Жаҳон | 14:47 / 01.09.2022
9258
2 дақиқада ўқилади

Lufthansa учувчилари иш ташлаш эълон қилди

2 сентябрга белгиланган иш ташлаш Lufthansa’нинг Германиядан барча рейсларини бекор қилишга олиб келади. Учувчилар иш ҳақини катта миқдорда оширишни ва маошларни инфляция билан боғлашни талаб қилмоқда.

Фото: AP

Германиянинг Lufthansa авиакомпанияси учувчилари 2 сентябрга бир кунлик иш ташлашни режалаштирган. Иш ташлаш Германиядан Lufthansa ва Lufthansa Cargo компаниялари томонидан амалга оширилаётган барча рейсларнинг бекор қилинишига олиб келади, деб хабар берди Франкфурт-Майндаги Vereinigung Cockpit (VC) учувчилар касаба уюшмаси 1 сентябр, пайшанба куни. 

Касаба уюшмаси раҳбарияти иш ташлашни тариф келишуви бўйича музокараларда олға силжиш бўлмагани ва раҳбариятнинг муросага келишни истамагани билан изоҳлади. «Иш ташлашнинг олдини олиш учун Lufthansa анча яхши таклиф билан чиқиши керак», дея маълум қилди VC. Касаба уюшмалари бу йил 5000 капитан ва биринчи учувчиларнинг иш ҳақини 5,5 фоизга оширишни ва маошларни инфляция билан автоматик боғлашни талаб қилмоқда.

Lufthansa бу талабларни ҳаддан ташқари кўп деб атади ва агар улар бажарилса, компаниянинг иш ҳақи ва ходимлар харажатлари яқин икки йил ичида 40 фоиздан кўпроқ ёки 900 миллион еврога ошишини таъкидлади, бу эса, таъкидланганидек, мутлақо қабул қилиниши мумкин эмас. Раҳбарият касаба уюшмасига яхши ва ижтимоий жиҳатдан мувозанатли пакет таклиф қилганини кўрсатди ва касаба уюшмаси раҳбариятини музокаралар столига қайтишга чақирди. 

Мавзуга оид