо-саноат палатасини орқа қилган ҳолда судга киритган даъво аризаси ҳам қаноатлантирилмаган ва суд аризачи “Ситора авто савдо” МЧЖдан давлат фойдасига 3 млн сўм бож ундириш ҳақида қарор қабул қилган.

Агар қарор қонуний кучга кирса, дилер қандай бўлмасин Сaptiva-5 автомобилини фуқарога етказиб беришига тўғри келади.

“UzAuto Motors вакиллари нима учун шартнома шартларини бажармаётгани бўйича аниқ гап айтаётгани ҳам йўқ. Фақатгина сотув йўлга қўйилмаганини таъкидлашдан нарига ўтмаяпти. Унда нега бизга шартнома берди, пулимизни олди?

Хўп, компания “лафзсизлик” қилаётган экан, нега бизнинг таклифимизни қабул қилмади? Мен тўлаган пулимга ўзлари ишлаб чиқараётган автомобилни беришларини сўрадим. Униям бажара олишмас экан.

Ҳозир ютқазишлари аниқ бўлганидан кейин, келишишга ҳаракат қилишяпти. Энди мен даъво аризамни қайтариб олмоқчи эмасман, пул тўлаганимга қарийб бир йил бўляпти. Ундан кейин машиналар нархларини оширишди. Мен пул тўлаган пайтда Lacetti-Gentra'нинг нархлари арзонроқ эди, энди қиммат нархда олдиндан тўлаган пулимга машина олиш қанчалик адолатдан бўлади?

Умуман олиб қарасак, компаниянинг мажбуриятни бажариш имконияти йўқ, ишлаб чиқармаяпмиз, дейишининг ўзи абсурд. Шу пайтгача ҳам Маlibu'дан тортиб, Тracker'гача фақат импорт қилиб келишарди, қайси бирини ўзлари ишлаб чиқарган?” – дея эътироз билдирди мурожаатчи.

Маълумот учун, ҳозирда Сaptiva-5 Саудия Арабистонида 17,1 минг доллардан 19,9 минг долларгача, Қатар ва БААда 17,7 минг доллардан 20,6 минг долларгача бўлган нархда сотилмоқда.

Мавзуга оид