Жаҳон | 23:34 / 27.08.2022
11946
2 дақиқада ўқилади

Франция ва Германия ЕИни россияликларга виза беришни тақиқламасликка чақирмоқчи

Париж ва Берлин Евроиттифоқ россиялик талабалар, рассомлар, олимлар ва мутахассисларга виза беришда давом этиши керак деб ҳисобламоқда.

Фото: Shutterstock

Франция ва Германия қўшма баёнотида ЕИни ҳукуматга алоқадор бўлмаган россияликларга виза беришни давом эттиришга чақиради. Бу ҳақда Bloomberg ЕИ ташқи ишлар вазирлари учрашуви учун тайёрланган ҳужжат матнига асосланиб хабар берди.

Агентликнинг маълумотига кўра, Париж ва Берлин Евроиттифоқ россиялик талабалар, рассомлар, олимлар ва мутахассисларга виза беришда давом этиши керак деб ҳисобламоқда.

Вазирлар учрашувида муроса сифатида россияликларнинг виза олиши учун қўшимча бюрократик жараёнлардан ўтиши ва кўпроқ пул тўлаши кўзда тутилган вариант муҳокама қилинади, деб ёзади Bloomberg.

Аввалроқ россияликларнинг Евроиттифоққа кириши тақиқланишига Португалия қарши чиққанди. Мамлакат ташқи ишлар вазирлигининг таъкидлашича, Россия халқи Европа санкцияларининг асосий нишони бўлмаслиги керак.

Шунингдек, Кипр ва Греция ҳам россияликларга виза бериш тақиқланишига қарши чиққан. Ўз навбатида, АҚШ Россия халқига зарар етказмаслик учун виза беришни тўхтатмаслигини билдирди. 

Эстония, Финландия, Латвия ва Чехия ЕИни россияликларга виза беришни тўхтатишга чақирмоқда.

Мавзуга оид