Ўзбекистон | 13:24 / 05.09.2022
15326
5 дақиқада ўқилади

Шерзод Кудбиев — ҳакерлик ҳужумлари, шахсий маълумотлар хавфсизлиги ва кешбэк ҳақида

Солиқ қўмитасининг фуқаролар шахсий маълумотлари жойлашган серверларига ҳар куни 50-60 та ҳакерлик ҳужумлари бўлади, лекин уларнинг бирортаси базага кира олмаган, деди қўмита раиси Шерзод Қудбиев Kun.uz мухбири билан суҳбатда. У кешбэк йиғаётган фуқароларнинг шахсий маълумотлари сотилиши ва кешбэк тўлаш тартиби қачонгача давом этиши ҳақидаги саволларга жавоб берди.

— Фуқароларга харид суммасидан 1 фоиз миқдорида кешбэк тўлаш тизими доимий бўлиб қоладими ёки Солиқ қўмитаси қанчадир вақтдан кейин кешбэк тўлаб беришни тўхтатмоқчими?

— Қўмитанинг позицияси шуки, кешбэк тўлаб бериш узоқ вақт сақланиб қолишига умид қиламиз. Чунки у ўзининг ижобий натижасини кўрсатди. Шу жумладан, кешбэк ва солиқ ҳамкор орқали текширувлар онлайн касса машиналари орқали айланмани 1,6 баробар ошириш имконини берди.

Бу жараён бардавомлигини давом эттиришга имкониятимиз бор. [Йил бошидан то] бугунга келиб 1,1 млнга яқин фуқароларимизга 330 млрд сўм кешбэк тўланди. Бу тизимни давом эттириш мақсадга мувофиқ деб ўйлайман.

— Кешбэк йиғаётган фуқароларнинг шахсий маълумотларидан фойдаланиш, яъни сотиб олаётган маҳсулотлари, харид қобилияти ва вақтига доир маълумотлар тадбиркорларга сотилмайдими? Умуман олганда, фуқароларнинг шахсий маълумотлари қанчалик ҳимояланган?

— Яқинда кўрган бўлсангиз, Telegram'да бир гуруҳ чиқиб, биз Солиқ қўмитаси серверларини бундай қилдик, шахсий маълумотларимиз бор, кешбэк бўйича одамларнинг маълумотларига эга бўлдик, унинг бир қисмини эълон қиляпмиз, деб айтишди. Бу мутлақо нотўғри. Айнан Kun.uz орқали фуқароларимиздан илтимос қилиб сўрар эдимки, ҳар хил гуруҳларга ўзларингизнинг шахсий маълумотларингизни қўйманг. Агар солиқ ҳамкор ва кешбэк бўйича мурожаат қилмоқчи бўлсангиз, илованинг тепасида ID рақамингиз бор. Шуни ёзиб мурожаат қилишингиз мумкин.

Ҳар бир фуқаро ўзининг шахсий маълумотларини ҳимоя қилиши ва очиқ манбаларда уларни сақламасликка ҳаракат қилиши керак. Давлат солиқ органларига сиз солиқ мобил иловаси орқали берган маълумотларингиз тўлиқ хавфсиз сақланади. Биз бир кунда камида 50-60 та Dos ва DDos* ҳужумларини бартараф этамиз. Дунёнинг турли нуқталаридан бу ишни қилишга ҳаракат қилишади.

Президентимиз 16 март куни келганларида биз буни намойиш этганмиз. Бунинг учун махсус гуруҳ 24/7 режимида ишлайди. Айтмоқчиманки, Солиқ қўмитаси серверларига таъсир кўрсатиш – осон иш эмас. Тизимларимиз орқали Солиқ қўмитасига тақдим этилган шахсга доир маълумотлар тўлиқ хавфсиз сақланишига ҳаракат қиляпмиз ва бу бўйича тинимсиз ишлаяпмиз.

Айнан шундай маблағларнинг нотўғри ва ноўрин сарфланиши ва бировнинг кешбэкини биров ечиб қўймаслиги учун янгилик киритдик. Давлат солиқ қўмитаси орқали 1 млндан ортиқ кешбэк тўплаб, уни ечиб олмоқчи бўлсангиз, биз Face ID орқали ёки e-imzo орқали мажбурий идентификация масаласини киритдик ва кўпчилик буни сезди. Одамларда 1 миллион кешбэк йиғилиши учун ўртача 100 млн сўм атрофида харидни амалга оширган бўлиши керак. Шунинг учун улардан мажбурий идентификация сўрашни бошладик. Бу ҳам ҳимояни кучайтириш учун амалга ошириляпти.

Турли гуруҳлар томонидан эълон қилинаётган 10-15 та одамнинг рўйхати ҳам, эътибор қаратсангиз, турли гуруҳлардаги одамларнинг маълумотларини йиғиб чиқишяпти. Биз бу маълумотлар хавфсизлигини тўлиқ таъминлаганмиз. Базаларимизга кириш ҳозирча ҳеч кимнинг қўлидан келгани йўқ.

— Давлат солиқ қўмитаси ўз ихтиёридаги маълумотлардан тижорий мақсадларда фойдаланадими?

— Бу мақсадда ҳам биз албатта фойдаланишимиз мумкин. Бу борада давлат-хусусий шерикчилик бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинган. Давлат солиқ хизмати органларидаги маълумотлардан тижорий мақсадлар учун фойдаланиш фақатгина маълумот эгасининг розилиги билан амалга оширилиши мумкин. Агар унинг шахсий розилиги бўлмаса, ундан фойдаланиш қонун билан тақиқланган.

— Шахсий розилик иловани ўрнатаётганда бериладими?

— Энди у нарса ҳар хил бўлади. Фойдаланувчидан солиқ органларидаги мана бу, мана бу маълумотларимдан фойдаланишга рухсат бераман, деб ўзи босиб бериши керак. Агар босмаса, ундай фаолият ноқонуний бўлади.

***

Тўлиқ интервью билан ушбу видеода танишиб чиқишингиз мумкин.

Маълумот учун, “Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида назорат-касса техникасидан фойдаланишни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарорига мувофиқ, 2022 йил 1 январдан бошлаб, чакана савдо, умумий овқатланиш ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш объектлари томонидан тақдим қилинган харид чекини “Солиқ” мобил иловасидан рўйхатдан ўтказган фуқароларга умумий харид суммасининг 1 фоизи кешбек шаклида қайтарилмоқда.

Қўмита хабарига кўра, 2022 йил биринчи ярмида 1 097 625 нафар фуқарога 330,8 млрд сўм кешбек тўлаб берилган.

Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди.

Тасвирчи ва монтаж устаси – Муҳиддин Нидо.

*Dos ва DDos – хакерлар томонидан ҳужум қилинаётган сервер фаолиятини вақтинчалик тўхтатиб қўйиш мақсадида амалга ошириладиган ҳаракат.

Мавзуга оид