Жаҳон | 12:53 / 27.08.2022
33702
15 дақиқада ўқилади

Lamborghini тарихи: Тракторсоз уста нега қимматбаҳо спорт автомобиллари ишлаб чиқарувчи компанияга асос солганди?

1960-йиллар бошида трактор ишлаб чиқарувчи италиялик тадбиркор ўзи бошқариб юрган машинадаги носозлик ҳақида айтиш учун Феррари компаниясига боради. У ерда компания эгаси унга қўпол муомалада бўлади. Бундан жаҳли чиққан тадбиркор қимматбаҳо спорт автомобиллари ишлаб чиқарувчи компанияни ташкил этади.  У Ферруччо Ламборжини эди.

Фото: touringsuperleggera.eu

Иккинчи жаҳон уруши тугагандан кейин 10-15 йил ўтиб дунёнинг аксарият давлатлари кескин иқтисодий ривожлана бошлайди. Одамларнинг даромади ва шунга яраша турмуш тарзи ҳам яхшиланиб борар экан, уларнинг эҳтиёжига ҳамоҳанг тарзда кўплаб янги техникалар кашф этилади, борлари такомиллаштирилади.

1950-йилларда Европада бошқа соҳалар каби автомобилсозлик саноати ҳам тез суръатларда ривожлана бошлайди. Эҳтиёжга қараб қиммат спорт автомобиллари ишлаб чиқариш кўпаяди. Ўша пайтда бир нечта автомобилсозлик компаниялари спортга ихтисослашган машиналар ишлаб чиқарар, уларнинг орасида Италияда ишлаб чиқариладиган Ferrari энг машҳури эди.

Ана шундай шароитда спорт автомобиллари бозорида янги компания пайдо бўлади ва спорт автомобиллари ихлосмандлари учун машиналар ишлаб чиқара бошлайди. Бу Automobili Lamborghini S.p.A. компанияси эди.

Automobili Lamborghini S.p.A. нинг илк заводи / Фото: touringsuperleggera.eu

Ферруччо Ламборжини

Италиялик таниқли тадбиркор Ферруччо Ламборжини 1916 йилда Италиянинг Адриатика денгизига туташ Феррара провинциясидаги қишлоқлардан бирида, фермер оиласида туғилади.

Ферруччо болалигида турли техникаларга жуда қизиққани учун отаси унга ферма ҳудудида кичик устахона очиб беради. Кунлардан бир кун у устахонани ёқиб юборишига сал қолади. Шундан сўнг устахона вақтинчалик ёпилади.

Иккинчи жаҳон уруши даврида Ферруччо ҳарбий техникалар ишлаб чиқарадиган заводлардан бирида ишлайди. Урушдан сўнг у қишлоғига қайтиб келади ва қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш мақсадида Lamborghini Trattori S.p.A. компаниясини ташкил этади.

1949 йилда компания ўзининг илк тракторини ишлаб чиқара бошлайди. Компанияда саноқли ходим ишлар ва Ламборжинининг ўзи бош уста сифатида тракторларни йиғишда иштирок этарди.

Ферруччо Ламборжини / Фото: alamy.com

Ўша пайтда урушда мағлуб бўлган Италия иқтисодиёти энди тикланаётган ва мамлакат қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун кўплаб тракторлар керак эди. Ана шундай вазиятдан Ламборжини фойдаланиб қолади ва компаниясини анча ривожлантириб олади. Lamborghini Trattori S.p.A. компанияси кенгайиб, унинг айланма маблағи ортади.

Lamborghini автомобилларининг ишлаб чиқарилиш тарихи

1950-йилларнинг охирига келиб Ферруччо Ламборжини бир нечта компания эгасига айланиб улгурган, асосий соҳаси ҳануз трактор ишлаб чиқариш эди. Ўша пайтда унинг гаражида бошқа бойларда бўлгани каби бир нечта қимматбаҳо автомобиллар бор эди.

У Mercedes 300SL, Maserati 3500 GT, Jaguar E-type ва Ferrari 250 GT машиналарини минар ва уларнинг орасида энг севимлиси Ferrari 250 GT эди. У шу автомобили туфайли Ferrari компанияси Энцо Феррари унинг нафсониятига тегадиган гаплар гапиради.

Феррарининг ҳақоратомуз гапларига чидай олмаган Ферруччо унга ўзининг ким эканлигини кўрсатиб қўймоқчи бўлади ва қимматбаҳо спорт автомобиллари ишлаб чиқарадиган завод очишга қарор қилади.

Ферруччо Ламборжининг ўғли кейинчалик Энцо Феррари нега отасининг нафсониятига текканини ҳикоя қилиб берган.

Унга кўра, кунлардан бир кун Ферруччо ўзи миниб юрган Ferrari 250 GT’нинг бириктирув педалида кичик носоз борлигини сезиб қолади. Суриштириб кўрганида шу русумдаги бошқа автомобилларда ҳам шундай носозлик борлиги маълум бўлади. Ferrari 250 GT заводдан кичик носозлик билан ишлаб чиқарилган.

Шундан сўнг у Ferrari раҳбари Энцо Феррари билан учрашиб ўзи аниқлаган носозлик ҳақида хабар бермоқчи бўлади.

Ферруччо Энцонинг олдига бориб Ferrari 250 GT автомобили заводдан бириктирув педалидаги носозлик билан чиқарилаётгани ҳақида айтади. Гарчи Ферруччо дўстона оҳангда гапирган бўлса ҳам, унинг гаплари Энцо Феррарига ёқмайди.

Ферруччо Ламборжинининг трактор ишлаб чиқарувчи компания эгаси эканини билган Энцо Феррари унга қўпол муомалада бўлади.

У Ферруччога спорт автомобиллари соҳасида ҳеч нарсани билмаслигини, бориб «тракторлари билан ўралашишини ва тушунмаган нарсасига тумшуғини тиқмаслигини» айтади.

Феррарининг қўпол муомаласидан қаттиқ хафа бўлган Ферруччо ўша куннинг ўзидаёқ Ferrari 250 GT’ни трактор ишлаб чиқарилаётган корхонага олиб боради. Завод ходимлари уни қисмларга ажратишади. Шунда Ferrari 250 GT ва Lamborghini тракторларининг эҳтиёт қисмлари қарийб бир хил экани, фақат ўлчамлари фарқ қилиши маълум бўлади.

Корхона ишчилари Ферруччонинг кўз ўнгида Ferrari 250 GT қайта йиғишади ва унинг носоз жойини осонгина тўғрилаб беришади.

Шундан сўнг у автокорхона очишга қарор қилади ва янги русумдаги қимматбаҳо спорт автомобили лойиҳаси устида ишлай бошлайди. Мақсади, Ferrari 250 GT’дан ҳам зўр бўлган спорт автомобилларини ишлаб чиқариш эди.

Ферруччо Ламборжини / Фото: zoomit.ir

Автомобилсозлик компаниясининг ташкил этилиши

1963 йилда Ферруччо Ламборжини Automobili Lamborghini S.p.A. компаниясини ташкил этади. Янги автомобилларга двигател ишлаб чиқариш учун у Ferrari компаниясига бир нечта двигател лойиҳасини тайёрлаб берган истеъдодли муҳандис, Bizzarrini S.p.A компаниясининг эгаси Жотто Биццаринини таклиф этади.

1963 йил октябр ойида Automobili Lamborghini S.p.A. ўзининг илк автомобили Lamborghini 350 GTV’ни Туриндаги автошоуда намойиш этади. Бу автомобил ягона нусхада бўлиб, кейинчалик у Lamborghini 350 GT автомобилларини ишлаб чиқариш учун асос бўлади.

Lamborghini 350 GT / Фото: granturismoevents.com

Орадан бир йил ўтиб, компания Lamborghini 350 GT автомобилларини серияли тарзда ишлаб чиқара бошлайди.

Ферруччо илк автомобилига қандай логотип танлашни ўйлаб ўтирганида унга севимли сигири туққанини ва боласи буқача эканини хабар беришади. Шундан сўнг у ўзи ишлаб чиқараётган автомобилларга логотип сифатида ҳужум қилаётган буқа тасвирини танлайди.

1965 йилда Туринда ўтказилган автошоуда компания ўзининг янги модели - Lamborghini Miura’ни оммага тақдим этади. 1966 йилда Женевада ўтказилган автомобиллар кўргазмасида унинг ишчи нусхаси тақдим этилади.

Lamborghini Miura / Фото: autoblog.com

1967 йилда компания Lamborghini Miura’дан 111 дона сотишга муваффақ бўлади. Шундан сўнг дунё бўйлаб қимматбаҳо спорт автомобиллари ихлосмандлари орасида Automobili Lamborghini S.p.A. машиналари машҳур бўла бошлайди.

1966 йилда Lamborghini 400 GT автомобили ишлаб чиқарила бошланади ва у ҳам муваффақиятли сотилади.

1971 йилда компания ўзининг энг муваффақиятли моделларидан бири бўлган Lamborghini Countach’ни ясаб чиқади. Уни серияли ишлаб чиқариш 1974 йилдан бошланади.

Lamborghini Countach 1974 йил / Фото: shutterstock.com

Lamborghini Countach дунёдаги эшиклари вертикал тарзда очиладиган илк автомобил эди. У ана шу хусусияти билан ҳам кўпчиликнинг эътиборини тортади ва узоқ йиллар давомида муваффақиятли сотилади.

Ферруччонинг банкрот бўлиши ва компанияларнинг сотилиши

1972 йилда Ферруччо Ламборжинига банкротлик хавф сола бошлайди. Ўша йили Жанубий Америкадаги бир нечта давлат Lamborghini Trattori S.p.A. билан тракторлар етказиб бериш бўйича тузилган шартномаларни бекор қилади. Ишлаб чиқарилган тракторлар сотилмай қолиб кетади

Оқибатда, Ламборжини банкрот бўлмаслик учун Lamborghini Trattori S.p.A. компаниясидаги акцияларининг бир қисмини Fiat компаниясига сотади.

Кейинчалик, Ферруччо Lamborghini Trattori S.p.A.нинг эгалигини Same Deutz-Fahr Group компаниясига сотишга мажбур бўлади. Компания бир неча марта қўлдан-қўлга ўтса-да, Lamborghini тракторлари ҳанузгача ишлаб чиқарилмоқда.

Lamborghini тарктори, 1970-йиллар. / Фото: autoliterate.blog

Ўшанда муваффақият билан сотилаётган Lamborghini Countach Ферруччо Ламборжинини бир муддат бутунлай банкрот бўлишдан сақлаб қолади. Аммо кейинчалик Ферруччога барибир банкротлик хавф сола бошлайди.

1972 йилда Ламборжини Automobili Lamborghini S.p.A.нинг 51 фоиз акцияларларини швейцариялик инвестор Жоржу-Анри Росеттига, 1974 йилда қолган  49 фоиз акцияларни унинг шериги Рене Леймеруга сотиб юборади.

1993 йилда Ферруччо Ламборжини 76 ёшида вафот этади. Бу пайтда унинг ихтиёрида на спорт автомобиллари, на трактор ишлаб чиқариш корхоналари эгалиги йўқ эди.

Ламборжини Ферруччодан кейин

Ламборжини компанияни сотиб юборгандан кейин орадан кўп ўтмай жаҳон бозорида қимматбаҳо спорт автомобилларига бўлган талаб кескин тушиб кетади. Оқибатда, 1978 йилда Automobili Lamborghini S.p.A. банкрот деб эълон қилинади.

Суд компанияни сотиш ҳақида қарор чиқаради. Уни швейцариялик ака-ука Мимрамлар сотиб олишади.

Орадан бироз ўтиб улар Automobili Lamborghini S.p.A.ни Chrysler корпорациясига сотишади. Шу тариқа компания АҚШликлар ихтиёрига ўтади. Ўша пайтда Lamborghini Diablo моделини ишлаб чиқариш ишлари кетаётганди.

Lamborghini Diablo, 1978 йил / Фото: styleofeye.com

Lamborghini Diablo қимматбаҳо спорт автомобиллари ихлосмандлари орасида тез оммалашади ва компанияни жаҳон даражасига олиб чиқади.

1994 йилда Automobili Lamborghini S.p.A.ни M’tec (Megatech) инвестиция гуруҳи сотиб олади. Орадан 4 йил ўтиб улар компанияни Германиянинг Audi AG компаниясига сотишади. Ўшандан буён Automobili Lamborghini S.p.A.га немислар эгалик қилиб келмоқда.

Бугунги кунда Audi AG немисларнинг Volkswagen Group коорпорацияси таркибига киради. Volkswagen Group коорпорацияси Automobili Lamborghini S.p.A.дан ташқари, Bugatti Automobiles S.A.S., Ducati Motor Holding S.p.A., Bentley Motors Ltd. каби қимматбаҳо автомобиллар ишлаб чиқарувчи компанияларга эгалик қилади.

Automobili Lamborghini S.p.A. Audi AG қўл остига ўтгач немислар Lamborghini Murciélago моделини ишлаб чиқара бошлашади. Бу модел ҳам ҳашаматли автомобил ихлосмандларининг севимли машиналаридан бирига айланади.

Lamborghini Murciélago, 1995 йил / Фото: CARS.UA

Кейинчалик, компания ўндан ортиқ янги моделдаги автомобиллар ишлаб чиқарган. Улар орасида Lamborghini Gallardo, Lamborghini Aventador, Lamborghini Urus кабилар жуда оммалашган ва ҳар биридан 5 мингтадан, 15 мингтагача сотилган.

2017 йилда компания йўлтанламас Lamborghini Urus’ни 200 минг доллардан сотувга чиқарган ва ундан 15 минг дона сотилган.

Нархлар, бойлар ва ҳашамат

Ферруччо Ламборжини бошидан қиммат спорт автомобиллари ихлосмандлари учун машиналар ишлаб чиқаришни режалаштиради. Аммо 1960 йилларда ҳали одамларнинг чўнтаги ўта қиммат машиналарни кўтармасди.

Иккинчи томондан машиналарга арзонроқ нарх белгиланса улар бойларнинг эътиборини тортмасди. Шу сабабли Ферруччо машиналарга жуда баланд нарх белгиламайди.

Масалан, илк ишлаб чиқарилган Lamborghini 350 GT автомобиллари 18-20 минг доллар атрофида сотилган. Бу пулга ўша пайтда оддий автомобиллардан 10 та олиш мумкин бўлган.

Lamborghini 400 GT / Фото: mecum.com

1966 йилда ишлаб чиқарилган Lamborghini 400 GT’нинг нархи 15 минг доллар, 1967 йилда савдога чиқарилган Lamborghini Miura’нинг нархи 20 минг доллардан бошланган.

1971 йилда Lamborghini Miura’нинг янгиланган модели ишлаб чиқарилади ва 21 минг доллардан сотилади.

Lamborghini Miura’нинг янгиланган модели, 1971 йил / Фото: krone.at

1974 йилда компания Lamborghini Countach русумли автомобилларини ишлаб чиқара бошлайди ва уларнинг бошланғич нархи 50 минг доллардан бошланади. 1982 йилда ишлаб чиқарила бошланган Lamborghini Jalpa 54 минг доллар нархланган.

1990-йиллар бошида компания янада ҳашаматли автомобиллар ишлаб чиқаришни бошлайди. Ўша йили Lamborghini Diablo суперкари ишлаб чиқарилади ва унинг нархи 200 минг доллардан бошланган.

Lamborghini Diablo, 1980 йил / Фото: digitaltrends.com

1995 йилда Lamborghini Diablo’нинг янгиланган модели ишлаб чиқарилади ва унга 230 минг доллар нарх қўйилади. Орадан бирмунча вақт ўтиб ушбу модел яна янгиланади ва Lamborghini Diablo GTR деб номаланган русум 300 минг доллардан сотила бошланади.

Компания Audi AG ихтиёрига ўтгач 2001 йилда компания Lamborghini Murciélago суперкарини ишлаб чиқаради. Унинг нархи 275 минг доллардан бошланган. Кейинчалик, 2009 йилда унинг янгиланган моделига 500 минг доллардан буюртмалар олинади.

Lamborghini Murciélago, 2002 йил / Фото: youngheaven.us

2003 йилдан ишлаб чиқарилган Lamborghini Gallardo 200 минг доллардан бошланган. Ушбу машина компания тарихида энг кўп сотилган машиналардан бири ҳисобланади.

2011 йилда Lamborghini Aventador суперкарига 400 минг доллар нарх қўйилади. Бу машина ҳанузгача ишлаб чиқарилмоқда. 2016 йилда ишлаб чиқарилган Lamborghini Centenario’нинг нархи 500 минг доллар бўлган.

Lamborghini Centenario / Фото: shutterstock.com

Компания айрим машиналарни серияли ишлаб чиқармай, фақат махсус буюртма билан ҳам ишлаб чиқаради. Шунингдек, бойларнинг хоҳишига қараб автомобилларнинг кузови тилла суви юритилган ҳолда, салон қисми ҳам турли қимматбаҳо тошлар билан безатиб берилади. Бундан автомобиллар одатда бир неча миллион долларга баҳоланади.

2012 йил Lamborghini Sesto Elemento суперкаридан бор-йўғи 20 дона чиқарилган. Унинг нархи 2,8 миллион доллардан бошланади.

Lamborghini Sesto Elemento / Фото: shutterstock.com

2013 йилда ишлаб чиқарилган Lamborghini Veneno’дан бор-йўғи 16 дона ишлаб чиқарилган ва улар 4 миллион доллардан 8 миллион долларгача баҳоланган.

Баҳоси ошган эски автомобиллар

Бугун тарихий автомобиллар ихлосмандлари орасида ўтган асрда ишлаб чиқарилган Lamborghini машиналари жуда машҳур ва улар анча қиммат нархланади.

Масалан, 2015 йилда ўтказилган кимошди савдоларида 1964 йилда ишлаб чиқарилган икки ўриндиқли Lamborghini 350 GT қарийб 1 миллион долларга сотилган.

2018 йилда 1967 йилда ягона нусхада ишлаб чиқарилган Lamborghini Marzal 1,8 миллион долларга сотилган.

Lamborghini Marzal, 1967 йил / Фото: Motor1.com

Энг қиммат Lamborghini автомобиллари ўнлиги:

  • Lamborghini Countach LP400 (1974 йилда ишлаб чиқарилган) – 1,72 миллион евро
  • Lamborghini Reventon Roadster (2010 йилда ишлаб чиқарилган) – 1,85 миллион евро
  • Lamborghini Sesto Elemento (2010 йилда ишлаб чиқарилган) – 2,19 миллион евро
  • Lamborghini Miura SV (1972 йилда ишлаб чиқарилган) – 2,38 миллион евро
  • Lamborghini Centenario Roadster (2016 йилда ишлаб чиқарилган) – 2,44 миллион евро
  • Lamborghini Sian FKP 37 (2020 йилда ишлаб чиқарилган) – 2,44 миллион евро
  • Lamborghini Aventador J (2012 йилда ишлаб чиқарилган) – 2,68 миллион евро
  • Lamborghini Veneno (2013 йилда ишлаб чиқарилган) – 3,66 миллион евро
  • Lamborghini SC18 Alston (2018 йилда ишлаб чиқарилган) – 6,4 миллион евро
  • Lamborghini Veneno Roadster (2014 ишлаб чиқарилган) – 7,63 миллион евро
Lamborghini Veneno Roadster, 2014 йил / Фото: autoforum.cz

Охирги йилларда компания электромобиллар ишлаб чиқаришга ҳам эътибор қаратмоқда. 2022 йилда Lamborghini Countach LPI 800-4 деб номланган гиперкар намойиш этилди. У гибрид двигател билан жиҳозланган бўлиб, нархи нархи 2 миллион доллардан бошланади.

Lamborghini Countach LPI 800-4 / Фото: roadandtrack.com

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид