Ўзбекистон | 11:25 / 26.08.2022
12978
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда онкологик касалга чалинган болалар учун биринчи ҳоспис очилди

25 август куни Тошкент вилояти Зангиота туманида 20 ўринга мўлжалланган биринчи болалар ҳосписининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Ҳоспис — тузалмас дардларга чалинганлар, асосан онкологик беморларга касалликнинг сўнгги босқичида паллиатив ёрдам кўрсатувчи тиббий-ижтимоий ташкилот. Бу ерда хаста болалар сўнгги нафасларигача меҳр, эътибор, парвариш, руҳий мадад қуршовида яшашади.

 Муассасада болаларга комплекс ёндашув асосида эътибор қаратилади. Ижтимоий ходим, психолог ва шифокор ҳамкорлигида ишлайдиган ҳосписда асосий эътибор турли муолажаларга эмас, касал боланинг ҳаётига мазмун киритишга қаратилади. Бола кўришни истайдиган инсонларни ёрдамга чақириш, унга ёқадиган вазиятлар ҳосил қилиш ижтимоий ходимнинг вазифасига киради. Йиллар давомида касаллик билан курашаётган боланинг яқинлари ҳам руҳий қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлиши табиий ҳол. Бу ерда ота-оналар ҳам ижтимоий ёрдам олишлари мумкин.

Ҳосписнинг асосий вазифаси - тузалмас дардга дучор бўлган болаларнинг ҳаётини яхшилаш, уларнинг қолган умрларига мазмун киритишдан иборат. Бундай болалар ва уларнинг ота-оналари касаллик билан курашиш мобайнида оғир руҳий ва моддий ҳолатни бошдан кечиришади. Ҳоспис ана шундай вазиятда уларга мадад маркази бўлиб хизмат қилади.

 «Taskin» ҳосписи юртимиздаги биринчи болалар ҳосписи бўлиб, президент қарорига биноан Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда "Ezgu Amal» Жамоат фонди ёрдамида Зангиота ихтисослаштирилган юқумли касалликлар шифохонаси негизида очилди. Ҳоспис 20 нафар беморга мўлжалланган.

 “Ҳоспис – бу умид уйи. Бу маскан бемор бола ва унинг оила аъзоларига ижтимоий-психологик мададни амалга оширади. Шунингдек биринчи болалар ҳосписи асосида аҳолига ҳоспис ёрдамини ривожлантиришга хизмат қиладиган паллиатив кўмакнинг ва беморларни профессионал парваришлашнинг замонавий модели ишлаб чиқилади. Бу ерда нафақат бемор болалар учун, балки уларнинг ота-оналари учун ҳам ижтимоий ёрдам кўрсатамиз. Боланинг охирги умрини максимал даражада чиройли ва ўзи истаганча ўтказишга ёрдам берамиз.

Бу республика сиёсий майдонида янги қадам, чунки ҳосписда барча имкониятлар инсон қадри учун хизмат қилади.

Дунёнинг барча ривожланган мамлакатларида ҳоспислар мавжуд. Йилига дунё бўйича 180 минг бола ҳоспис фаолиятига муҳтож. Лекин бундан фойдаланаётганлар сони 60 мингга ҳам етмайди. Шунинг ўзи ҳам ҳосписларга эҳтиёж катталигини билдиради. Ўзбекистонда онкологик хасталикларга чалинганлар сони тахминан 45 минг нафарга яқинни ташкил қилади. Шундан тахминан 10 минг нафарга яқин беморда ҳосписга муҳтожлик бор”, - дейди ҳоспис ижтимоий ходими Илёс Каримов.

Бу паллиатив ёрдам кўрсатиладиган оғир бемор болаларни парваришлаш бўйича ўзига хос биринчи экспериментал майдондир. Болалар хосписи ходимлар жамоаси Изроил элчихонасининг МАШАВ ташкилоти ва "Ezgu Amal» Жамоат фонди томонидан уюштирилган махсус тренингдан ўтган профессионал ходимлардан тузилган.

“Эзгу амал” фонди раҳбари Мунира Хўжахонованинг таъкидлашича,

 “Фондимиз фаолияти давомида онкологик касал болалар учун ҳоспислар кераклигига кўп марта дуч келдик. Чунки уларда ўлим ҳолатлари кўп бўлганлиги сабаб уларга керакли психологик-эмоционал ёрдамни, муолажаларни ҳеч қаерда олиш имкони йўқ эди.

Давлат раҳбарига ва Соғлиқни сақлаш вазирлигига қилинган мурожаатлар натижасида Зангиота ихтисослаштирилган юқумли касалликлар шифохонасидан 20 ўринли битта блок ажратилди. Ходимларни тайёрлашда Исроил элчихонаси бизга катта ёрдам берди.

Йиллаб касалхонада даволанган болалар касалхона муҳитида чарчашган. Шунинг сабаб улар ўзларини уйдагидек ҳис қилишлари учун муҳит яратдик”.

 Ҳоспис фаолиятининг бардавом ва самарали бўлиши унга ёрдам қўлини узатувчи ҳомийларга боғлиқ. Муассасадаги бемор болалар ҳаётини узайтириш, уларнинг ҳаётига мазмун бағишлашни истаганлар “Ezgu Amal” хайрия фондининг расмий ezguamal.org веб-сайти орқали “Taskin” ҳосписи бўлимига юборишлари мумкин.

Мавзуга оид