Ўзбекистон | 15:22 / 29.08.2022
19305
2 дақиқада ўқилади

Урганчда Ал-Хоразмий шаҳарчаси қурилиши бошланди

Президент Шавкат Мирзиёев 29 август куни Урганч шаҳрида Ал-Хоразмий шаҳарчаси қурилиши пойдеворига капсула қўйди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маросимда хоразмлик ёшуллилар, аёллар, ёшлар иштирок этди. Президент улар билан мулоқот қилди.

– Бугунги замонавий илм-фаннинг, электрон кашфиётларнинг туб замини Ал-Хоразмий бобомизнинг мислсиз илмий мероси билан боғлиқ. Биз бу билан нафақат фахрланишимиз, балки унга муносиб бўлишимиз керак. Шунинг учун Урганч шаҳрида буюк олим номи билан аталадиган алоҳида шаҳарча барпо этишга қарор қилдик, – деди давлат раҳбари.

Мажмуа Урганч халқаро аэропорти яқинида, 130 гектардан зиёд ҳудудда бунёд қилинади. Самолётдан тушган ҳар қандай одамнинг кўз ўнгида аввало шу маскан намоён бўлади. Шаҳарча марказида Хоразмий ҳайкали ўрнатилади.

Бу ерда Ал-Хоразмий номидаги янги университет барпо этилади. Унинг қошида истеъдодли болалар учун ихтисослашган мактаб қурилади. Уларда ўқиган ёшлар шаҳарчада бунёд этиладиган илм-фан, инновация ва маданият марказларида фаолият кўрсатади.

Шунингдек, бу ерда технопарк ва офислар, тиббиёт, инновация ва маданият марказлари, хиёбонлар, мактаб ва боғчалар, спорт мажмуалари, автотураргоҳ, савдо ва маиший бинолар бўлади. 5 мингта хонадонли 104 та кўп қаватли уй-жой барпо этилади. Иншоотлар “ақлли технологиялар” асосида жиҳозланади.

Давлат раҳбари мажмуа бунёдкорларини мустақиллик байрами билан табриклаб, ишларида муваффақиятлар тилади. Шундан сўнг президент Хоразмга ташрифини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди.

Мавзуга оид