Жаҳон | 19:18 / 04.09.2022
53641
22 дақиқада ўқилади

Қироллик оиласининг «попугини пасайтирган» Диана: у қандай аёл эди?

Ҳар йили 31 август куни инглиз орийлари ва дунё сиёсатига бефарқ бўлмаган инсонлар малика Диананинг ўлими ҳақида нимадир ўқийди. Кўпчилик Диана беҳад гўзал аёл бўлгани, Парижда мисрлик хуштори Доди ал Файед билан бирга автоҳалокатга учрагани, ҳатто интервюларида бўлажак Британия қироли бўлмиш эрига вафо қилмаганини айта оладиган даражада дангал эканини билади.

1983 йил. Уэлc маликаси Диана Канадага ташрифи чоғида. Унинг машҳурлиги ва ўлими ҳақида минглаб афсоналар янграйди. У аслида қандай бўлганини кўпчилик билмайди ёки унутиб юборган / TIM GRAHAM PHOTO LIBRARY

Унинг ҳаёти зиддиятларга тўла бўлгани ҳам кўпчиликка сир эмас. Аммо бир жиҳатга ҳамма ҳам эътибор беравермайди: Диана дунёдаги энг қудратли давлатлардан бири бўлмиш Британия қироллик оиласига бўлган қарашларни буткул ўзгартириб юборган. Қироллик оиласидаги орийлар ўзини фуқародан устун қўйиш ажабланишга ҳам арзимайдиган даражада оддий ҳолат эканини ҳис қилиб юрган бир вақтда Диана бу оилада ҳам жуда оддий рўзғор ташвишлари сабаб жанжаллашадиган одамлар яшашини бутун дунёга кўрсатиб қўйди. У оддий фуқароларга шунчалик яқин бўлдики, одамлардаги қироллик оиласи ҳақида тушунчаларининг оёғи осмондан бўлди.

Диана таблоидларда ёзилгани каби фақатгина ишқий машмашалар ортидан машҳур бўлган бугунги Instagram юлдузлари каби модел эмас, дунёдаги энг қудратли оилага самимийлик олиб кириш орқали бу оиладагилар бошқалардан ҳеч қандай фарқ қилмаслигини исботлаган малика эди. Ҳа, айнан шунинг учун одамлар Дианани қиролича уни оиладан ҳайдаб чиқарганидан кейин ҳам малика деб аташда давом этишди.

BBC рус хизмати журналисти Яна Литвинова малика Диананинг зиддиятли ҳаётидаги кўпчилик эътибор бермайдиган жиҳатларига эътибор қаратиб, мақола ёзди.

1997 йил 31 август куни Парижгаги Алма кўприги остидан ўтувчи тоннелда ёш аёл автоҳалокатга учради ва бир неча соат ўтиб касалхонада ҳалок бўлди. Қизлигида уни Диана Спенсер деб, турмушга чиққанидан кейин эса Уэлс маликаси жаноби олиялари, ажрашганидан кейин шунчаки Диана, ўлимидан кейин эса «халқ маликаси» деб аташарди.

Диана вафот этган 1997 йилнинг 31 августидаёқ у яшаган Кенсингтондаги сарой гулларга тўлади. Кейинчалик гул кўплигидан саройга 10 метргача яқин бориб бўлмай қолади. Фото: JACK TAYLOR

25 йил – вафот этган машҳурларни тобора камроқ эслаш ва тобора тезроқ унутиш учун етарли вақт. Аммо Диана ва унинг ўлими ҳақида ҳамон гапиришади. Унинг ҳаёти бойлик, машҳурлик, гўзаллик ва интилиш жамланган бутун бошли афсонага айланиб улгурган. Бошқаларга ўхшамайдиган характер соҳиби бўлган Диананинг ҳаётини одамларнинг ўзи афсонага айлантирган.

Аммо бу борадаги ҳақиқат ҳам унчалик зерикарли эмас. Зеро у бежирим суратлардаги ҳаётнинг бошқа жиҳатларига қараш, ҳаёт фақат яхши ва ёмон тугайдиган эртакдан иборат эмаслигини эслатиб туради.

Малика Диана эмас, Уэлс маликаси Диана

Диана оиланинг бойлиги бўлмиш Чарлзнинг катта бувиси – қиролича Мэрининг тақинчоғи билан. Чарлз тўй вақтида шаҳзода мақомида бўлмаганда Диана малика бўлмасди. Фото: PRINCESS DIANA ARCHIVE

Кўпчилик Дианани шунчаки малика Диана деб аташга одатланган, аммо бу бошқа маъно англатиши ҳақида ўйлаб кўрмаган. Гап шундаки, исм олдидан «малика» сўзи монархнинг қизи ёки қиз набираларига нисбатан ишлатилади. Диана эса қироллик оиласининг келини бўлган. Елизавет II'нинг қизи Анна. Диана эса келинлик вақтида Уелс маликаси деб чақирилган.

Кейт Миддлтон шаҳзода Уилямга турмушга чиқиб герцогиняга айланди. Унинг эри Уэлс шаҳзодаси унвонини олса, Миддлтон ҳам марҳум қайнонаси каби Уэлс маликаси деб аталади, малика Кэтрин деб эмас. Бу бир қарашда бир хил нарсадек, аммо аслида фарқли.

Халқ маликаси, лекин халқдан чиққан малика эмас

Диананинг ота-онаси Элтор ва Фрэнсис Кайдднинг тўйи. Ёшлар Вестминстер аббатлиги зинапояларида туришибди. Бу ерга оддий одамлар чиқишига рухсат беришмайди. Фото: TERRY DISNEY

Шаҳзода Чарлз оддий қизга уйланди деб бўлмайди. Британия қироллик оиласи талабига кўра, шаҳзодаларнинг бўлажак рафиқалари икки талабга жавоб бериши керак: орийлар авлодидан бўлиши ва бокира бўлиши. Диана ҳар икки талабга ҳам жавоб берган. Чунки унинг танасида қироллик қони ҳам оққан.

Спенсерларнинг биринчиси бўлган Жон граф даражасини 1765 йилда олган. Унинг қизи леди Жоржиана Спенсер Девонширск герцогига турмушга чиқади. У ҳақда Кира Найтли ижросидаги «Герцогиня» филми ҳам суратга олинган. Диана Британиянинг афсонавий бош вазири Уинстон Черчил билан қариндош бўлган. Оиланинг қирол Карл II билан ҳам қариндошлиги бор. Маликанинг аждодлари орасида қиролнинг икки нафар ноқонуний ўғиллари Ҳенри Фицр ва Чарлз Леннокс ҳам бўлган. Диана ва қирол Карлнинг қариндошлиги узоқ ўтмишда яшаган Мария Стюарт исмли аёлга бориб тақалади.

Бўлажак малика 1 ёшга тўлган кун. Сурат Сандрингем атрофида олинган. Спенсерлар Виндзорлар билан қўшни бўлишган.
HULTON ARCHIVE

Бундан ташқари, Диана ва Чарлз узоқ қариндош ҳам. Ҳенри VII қизлари Маргарет ва Мэри уларнинг аждодидир. Диананинг акаси ҳозирги қироличанинг тутинган укаси бўлган. Унинг бувиси эса Герорг V'нинг хотини қиролича Мэрининг хизматкорларидан бири бўлган.

Британиядаги орийлар ҳаётига оид маълумотларни тўплаб борувчи Burke's Peerage нашрининг ёзишича, қироллик оиласига Спенсерлардан яқинроқ боғланган оила бўлмаган. Шу сабаб Диана қироллик оиласига келин бўлиб тушганидан кейин ҳайратда қолган, дейиш тўғри эмас. Бошқача айтганда, у «қурбонликка келтирилган жонлиқ» бўлмаган, қироллик оиласида ўзини нималар кутаётганини жуда яхши билган. Яъни Диана ўзини ҳеч нимани билмайдигандек қилиб кўрсатишни яхши уддалаган ва бу унга ОАВдаги чиқишларида қўл келган.

Диананинг укаси виконт Элтор оилага қарашли мулк фонида. Диана айнан мана шу ҳудудда дафн этилган. Фото: IAN TYAS

Диананинг уятчан эмаслиги уни қироллик оиласидаги бошқа аъзолардан ажратиб турарди

Одамлар орасида кенг тарқалган фикрга кўра, Диана диққат марказида бўлишни ёқтирмаган ва буни ўз вазифасининг бир қисми ўлароқ мажбуран амалга оширган. Елизавета II'нинг собиқ матбуот котиби Дикки Арбитер бу фикрни рад этади. «У билан тўйдан 3-4 кун аввал танишдим. Уни уятчан Ди деб аташар, чунки у одамлар билан гаплашганда бошини эгиб оларди. Аммо бу уятчанликдан эмас, у доим бўйи баландлигини (178 см) эслаб турган. У гаплашаётган одамига ноқулай бўлмасин учун бошини эгиб олган», деган собиқ котиб Vogue билан суҳбатда.

Дианага берилган «оддий ва уятчан» таърифлари тўғри эмасди. Фото: CENTRAL PRESS

Диананинг укаси бўлмиш граф Спенсер ҳам опаси уятчан бўлмаганини айтади. «Лекин у ўзини қандай тутишни биларди. Биринчи марта гаплашаётган одамига жавоб беришдан аввал суҳбатдоши қандай одам эканини таҳлил қиларди. Бу уятчанлик эмас, топқирлик», дейди у.

Диана ва Чарлз ирландлар томонидан ўлдирилган шаҳзода Филиппнинг амакиси лорд Маунтбеттен шарафига ўтказилган кўргазмада. Суратда Диана ва Чарлзнинг бўйи деярли тенг экани ва малика бошини енгил эгиб турганини кўриш мумкин. Фото: BETTMANN

Диана самимий бўлмаганми?

Диананинг хиёнат қилгани, билимия (овқатланиш рациони бузилиши орқали содир бўладиган руҳий касаллик) билан курашиши, ўз жонига қасд қилишга уринишлари ҳақида гапирадиган даражада очиқлиги атрофида кўп муаммоларни пайдо қилган. Шу сабаб Диана дангал ва ҳақиқатгўй бўлган дейиш мумкин. Унинг укаси дафн маросимида дунё опасининг ростгўйлигига қойил қолиши кераклигини айтган эди. Аммо у бир неча йил аввал опаси ўз ҳикояларига «безак бериб гапириши»ни ҳам таъкидлаган.

Шов-шувли интервю

Диана Мартин Башир билан интервюда. Қиролича Елизавета II бу интервюдан кейин Диана ва Чарлз тезроқ ажрашса, яхши бўлишини айтган.

1995 йил Диана BBC журналисти Мартин Баширга интервю беради. Суҳбатда хусусан шундай жой бор:

Башир: Қиролича 1992 йилни «даҳшатли» деб атаганди. Айнан ўша йили Эндрю Мартиннинг сиз ҳақингиздаги китоби чиққанди. Тўғрисини айтинг, Мартин билан кўришганмисиз ёки унинг китоби ёзилишида ёрдам берганмисиз?

Диана: У билан кўришмаганман.

Башир: Китобни ёзишига ёрдам берганмисиз?

Диана: Кўплар ҳаётим қайғуга тўлганини кўрган ва улар менга ёрдам бериш орқали қўллаб-қувватлайман деб ўйлаган.

Маликанинг ўлимидан кейин маълум бўлдики, у чиндан Мортон билан кўришмаган бўлса-да, унга жуда кўп очиқ гаплари ёзилган қайдларни юборган. Бу эса китоб чинакам бестселлерга айланишига сабаб бўлган.

Кейинчалик Мортоннинг ўзи ҳам китобининг асосий маълумотларини Диананинг ўзи берганини айтган. Бу маълумот тўғри эканига Диананинг бошқа дўстлари ҳам ишора қилган.

1991 йил. Малика ва шаҳзода Канадага расмий ташриф вақтида. Бу суратдан бир йил ўтиб Мортоннинг биринчи шов-шувли китоби нашрдан чиқади. Фото: TIM GRAHAM PHOTO LIBRARY

Чарлз биринчи хотинини севмаганми?

Диана ва Чарлз, Уилям ва Кейт Миддлтон тўйидаги фарқ. Бу сурат икки оила қанчалик фарқли равишда тузилганини ифода этади.

Чарлз хотини бўлган вақтда Дианани севмагани, у доим Камиллани севгани ҳақида кўп гапиришади. Диана ва Чарлз бир-бирини севганми, йўқми? Бу америкаликларнинг таъбири билан айтганда «миллион долларлик саволлар». Аммо бу саволларга ҳеч қачон аниқ жавоб олишнинг имкони йўқ, чунки томонлардан бири аллақачон ўлиб кетган, иккинчи томон эса оилавий мақомидан келиб чиққан ҳолда бу борада ҳақиқатни айта олмайди.

Диананинг ҳаётини жуда чуқур ўрганган Мартин Башир суратга олган ҳужжатли филмга ишонадиган бўлсак, жуфтлик орасида ҳеч қандай муҳаббат бўлмаган. Филмда Диананинг келиб чиқишини ўрганган астролог Пенни Торнтон ҳам гапирган ва Диана унга тўйи арафасида Чарлз уни севмаслигини айтганини ҳикоя қилиб берган. «Афтидан у бўлажак рафиқасини алдашни истамаган ва ҳаммаси ҳаққоний бошланишини истаган. Бу эса Дианани тириклайин ўлдирган», дейди Торнтон.

Жуфтликнинг Австралияга илк расмий сафари. Бир қарашда улар жуда хурсанддек кўринди. Фото: TIM GRAHAM PHOTO LIBRARY

Аммо Диананинг бу гаплари диктофонга ёзилмаган экан, у факт бўла олмайди. Бундан ташқари, Диана шундай деган бўлса ҳам, буни ҳақиқат деб бўлмайди. Чунки у алдамаганига кафолат йўқ.

Юқорида номи тилга олинган қироличанинг матбуот котиби Дикки Арбитер интервюларидан бирида ёшлар турмуш қурган вақтларида бир-бирига бўлган муносабати ёмон бўлмаганини айтади: «Мен 1981 йил уларнинг биринчи расмий сафарига ҳамроҳлик қилганман. Диана 80 йил ичидаги илк Уэлс маликаси бўлгани учун унга қизиқиш жуда катта эди. Чарлз ҳар доим уни эркалашга интилар, баъзан қучоқлаб оларди», дейди журналист.

Диананинг юқоридаги интервюсида энг шов-шувли жойи эри ўзидан кейинги хотини Камиллани севганига ишора қилгани бўлганди: «Турмушимиз уч кишилик эди, шу сабаб одам кўпайиб кетганди деб ўйлайман» деганди малика. Диана Камилла уларнинг оиласи бузилишида қанчалик рол ўйнагани ҳақидаги саволга шундай жавоб берган.

Чарлзнинг икки хотини кўп таққосланади. Суратда шаҳзоданинг биринчи ва иккинчи хотини Диана ҳамда Камилла Ватиканга 24 йил фарқ билан амалга оширган ташрифи чоғида. Тўғри, бу суратда Камилла анча катта ёшда, аммо унинг ёшлигида ҳам шаҳзода Дианадай чиройли аёлни унчалик чиройли бўлмаган Камиллага қандай алмашган, деган саволлар кўп бериларди. Фото: ANWAR HUSSEIN

Монархлар муҳаббати ҳақида ёзиши билан танилган Элинор Херман бу «севги учбурчаги»ни шундай таърифлаган: «Диана жуда гўзал, аммо тутқич бермайдиган даражада ҳиссиётга бой бўлган. Диана Чарлзга бақирган, ҳақорат қилган, у эса жимгина Камилланинг олдига борган. У шаҳзодани вино ёки пишлоқ билан меҳмон қилган, қизиқарли бирор воқеа айтиб берган. Уларнинг фарқи шунда», дейди Херман.

Шу ўринда Диананинг ўзида ҳам ишқий машмашалар кўп бўлгани бор гап. У айнан ким билан илк марта хиёнат қила бошлаганини эса энди билиб бўлмайди.

Чарлз Дианага эмас бошидан севган Камиллага уйланганида воқеалар қандай ривожланган бўлишини энди билиб бўлмайди. Фото: 
CHRIS JACKSON

Диана ОАВ ва таблоидлар қурбони бўлган дейиш тўғрими?

Диананинг қироллик оиласи келини бўлган 1980-йиллардан ўлимига қадар (1997) ОАВ билан муносабати унчалик яхши бўлмаган. У ҳам кўпчилик орийлар каби ўзини фақат мақташларини истаган, танқидларни хушламаган, ўзини ҳар ерда кузатиб юрадиган журналистларни кескин танқид қилган. Ўз навбатида одамларнинг ўзи ҳақидаги фикрларини манипуляция қилиш учун ОАВдан фойдаланишни ҳам канда қилмаган.

Диана суратга қандай тушишни жуда яхши билган. Фото: TIM GRAHAM PHOTO LIBRARY

1992 йилда оиланинг дарз кетиши тобора аниқ бўлиб бораётган бир вақтда Диананинг Тож-Маҳалда ёлғиз, худди ташлаб кетилган кўйи тушган сурати бутун дунёда шов-шувларга сабаб бўлади. Ахир Тож-Маҳал рафиқага муҳаббатнинг ажойиб рамзи сифатида эътироф этилади, шу сабаб бу суратнинг турган битгани рамз эди. Дунёдаги таблоидлар бу суратни ўзларининг силлиқ муқоваларида босиб хоҳлаганларича сарлавҳа қўйишди. Аммо кўпчилик эътибор бермагандики, Ҳиндистон сафарида Диана ва Чарлз бирга эди.

Диана фожиали тарзда ўлганининг эртасигаёқ дунё матбуотида уни алқаб ёза бошлашди, аммо тириклигида у ОАВдан доим ўз манфаатлари йўлида фойдалангани ғийбат қилинарди. Тор доираларда Диана хиёнаткор эрига қарши курашда ОАВдан асосий қурол сифатида фойдалангани гапириларди. Масалан, ўша Тож-Маҳалдаги суратни ҳам унинг ўзи айнан ўшандай кўринишда олдирган.

Диананинг Тож-Маҳал олдида ёлғиз тушган машҳур сурати. Фото: ANWAR HUSSEIN

Ҳиндистондаги сурат Диана одамлар фикрини ОАВ орқали манипуляция қилишга уринган жуда кўп ҳолатлардан бири холос. Масалан, жуфтлик ажрашиб кетишидан бироз аввал 1992 йил Диананинг отаси ўлиб қолади. Чарлз табиийки қайнотасининг дафн маросимига боришга отланади. Диана эса уни маросимда кўришни истамаслигини айтади.

Шу сабаб шаҳзоданинг шотирлари у қайнотасининг дафн маросимига оилавий тушунмовчилик сабаб бормагандек кўринмасин учун тезда гўёки олдиндан ташкиллаштириб қўйилган учрашув уюштиришади. Қолганини эса журналистларнинг ўзи илиб кетишади: ОАВда Чарлз Дианани ҳатто отасининг дафн маросимида ёлғиз қолдирди деган мазмунда сарлавҳалар билан ҳатто маликанинг ўзини ҳам йиғлашга мажбур қилишади.

Диана шаҳзода Чарлз унга уйланганининг эртасигаёқ фотографлар уни суратга олишга зўр беришади. Фото: MIRRORPIX

Исмини ошкор қилишни истамаган газета муҳаррирларидан бири Диана ОАВдан қандай усталик билан фойдаланганини гапириб берганди. Унинг айтишича, Диана бу борада яхшигина сиёсатчи бўлган. Диананинг ОАВ билан муносабати бугунги кунда қандай бўларди, деган саволга жавобни эса ўйлаб кўришнинг ўзи қийин. Чунки машҳурларнинг ҳаракати ижтимоий тармоқларда кичик деталларгача муҳокама қилинаётган замонда буни тасаввур қилиш қийин.

Диана ҳаётлик чоғидаги энг охирги сурати. У мисрлик Доди ал Файед билан Париждаги Алма кўприги остидан ўтувчи туннелдан машинада кетмоқда. Бу сурат олинганидан бир дақиқа ўтиб машина туннел таянчига урилиб аварияга учрайди. Фото: LANGEVIN JACQUES

Диананинг ўлими бахтсиз ҳодиса бўлган

Алма кўприги остидан ўтувчи туннелга ҳалигача бутун дунёдан сайёҳлар боради. Фото: GETTY IMAGES

Ҳа, атай бўлмаган деб ёзмадим. Унинг ўлими ҳақида минг хил суриштирувларни кўриш мумкин, аммо бу қотиллик бўлган дейдиганлар ҳеч қандай исбот келтира олмайди. Агар бу қотиллик бўлгани ҳақида иддаоларга қизиқсангиз, BBC'нинг бу борадаги «Фитна назарияси» филмини томоша қилишингиз мумкин.

Додининг отаси ўғли ва Диана шарафига бунёд қилган Harrods универмагидаги ёдкорлик. Унинг дўкони қатарлик тадбиркорга сотилганидан кейин ёдгорлик олиб ташланган. Додининг отаси уни ўз уйига олиб кетган. Ёдгорлик остига «айбсиз қурбонлар» деб ёзилган. Муҳаммад ал Файед ҳамон ўғли ва Диана ўлдирилган деб ҳисоблайди. Фото: JOHN D MCHUGH

Бу борадаги фикрлар қарама-қаршилигини қуйидаги кўринишда келтириш мумкин:

Иддао: Диана ишқий муносабатда бўлган охирги эркак Доди ал Файед унга никоҳ узуги сотиб олади. Улар турмуш қуришни мақсад қилишади.

Қарши факт: Диана дўстларига бу шунчаки совға бўлгани, «биринчисидан қутулиб, тезда иккинчисига тутилишни истамаётганини» айтади.

Иддао: Доди ал Файеднинг отаси Муҳаммад ал Файеднинг фикрича, Диана ҳомиладор бўлган, Британия истэблишменти эса бўлажак қиролнинг мусулмон укаси бўлишини ҳазм қила олмаган.

Қарши факт: Диананинг яқин дўстлари эса дугонаси Доди билан Парижга дам олишга кетишидан 10 кун аввал у билан бир ҳафта вақт ўтказгани, у ҳомиладор бўлмаганини айтган.

Диана ва Доди ҳалокатга учраган машина. Аварияда фақат қўриқчи тирик қолади. Машинадагилар орасида фақат у хавфсизлик камарини таққан бўлган. Фото: PIERRE BOUSSEL

Иддао: Ҳалокат куни Диана ўтирган машина ҳайдовчиси маст бўлмаган, у махсус хизматларнинг ўзини ҳам ўлдириш орқали қотилликларни содир этиш гуруҳи вакили бўлган. Унинг қони бўлган пробиркалар алмаштириб қўйилган.

Қарши факт: Ўтказилган қон анализларидан маълумки, ҳайдовчи маст бўлган. Унинг қонини алмаштириб қўйишгани ҳам бўлмаган гап, чунки ҳайдовчининг қони унинг ота-онасиники билан ҳам солиштириб ДНК тести ўтказилган ва пробиркада унинг қони бўлгани тасдиқланган.

Иддао: МИ-6 ҳайдовчининг кўзини махсус нур билан қамаштирган.

Қарши факт: Қизиқ, нега унда машинани кузатган ва расмга олган папараццидаги ҳайдовчининг кўзи қамашмаган?

Иддао: Тез ёрдам Дианани атай кечроқ касалхонага етказиш учун жуда секин ҳаракат қилган. Атай жуда узоқдаги касалхонага олиб боришган.

Қарши факт: Тез ёрдам воқеа жойига 6 дақиқада етиб борган. Бу вақтда Диананинг юраги тўхтаб бўлган ва шифокорлар тез ёрдам машинасида жонлантириш амалиётини ўтказган. Машина чиндан секин юрган, чунки бундай ҳолатда тезлик беморга ҳаётга қайтариб бўлмайдиган даражада салбий таъсир қилиши мумкин. Олиб борилган касалхона ҳам узоқ бўлгани учун эмас, оғир жароҳатларга мослашган бўлгани учун танланган.

Париждаги Пите-Салпетриер касалхонаси. Шифокорлар бир неча соат давомида Дианани жонлантиришга ҳаракат қилишади.

Яна бир факт: Диана хавфсизлик камарини таққанида тирик қолган бўлиши мумкин эди.

Диананинг энг яқин дугоналаридан бири Роза Монктон малика ўлдирилгани борасидаги назарияларни сафсата деб ҳисоблайди. «У жуда ноодатий аёл эди, шу сабаб унинг ўлимини оддий қабул қилишлари қийин бўлган деб ўйлайман», деганди Монктон.

Сўнгсўз ўрнида

TIM GRAHAM PHOTO LIBRARY

Диана Спенсер ва унинг ўлими ҳақидаги мифлар бу аёл муносиб тарзда машҳурликка эришганини рад эта олмайди. У кўплаб хайрия тадбирларида иштирок этган, ижтимоий лойиҳаларни қўллаган, жамоатчилик эътиборидан четда қолган одамлар – беморлар, мина портлашидан ногирон бўлиб қолган болалар, қочоқлар, уйсизлар, ОИВ инфекцияси билан оғриганларга ёрдам берган.

У ҳар қандай инсонни ўзига тенг олиб гаплашган, Британия қироллик оиласини ўзгартирган, ўз навбатида одамларнинг оилага бўлган муносабатини ҳам ўзгартира олган.

Диананинг ҳаётини у ҳақдаги ушбу уч иқтибос яхшигина очиб беради:

«Бу даҳшатли даврда ҳам Яратган биздан марҳаматини дариғ тутмагани учун ундан миннатдор бўлишимиз керак. Ҳа, у биздан Дианани ёш ва гўзал вақтида олди, аммо аввало фахр билан опам деб атай оладиган шундай ажойиб аёлни бизга бергани учун Унга миннатдорчилик билдиришимиз керак. Юзи каби қалби ҳам гўзал Диана доим юрагимизда қолади». Граф Спенсер. Диананинг укаси.

Лондондаги Гайд-паркда Диана шарафига бунёд этилган фаввора-ёдгорлик. Фото: MIRRORPIX

«Диана ўлмагандек, шунчаки Алмадаги кўприк остида сирпаниб 1997 йил кузида яна кўриниш бериш учун кўринмай қолгандек. Чеклаш, ўлчаш, вақт билан чегаралаш каби нарсалар Дианага мос келмасди». Ҳилари Мантел. ёзувчи.

Диана Элтордаги оиласига тегишли кичик оролда дафн этилган. Фото: PRINCESS DIANA ARCHIVE

«Саволга ўрин қолдирмайдиган севгигина синовдан ўта олади,

У энг қадрли нарсаларни шу йўлда қурбон қила олади,

Нима таклиф қилинса ҳам ўзгармайди, қўрқмайди,

Керак бўлса ҳаётини ҳам қурбон қилади».

Диана Чарлз билан тўйи учун танлаган қўшиқ.

Мавзуга оид