Жамият | 19:49 / 23.08.2022
82211
5 дақиқада ўқилади

Ғалвир сувдан кўтарилди. Абитуриентларнинг ярми ҳам минимум ўтиш баллини йиғолмаган

​​​​​​​Бу йил жами 1 миллион 73 минг абитуриент тестга кирган бўлса, уларнинг 51,2 фоизи ҳатто минимал ўтиш баллини ҳам йиғолмади. Эслатиб ўтамиз, 11-синф битирувчиларидан якуний аттестация олишни ДТМга ўтказиш белгиланган. Бу эса агар синовлар август имтиҳонларидек шаффоф бўлса, мактаб битирувчиларининг катта қисми давлат аттестатини қандай қилиб олади деган саволни ўртага чиқармоқда.

Фото: Kun.uz

Давлат тест маркази маълумотига кўра, бу йил бакалавриатга қабулда ўтган йилгидан 180 минг нафар кўп абитуриент иштирок этган. 2021 йил 892 710 нафар абитуриент тестга кирган бўлса, улар бу йил 1 073 821 нафарни ташкил қилган.

Тест топширувчиларнинг сони ошган, лекин уларнинг билими ҳақида бундай деб бўлмайди.

Максимал ва минимал баллар

2022 йилги тартибга кўра, абитуриентлар мажбурий 3та фан: она тили, математика ва Ўзбекистон тарихидан 10 тадан тест ечиб, жами 30та тестдан максимал 33 балл йиғишлари мумкин эди.

Танланган йўналишга мос 2 та фан бўйича эса қуйидагича:

  • 1-фан – 30 та савол, ҳар бири учун 3,1 баллдан, максимал балл – 93 балл
  • 2-фан – 30 та савол, ҳар бири учун 2,1 баллдан, максимал балл – 63 балл.

Шунда жами фанларни қўшганда абитуриент максимал 189 балл (33+93+63) олиши мумкин бўлади. Бу рақамнинг:

  • 36 фоизи, яъни 68,0 – давлат гранти асосида ўқишга қабул учун минимал ўтиш балли,
  • 30 фоизи, яъни 56,7 – тўлов-контракт асосида ўқишга қабул учун минимал ўтиш балли деб белгиланган.

Бу йилги натижалар

Давлат тест маркази маълумотлари

ДТМ маълумотига кўра, бу йил 550 102 нафар абитуриент, яъни жами абитуриентларнинг ярмидан кўпи – 51,2 фоизи ўтиш баллини йиғолмаган.

Ўтган йили бу кўрсаткич 36 фоиз бўлган. Фоизлар ошишига бу йил абитуриентлар сони ўтган йилгидан 180 мингга кўпроқлиги, мажбурий блокдаги осон саволларга бериладиган баллар камайтирилиб, мутахассислик фанига кўпроқ балл берилгани ҳам сабаб бўлган.

Юқори ва паст натижа қайд этган ҳудудлар

Жадвалга кўра, энг паст ўтиш баллини ҳам йиғолмаган абитуриентларнинг энг кўп қисми Тошкент вилоятига тўғри келади. Бу ерда 101 239 нафар абитуриент тестга кирган бўлса, уларнинг 56 587 нафари, яъни 55,9 фоизи ўтиш баллини йиғолмаган.

Жами 9 та ҳудуд: Тошкент, Сирдарё, Навоий, Қорақалпоғистон, Сурхондарё, Андижон, Қашқадарё, Жиззах ва Наманган вилоятларида абитуриентларнинг 50 фоиздан кўпроғи 56,7 баллдан паст балл олишган. Нисбатан яхши натижа – 55,8 фоиз эса Тошкент шаҳрига тўғри келган.

Бу нимани англатади?

Фото: Kun.uz

Юқорида айтилганидек, 56,7 балл – бу тўплаш мумкин бўлган энг юқори 189 баллнинг 30 фоизи дегани. Яъни абитуриент ҳеч бўлмаса 30 фоиз билимга эга бўлса, ушбу кўрсаткични тўплай олади.

Блогер Хушнудбек Худойбердиев бу натижани академик рейтинг тизимига таққослаб, ҳар иккита абитуриентдан бири 1 баҳо ҳам ололмаганини қайд этди.

“30 фоиз билим рейтинг тизимидан қиёс олсак, ҳатто 2 баҳо ҳам эмас! 1 баҳо десак тўғри бўлар балки.

Яъни 2 баҳога ўқиганлар ҳам тахминан 35-55 фоиз натижа кўрсата олиши керак (66 баллдан юқори)”, – дейди у.

Ўртача энг юқори балл

ДТМ статистикасига кўра, абитуриентларнинг ўртача энг юқори балли Бухоро вилоятида – 70 баллга тўғри келган.

Битирувчилари ўртача энг юқори балл қайд этган таълим муассасаси эса Навоий шаҳридаги математика, физика ва инглиз тилига ихтисослаштирилган мактаб интернати бўлган.

Бу мактабдан жами 50 нафар битирувчи ўқишга топшириб, ўртача энг юқори балл 159,99 ни ташкил қилган.

Мактаб битирувчилари кесимидаги статистикага эҳтиёж бор

Давлат тест маркази эълон қилган статистика жами абитуриентларга оид. Яъни мактабни шу йил тамомлаган ёшлар қандай натижа кўрсатганига оид алоҳида рақамлар ҳозирча очиқланмади.

Ҳозирда 11-синф битирувчилари ёз ойларида икки марта: мактабни битириш учун ва олийгоҳга кириш учун имтиҳон топширяпти. Яқин йилларда ана шу икки имтиҳон унификация қилинади, яъни бирлаштириб юборилади. Бу президент имзолаган бир нечта ҳужжатларда қайд этилган.

Кутилаётган янги тизимда якуний давлат аттестациясини мактабнинг ўзи эмас, Давлат тест маркази ташкиллаштиради. Агар бу амалга ошса ва аттестация имтиҳонлари ҳам август имтиҳонларидек шаффоф ўтиши таъминланса, сўнгги йиллардаги натижалардан келиб чиқиб битирувчиларнинг маълум қисми имтиҳонни топшира олмаслигини тахмин қилиш мумкин.

Бундай тизимга ўтиш ҳақида 2020 йилдаги президент қарорида белгиланган эди. Шу қарорга мувофиқ, ўша йили ДТМ янги тартибнинг механизмини белгиловчи қарор лойиҳасини ишлаб чиқиб, муҳокамага қўйганди.

Ўтган ойда шунга доир яна бир қарор лойиҳаси эълон қилинди. Унда 11-синфлардан якуний имтиҳонни ДТМ оладиган тизимга 2024 йилдан ўтилиши кўзда тутилган. ДТМ директори Мажид Каримов бу янгилик 2023 йилдан жорий этилиши ҳам мумкинлигини айтган.

Лойиҳага кўра, аттестацияда топширган тести натижалари бўйича мактаб битирувчиларига электрон миллий сертификат берилади. Бу сертификат 3 йил муддатга амал қилади.

Мавзуга оид