Жаҳон | 10:17 / 26.08.2022
6497
2 дақиқада ўқилади

Йел: Россия украиналиклар учун 21 та фильтрацион лагер ташкил қилган

Тадқиқотчилар Донбассда очиқ манбалардан олинган материаллардан фойдаланган ҳолда фильтрацион лагерларни аниқлади. У ерда украиналиклар антисанитария, озиқ-овқат ва сув танқислиги шароитида сақланяпти, дейди ҳисобот муаллифлари. 

Фото: Getty Images

Йел университети тадқиқотчиларининг ҳисоботига кўра, 2022 йил март ойидан бери Россия Донецк областида украиналиклар учун камида 21 та фильтрацион лагерни ташкил қилган. Ҳужжат 25 август, пайшанба куни АҚШ Давлат департаменти томонидан қўллаб-қувватланган Conflict Obseratory лойиҳаси сайтида эълон қилинди. 

Очиқ манбалардан олинган маълумотлар ва масофадан зондлаш ахборотларидан фойдаланган ҳолда тадқиқотчилар «юқори даражадаги эҳтимоллик билан» 21 та фильтрацион лагер жойлашганини аниқлади. Улар аниқланган объектларни тўртта асосий тоифага ажратди: рўйхатга олиш пунктлари, рўйхатга олишни кутаётган шахсларни сақлаш жойлари, тергов изоляторлари ва узоқ муддатли сақлаш жойлари сифатида хизмат қилувчи қамоқхоналар. 

«Тинч аҳолининг ташқи дунёдан узиб қўйилган ҳолда қўлга олиниши халқаро гуманитар ҳуқуқнинг бузилишидан кўра кўпроқ нарсадир», - дейди тадқиқот муаллифларидан бири Каве Хошнуд. «Ушбу ҳисоботда ҳужжатлаштирилган ҳибсда сақлаш шароитлари антисанитария, озиқ-овқат ва сув етишмаслиги, тор шароитлар ва қийноқларни ўз ичига олади», деди у. Ҳисобот муаллифлари мустақил кузатувчилардан ҳужжатда тасвирланган объектларга кириш ҳуқуқига эга бўлишни талаб қилди. 

Бундан ташқари, Йел университети ҳисоботида Оленивка колониясидаги ҳарбий асирларнинг қабри бўлган объектлар ҳақида сўз боради. Июль ойи охирида қамоқхона мажмуасида рўй берган портлашдан сўнг 53 украиналик ҳарбий асир ҳалок бўлди. Москва ва Киев бунда бир-бирини айбламоқда. 

Россиянинг АҚШдаги элчихонаси ушбу хабарга муносабат билдирди ва материални «сохта» деб атади. Дипломатик миссия АҚШ Давлат департаменти россиялик ҳарбийларнинг Украинадаги ҳаракатларини обрўсизлантириш мақсадида маълумот тарқатаётганини билдирди. 

Мавзуга оид