Ироқдаги норозиликлар: ҳалок бўлганлар ва яраланганлар сони ошмоқда
Шиалар етакчиси сиёсатдан якуний тарзда кетгани ва унга алоқадор муассасалар ёпилганини эълон қилганидан сўнг, Муқтада ас-Садр тарафдорлари Бағдоддаги «яшил ҳудуд»га бостириб киришди.
Ироқда 29 август, душанба куни радикал шиалар воизи Муқтада ас-Садр тарафдорлари Бағдодда ҳукумат идоралари ва дипломатик идоралар миссиялари жойлашган, қаттиқ қўриқланадиган «яшил ҳудуд»га бостириб киришга уринишлари оқибатида камида 15 киши ҳалок бўлди, 270 га яқин киши жароҳатланди. Бундай маълумотлар AFP агентлиги ва Al Arabiya телеканали томонидан тақдим этилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ас-Садр тарафдорлари ва қарши шиалар гуруҳи вакиллари ўртасида отишма бўлган. Ҳарбийлар кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган, кейин эса бутун мамлакат бўйлаб комендантлик соати жорий қилинган. Шунингдек, ас-Садр тарафдорларининг норозилик намойишлари Ироқнинг бошқа шаҳарларига ҳам ёйилгани хабар қилинган.
Аввалроқ ал-Садр ўзининг Twitter микроблоги орқали сиёсатдан якуний тарзда кетишини эълон қилиб, унинг исми ёки оиласи билан боғлиқ деярли барча муассасалар ёпилишини таъкидлаган эди.
Бирлашган миллатлар ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш томонларни хотиржамлик, вазминлик ва кескинликни зудлик билан юмшатишга чақирди ҳамда зўравонликка йўл қўймаслик тўғрисида огоҳлантирди. Бирлашган миллатлар ташкилоти бош котиби инқироздан конструктив чиқиш йўлида «ихтилофлардан устун туриш, кечиктирмасдан тинч ва кенг қамровли мулоқотга ўтиш» зарурлигини таъкидлади.
Бирлашган миллатлар ташкилотининг Ироққа ёрдам кўрсатиш миссияси (UNAMI) намойишчиларни ҳукумат қароргоҳини зудлик билан тарк этишга чақирди ва бу «ўта хавфли кучайиш» эканлигини маълум қилди. «Давлатнинг омон қолиши хавф остида», - дея БМТ миссияси баёнотидан иқтибос келтирган AFP.
Эрон давлат ахборот агентлиги INA ва давлат телевидениесига кўра, айни пайтда ас-Садр зўравонликлар тўхтамагунча очлик эълон қилган. Воизнинг идораси бу маълумотни ҳали тасдиқлагани йўқ.
Ироқдаги сиёсий инқироз ас-Садр партияси 2021 йил октябр ойида бўлиб ўтган сайловларда ғалаба қозонган, бироқ ҳукумат туза олмагани ва шиалар етакчиси ўз депутатларини парламентдан олиб чиққанидан сўнг бир йилга яқин давом этмоқда. Қарийб бир йил давомида Ироқ президент ва бош вазирсиз қолмоқда.
2022 йил июль ойида ал-Садр тарафдорлари янги сайловлар ўтказиш талаби билан парламент биносини эгаллаб олиши ортидан инқироз авж олди. Ҳокимият учун курашда ал-Садр ҳаракати собиқ ҳукумат раҳбари Нури ал-Маликий атрофидаги сиёсий рақибларига ҳукуматни шакллантиришга тўсқинлик қилмоқчи.
Саддам Ҳусайн диктатураси қулагандан сўнг, Қўшма Штатлар Ироқда пропорционал бошқарув тизимини жорий қилди, унга кўра, президентлик лавозимини доимо курд жамоасининг вакили эгаллайди, бош вазир эса шиалар вакили ҳисобланади, парламент спикери - сунний.
48 ёшли ас-Садр ўтмишда АҚШнинг Ироқда бўлишига энг ашаддий мухолифлардан бири бўлган, унга бўйсунувчи ҳарбийлашган кучлар эса бир неча бор америкалик ҳарбийлар билан жанговар ҳаракатлар олиб боришган. Кейинчалик у бу тузилмаларни тарқатиб юборди ва сиёсий партия тузди. Унинг мақсадларидан бири бошқа шиалар сиёсий кучларига қарши иттифоқ тузиш эди, уларнинг аксарияти Эрондан ҳарбий ва молиявий ёрдам олади, шунингдек, ўзларининг ҳарбийлаштирилган гуруҳларига эга.
2014 йилда ал-Садр сиёсий ҳаётда иштирок этишдан бош тортишини ва бундан буён парламентда ҳеч қайси фракциядан вакил бўлмаслигини маълум қилган эди.
Мавзуга оид
11:30 / 21.12.2024
Қўрқмас жангчи – Саддам Ҳусайннинг набираси америкалик аскарларга қарши қандай жанг қилганди?
08:17 / 09.12.2024
Гуржистон парламенти ёнида «норозилик» арчаси пайдо бўлди
14:23 / 21.11.2024
Гуржистондаги норозиликлар ташкилотчилари янги ҳаракат режасини ишлаб чиқади
09:20 / 31.10.2024