Ўзбекистон | 21:18 / 22.08.2022
24514
3 дақиқада ўқилади

Чилонзор туманига ҳоким, прокурор ва ички ишлар бошлиғи тайинланди

​​​​​​​Туманнинг собиқ ҳокими ва прокурори йўл кенгайтирилиши ишлари сабаб юздан ортиқ кўп йиллик дарахтга зиён етказилгани воқеасидан кейин ишдан олинган эди.

Саидқаҳҳор Холхўжаев / Фото: Kun.uz

Холхўжаев Саидқаҳҳор Муҳаммадкарим ўғли Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани ҳокими этиб тайинланди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

У тайинловга қадар иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.

Саидқаҳҳор Холхўжаев 1981 йилда Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида туғилган. 2002 йилда Тошкент Молия институтини тамомлаган.

У ўз фаолиятини 2002 йилда Асакабанк Шайхонтоҳур филиалида бошлаб, 2015 йилда шу банк тизимида турли лавозимларда ишлаган. 2015-2017 йилларда Вазирлар Маҳкамаси Иқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартиришлар, банк ва молия тизимларини ислоҳ қилиш, эркин иқтисодий ва кичик иқтисодий саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари йиғма ахборот-таҳлил департаменти Банк ва молия тизимларини ислоҳ қилиш шуъбасининг Банк ва молия тизимларини ислоҳ қилиш масалалари бўйича бош мутахассиси лавозимида ишлаган.

2017-2019 йилларда “Ўзагросуғурта” АЖ бошқаруви раиси сифатида фаолият кўрсатган. 2019 йил мартида Марказий банк раисига ўринбосар бўлган. 2020 йил декабрда эса иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган.

Чилонзор тумани прокурори лавозимини Жаҳонгир Муродов эгаллади. Тайинловга қадар у Бекобод шаҳар прокурори эди.

Алишер Муродуллаев Чилонзор тумани ички ишлар бўлими бошлиғи этиб тайинланди. Бунгача у Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасида фаолият юритган. Чилонзорда ички ишлар тизимини бир йилдан буён подполковник Фарҳод Жабборов бошқараётганди.

  • Чилонзор туманининг собиқ ҳокими Шавкат Мавлонов ва собиқ прокурори Иззат Бозоров 8 август куни ишдан олинган эди. Истеъфога Чилонзор кўчасини кенгайтириш чоғида йўл икки томонидаги юздан ортиқ кўп йиллик дарахтга шикаст етказилгани сабаб бўлганди.
  • Бу воқеада масъулиятсизликка йўл қўйгани учун пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва прокурори Улуғбек Қосимовга қаттиқ ҳайфсан берилганди.
  • Истеъфолардан ўн кун ўтиб, 18 августда Чилонзор тумани ҳокими вазифасини вақтинча бажариш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Жамолиддин Ҳожимановга юклатилганди.

Мавзуга оид