Ўзбекистон | 21:30 / 25.08.2022
10969
2 дақиқада ўқилади

Бухоро вилоятида қамишзордаги ёнғинни ўчиришга 100 дан ортиқ қутқарувчи жалб этилди

Пешку туманидаги қамишзорларда чиққан ёнғин 100 гектар майдонни қамраб олган. Ёнғинни бартараф этиш ишларига 107 нафар қутқарувчи ва мудофаа вазирлиги вертолёти жалб этилган.

Фото: ФВВ матбуот хизмати

24 август куни Бухоро вилоятининг Пешку туманидаги Қорақир массиви ҳудудида қамишзорларда ёнғин юзага келди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилар Бухоро вилоятидаги қамишзорларда юзага келган ёнғинни муваффақиятли бартараф этаётгани ҳақида хабар берди.

«Ўтган куни Бухоро вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг навбатчилик қисмига Бухоро вилояти Пешку туманидаги Қорақир массиви ҳудудидаги қамишзорда ёнғин  бўлаётгани тўғрисида хабар келиб тушган.

Ушбу майдон аҳоли пунктларидан узоқда жойлашгани сабабли аҳолига ва уларнинг мол-мулкларига хавф солмаган. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 107 нафар ходимдан иборат ёнғин-қутқарув бригадалари зудлик билан ёнғин жойига етиб борган. Ёнғин чуқур ботқоқлик ҳудудида бўлгани сабабли Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ёнғин-қутқарув техникаларидан фойдаланишнинг имкони бўлмади. Шу сабабли ёнғин қўлда ишлатиладиган асбоб-анжомлар орқали бартараф этилмоқда.

Бугун ёнғинни ўчиришга Мудофаа вазирлигининг махсус вертолёти ҳам жалб қилинди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ёнғин 100 гектар майдонни қамраб олган бўлиб, унинг 80 фоизини ўчиришга эришилди. Яқин соатлар ичида ёнғин тўлиқ ўчирилади», дейилади вазирлик хабарида.

Мавзуга оид