Ўзбекистон | 12:59 / 03.09.2022
13246
2 дақиқада ўқилади

Амир Темур мақбарасида реставрация ишлари бошланди

Амир Темур мақбараси маданий мерос объектида реставрация ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги хабар қилди.

Фото: Маданий мерос агентлиги

2022 йилда Самарқанд шаҳрида Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)га аъзо давлатлар раҳбарлари навбатдаги саммити ўтказилиши юзасидан Амир Темур мақбарасида таъмирлаш-тиклаш ишларини олиб бориш белгиланган.

Маълум қилинишича, Самарқанд шаҳрида жойлашган «Амир Темур» мажмуасида гумбаз ва девор олд қисми, галерея пол қисмлари ва пештоқни қайта таъмирлаш учун 3 млрд сўм маблағ ажратилган.

Амир Темур мақбарасини реставрация қилиш ишлари бундан ярим асрдан зиёд вақт олдин, яъни 1941 йилда амалга оширилган бўлиб, 1996 йилда қисман таъмирлаш ишлари олиб борилган.

Билдирилишича, 6 асрлик тарихга эга саркарда сағанасида олиб борилаётган реставрация жараёнлари Маданий мерос агентлиги назорати остида ва малакали уста-реставратор, хаттот, олим, инженерлар ва бошқа соҳа мутахассисларини жалб этилган.

Марказий Осиё меъморчилиги ноёб асари сифатида эътироф этиладиган Амир Темур мақбараси Самарқанд жануби-ғарбий қисмида жойлашган бўлиб, XIV аср охирида Темурий шаҳзода Муҳаммад Султон томонидан қурилган мадраса ёнида тикланган. Мақбара қурилиши Амир Темур ҳукмронлиги даврида бошланиб, Мирзо Улуғбек даврида тугалланган.

Мавзуга оид